Ўзбекистон | 09:09 / 13.06.2024
22356
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда тўй кортежида машиналар йўл талашиб бир-бирига урилди

Куёв тўй сайли бошланишидан олдин ким у ўтирган машина орқасидан биринчи бўлиб етиб борса, ўша ҳайдовчига 200 доллар беришини ваъда қилган.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида ўтказилган тўй маросимида ҳайдовчилар йўл талашиб, атай ҳолатда бир нечта машиналарни тўқнаштиргани акс этган видеолавҳа тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 12 июн куни Кегейли туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган А.Н.нинг никоҳ тўйи ўтказилган. Куёв Нукус шаҳрида жойлашган “Кaravan saray” тўйхонасидан Mercedes машинасида тўй сайлига чиққан. Тўй кортежида жами 9 та машина Нукус шаҳридан Кегейли туманига қараб ҳаракатланган.

Фуқаро А.Н. тўй сайли бошланишидан олдин ким у ўтирган машина орқасидан биринчи бўлиб етиб борса, ўша ҳайдовчига 200 АҚШ доллар беришини ваъда қилган. Тўй сайлида қатнашган машиналар ҳайдовчилари кортеж Кегейли туманига етиб келгач, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, туманнинг Нурли қуёш кўчасида куёв ўтирган Mercedes ортидан йўл талашиб, бир-бири билан тўқнашган.

Ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув ишлари давомида тан жароҳати олган фуқаролар аниқланмаган. Тўй сайлида иштирок этган 9 та машина жарима майдонига қўйилиб, ҳайдовчиларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. 

Қайд этилишича, ҳозирда ҳайдовчиларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий иш қўзғатилган.

 

Мавзуга оид