Ўзбекистон | 07:18 / 18.06.2024
13236
1 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Бўстонлиққача бўлган йўлда янги туннел очилди

Тошкентда Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобил йўли кесишмасида янги туннел очилди. Энди Чорвоқ сув омбори томон кетаётган ҳайдовчилар чорраҳада тўхтаб туриши шарт эмас. 

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳридан чиқиш жойидаги Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобил йўли чорраҳасида қўшимча тармоқ йўллари қурилишининг биринчи босқичи якунланди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғлари ва Чорвоқ сув омбори томон ҳаракатланиш учун туннел очилди. Туннелдан ўтиш учун йўлдан ўнгга қараб кетиш керак.

Энди ҳайдовчилар чорраҳада тўхтаб туришлари шарт эмас, у ерда дам олиш кунлари светофорнинг бир неча ёниб-ўчишини кутишга тўғри келади, деб таъкидлади Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.

Қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш учун 4R12 йўлидан Янги Ўзбекистон кўчасига чиқиш ташкил этилди.

Туннел орқали оғир автомашиналар ва хавфли юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади. Улар чорраҳадан ўтишлари керак.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчилар эътиборини ҳаракат йўналишини кўрсатувчи белгилар мавжудлигига қаратди.

Мавзуга оид