Ўзбекистон | 13:43 / 31.05.2024
6328
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда салкам 5 млрд сўмлик синтетик гиёҳванд моддалар аниқланди

Тошкент вилояти ИИББ ва Бўстонлиқ тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликдаги органлар билан ўтказилган тезкор тадбирда кўп миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситаларини тарқатиш мақсадида олиб кетаётган шахс ушланди. 

Фото: Видеодан кадр

Назорат тадбири давомида 33 ёшли фуқаро М.И. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳудудида гумонланиб текширилган. Унинг ёнида бўлган автомобил эҳтиёт қисми (редуктор) кўздан кечирилганда, эҳтиёт қисм ичига жойлаштирилган 12 та ўрамдаги, (“қора бозор”даги тахминий нархи 4 миллиард 800 миллион сўмга тенг) бўлган, экспертиза хулосасига кўра, 6 килограмм синтетик гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланган ва далилий ашё сифатида олинган.

Ушланган шахснинг яшаш хонадони текширилганида, синтетик воситаларни кичик миқдорга ажратиб, қадоқлаш ва тарқатиш учун керакли воситалар борлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 273 моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дастлабки суриштирувга кўра, унга ушбу синтетик гиёҳвандлик воситалари тегишли Telegram-бот ёрдамида Қирғизистондан водий вилоятлари орқали етказиб берилгани аниқланган. Ҳозирда ушбу синтетик гиёҳвандлик воситаларининг манбасини аниқлаш бўйича тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид