“Йўқ қилишнинг «инновацион» усули”: Урфга айланаётган дарахт “кўчириш” мавзусида экспертлар билан суҳбат
Сўнгги вақтларда дарахтларни кесиш – дарахтларни “кўчириб ўтқазиш” номи остида давом этмоқда. Бугун ўнлаб хусусий фирмалар дарахтларни кўчириб ўтқазиш амалиётини таклиф қиляпти. Лекин бу жараён қонунчилик билан тартибга солинмаган. Бирор норматив-ҳуқуқий ҳужжатда дарахтни кўчириш стандартлари белгиланмаган. Дарахтларни кесишга эълон қилинган мораторий ҳам четлаб ўтилиб, улар бир жойдан иккинчи жойга хоҳлаган тартибда олиб ўтилмоқда. Экофаоллар фикрича, тизимни зудлик билан тартибга солиш, иложи бўлса, амалиётни чеклаш керак. Бу дарахтлардан қутулишнинг «инновацион» усулига айланяпти.
Kun.uz’нинг навбатдаги кўрсатувида кўп йиллик дарахтларни кесишга нисбатан жорий қилинган мораторийни айланиб ўтиш сифатида кенг қўлланилаётган “кўчириш” амалиёти ҳақида гаплашамиз. Суҳбатдошларимиз экофаол Наргис Қосимова, Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ва дарахт кўчириш билан шуғилланаётган хусусий фирма раҳбари, тадбиркор – Бекали Исмаилов бўлади.
Экофаол Наргис Қосимова, Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, мораторий эълон қилиндими, дарахтларга умуман тегмаслик керак. Лекин давлатда аҳоли кўпаймоқда, табиийки, янги уй-жойлар, инфратузилма, ижтимоий соҳа объектларига талаб кундан кунга ошиб боради. Шундай шароитда мавжуд яшилликни ер билан яксон қилиш ўрнига дарахтларни кўчириб ўтқазиш амалиёти гўёки уларнинг яшаб қолиши учун битта имконият сифатида қаралади. Лекин аксарият буюртмачи қурувчилар кўчиришни дарахтлардан қутулиш усулига айлантириб юборди.
Мисолларда келишича, ҳаттоки, яшил макон акцияси доирасида экилган кўчатлар ҳам озгина вақт ўтар-ўтмас бошқа жойга кўчирилмоқда. Қайси жойга, қай тартибда, ким кўчиради – буларнинг бари савол остида қолиб кетяпти.
Худди шундай амалиёт билан профессионал тарзда шуғилланиб келаётган ташкилот раҳбари – Бекали Исмаилов фикрича, бугун хоҳлаган одам хоҳлаган усулида дарахт кўчирмоқда. Вақт, техника, кўчирилган дарахтларнинг табиатга интеграцияси, яшаб қолиши учун кафолат – иккиламчи масалаларга айланиб қолган. Кўчирувчилар ичида уй-жой қураётган фирмалар ҳам бор. Улар дарахтлардан осон қутулиш ниятида кўчиришдан фойдаланяпти.
Экофаол Қосимованинг қўшимча қилишича, махсус техникаларнинг ўзи етарли эмас. Табиат, дарахтлар ҳимоячиси фақат давлат эмас, жамият ва одамлар бўлиши керак. Давлатда аллергик, мавсумий ва бошқа турдаги касалликлар авж олган. Одамлар эса ўз соғлиғи учун ҳам яшилликни ҳимоя қилиши керак, дейди у.
Расул Кушербаевга кўра, афсуски, Ўзбекистон тўғри экосиёсат юритишда анча кечикди. Бундан ташқари, суҳбат давомида яна бир муаммо – дарахтларга муносабат мавзуси ҳам кўтарилди. Дарахтларнинг тагини бетонлаш – дунёнинг бирор жойида учрамайдиган ваҳшийлик, дейди экофаоллар.
Тўлиқ интервюни видеода томоша қилишингиз мумкин.
Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди
Мавзуга оид
18:02 / 04.12.2024
Қурилиш майдонларида атмосфера ҳавоси талабларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланади
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
16:47 / 22.11.2024