Жаҳон | 19:46 / 16.06.2024
7780
7 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо жанубидаги амалиётларда доимий танаффуслар эълон қилди

Исроиллик ҳарбийлар Ғазо жанубидаги йўл бўйлаб амалга оширилаётган ҳарбий ҳаракатларда ҳар куни «тактик пауза» жорий этилганини маълум қилди, бундан мақсад у ерга инсонпарварлик ёрдамлари етказиб берилишига имконият яратишдир. Аммо, уларнинг сўзларига кўра, ҳали ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ҳақида гап кетмаяпти ва Рафаҳдаги амалиёт давом эттирилади.

Фото: Anadolu

Исроил мудофаа армияси вакилининг сўзларига кўра, бундай танаффуслардан биринчиси шанба куни бўлган.

Ҳарбий ҳаракатлардаги вақтинчалик танаффуслар, кейинги огоҳлантиришга қадар маҳаллий вақт билан соат 08:00 дан соат 19:00 гача амал қилади. Бу фақат Исроилнинг Ғазо билан чегарасидаги «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пунктидан шимолда, Салоҳиддин шоссесигача бўлган йўлга ҳамда шоссе бўйлаб Хон Юнус шаҳри ҳудудидаги Европа шифохонасигача бўлган ҳудудга тааллуқли бўлади.

Исроилнинг иттифоқчилари, биринчи навбатда Қўшма Штатлар Ғазода гуманитар вазият оғирлашмаслиги учун унга босим ўтказмоқда. Якшанба кунги эълон «БМТ ва халқаро ташкилотлар билан қўшимча муҳокамалар» ортидан берилди, дея хабар қилган ЦАҲАЛ.

Ғазога юклар етказишда ёрдам кўрсатувчи ActionAid агентлиги BBC’га маълум қилишича, уларда ушбу танаффуслар нимани англатиши бўйича «чалкаш» картина шаклланган.

«Биз бу тактик паузалар нимани англатишини ҳали ҳам тушуна олмаяпмиз, улар ёрдам нафақат Ғазо секторига олиб кирилишига, балки уни унга муҳтож бўлган тинч аҳолига хавфсиз тарқатилишига ҳам йўл қўядими», — деган ActionAid вакили Зиёд Исса.

Исроил томони фаластинликларга ёрдамнинг катта қисми Ҳамас тузилмалари хоҳишига кўра тақсимланиши, шунингдек маҳаллий аҳоли вакиллари томонидан инсонпарварлик ёрдамлари олиб кетаётган карвонларга ҳужумлар тез-тез учраб туришига эътибор қаратган.

ActionAid вакили сўнгги ҳафталарда «Керем-Шалом»дан Ғазога олиб кирилган ёрдам карвонлари «йирик ҳужумлар»га учраганига гувоҳ бўлганини айтган.

Миср билан чегарадаги «Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти ёпилгач, Ғазога ёрдам асосан «Керем-Шалом» орқали ўтмоқда

Исроилдаги нашрларга кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ғам, мудофаа вазири Йоав Галлант ҳам бу ҳақда эълон қилинмагунича гуманитар паузалар жорий этиш режаси ҳақида хабардор бўлмаган.

Нетаняҳунинг офисидагилар режа ҳақида фақат якшанба куни хабар топганини айтишган, бош вазир буни йўл қўйиб бўлмайдиган қарор деб атаган. Аммо уни Исроил мудофаа армиясининг ҳарбий ҳаракатлари мақсади ўзгармаслиги ва Рафаҳдаги жанглар «режа бўйича давом этиши»га ишонтиришган.

Исроилнинг ўта ўнг қарашларга эга миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир ҳам ҳарбий ҳаракатларда танаффус қилиш қарорини кескин танқид қилган.

Бир ойча муқаддам Исроил қўшини аҳолини эвакуация қилишга буйруқ бериб, шаҳарга кириб, Ғазо ҳамда Миср чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктини эгаллагач, Рафаҳни юз минглаб кишилар тарк этган.

Шундан буён муқаддам Ғазога инсонпарварлик ёрдамларининг катта қисми кириб келган чегара-назорат ўтказиш пункти ёпиқ қолмоқда.

Исроил Рафаҳдаги амалиёт Ҳамасни сўнгги йирик таянчидан сиқиб чиқариш учун зарурлигини айтади.

Халқаро агентликлар Ғазодаги оғир гуманитар вазиятдан огоҳлантириб, мунтазам равишда инсонпарварлик ёрдами ҳажмини оширишга чақириб келади.

Чоршанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейсус Ғазо аҳолисининг катта қисми «ҳалокатли очлик ва очарчиликни эслатувчи шароитлар»га дучор бўлганини айтган.

Озиқ-овқат ва гуманитар ёрдам ортилган машиналар Ғазо шаҳридан шимолда жойлашган Бейт-Лахия орқали ҳам анклавга кирмоқда

Гуманитар ташкилотларга кўра, ҳамон Ғазога етарлича ёрдам кирмаяпти.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълумотларига кўра, май ойида Ғазога кунига ўртача 97 та гуманитар юк ортилган машиналар кириб келган, бу миқдор ёнилғи ташувчиларни ўз ичига олмайди. Апрел ойида эса ўртача кунлик машиналар сони 169 та, мартда — 139 та бўлган, уруш бошланишидан олдин эса анклавга ҳар куни 500 та атрофида юк машинаси кирган (ёнилғи ташувчилар билан қўшганда).

Бошқарманинг қайд этишича, 7 майдан кейин «Керем-Шалом» назорат-ўтказиш пункти орқали хусусий ташкилотлар етказиб бераётган юкларни бевосита кузата олмаяпти.

Ёрдам кўрсатиш агентликлари бир неча марта Ғазода ёрдамни тарқатишдаги қийинчиликлар ҳақида хабар беришган. Жума куни БМТнинг болалар фонди ЮНИСЕФ BBC мухбирига барча ҳужжатлар борлигига қарамай, гуманитар юклар ортилган карвон Ғазога киришига рухсат берилмаган.

ЮНИСЕФ вакили, карвон билан бирга ҳаракатланган Жеймс Элдер бу одатий ҳолатга айланганини қайд этган. ЦАҲАЛ эса бунга жавобан ҳужжатлар керакли тарзда тўлдирилмаганини маълум қилиб, Элдерни рўй берган ҳодисанинг «тўлиқ картина»сини кўрсатмаганликда айблаган.

Исроил мудофаа армияси шанба куни Рафаҳда рўй берган портлаш оқибатида исроиллик саккиз нафар аскар ҳалок бўлганини маълум қилган. Бу жорий йил январидан буён Исроил армиясининг энг жиддий йўқотиши бўлди.

Портлаш Рафаҳнинг Тал ал-Султон туманидаги амалиёт чоғида рўй берган, бу ҳудуд сўнгги ҳафта давомида Исроил қўшини учун муҳим мақсадга айланганди.

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти пистирмадан туриб исроилликларнинг зирҳли транспортёри томон ракета учирилганини маълум қилган.

Нетаняҳу Ҳамасга қарши урушни давом эттиришга ваъда берган ва исроилликларни оғир ва даҳшатли йўқотишларга қарамай, ҳеч кимга «уруш мақсадларига содиқ қолиш кераклиги ҳақидаги аниқ ва оддий факт»дан чалғитишига йўл қўймасликка чақирган.

«Ҳамас ҳукумати ва ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш, гаровга олинганларнинг барчасини қайтариш, Ғазонинг Исроилга хавф туғдирмаслигини таъминлаш ва аҳолини шимолда ҳам, жанубда ҳам хавфсиз жойларга қайтариш», — дея санаган у бу мақсадлар сифатида.

Шу вақтга қадар мамлакатнинг шимолий ва жанубий қисмларида ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ўн минглаб кишилар хавф сақланиб қолаётгани туфайли қайта олмаяпти.

Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод этиш бўйича билвосита музокаралар давом этмоқда, шанба куни АҚШ томони Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант тез орада музокаралар учун Вашингтонга ташриф буюришини эълон қилди.

Ўтган ҳафтада Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини инкор этувчи Ҳамас АҚШ президенти Жо Байден томонидан таклиф этилган ҳамда Исроил томонидан қўллаб-қувватланган сулҳ режасини рад этиб, бир неча бандлар бўйича қарши талабларини илгари сурганди.

Мавзуга оид