Ўзбекистон | 14:01 / 19.06.2024
17528
4 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда профилактика инспектори кекса фуқаронинг уйи ва пулини ўзлаштириб олгани аниқланди

Профилактика инспектори ўз жиноятини яшириш мақсадида турар жойни ҳадя шартномаси орқали турмуш ўртоғига қайта расмийлаштириб берган. Ўзлаштириб олган пулига эса опасининг номига Lacetti сотиб олган. Прокуратура айбдорга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини адолатсиз ва ноқонуний деб топиб, уни бекор қилиш ҳақида протест келтирган.

Ижтимоий тармоқларда ЖИБ Нукус шаҳар суди судяси тергов органи томонидан қўйилган айбловларни асоссиз олиб ташлаб, ҳукм чиқаргани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мазкур жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан Нукус шаҳар ИИО ФМБ профилактика инспектори А.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан қўзғатилган.

“Терговда тўпланган далилларга кўра, профилактика инспектори А.М. ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилувчи кекса ёшдаги О.Е.нинг яқин қариндошлари йўқлиги ва ақли норасолигидан фойдаланиб, унинг мулкларини қўлга киритишни мақсад қилган. Инспектор гўёки Е.О. жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларини бузиб юргани тўғрисида 1-сон руҳий-асаб касалликлари шифохонаси раҳбарига билдиришнома ёзиб, мажбуран шифохонага жойлаштириб, уни уйидан чиқариб юборишга ва озодлигини чеклашга эришган.

Сўнгра, у О.Е.га қарашли турар жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни сохталаштириш орқали кадастр идораси ходими Ч.С. кўмагида қалбаки кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, турар жойни ўзининг номига расмийлаштирган. Профилактика инспектори қилган жиноятларини яшириш мақсадида турар жойни турмуш ўртоғи О.Д.га ҳадя шартномаси орқали қайта расмийлаштириб, Е.О.нинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилган.

Шунингдек, у жабрланувчи Е.О.нинг ожизлигидан фойдаланган ҳолда қўлга киритган банк пластик картасидаги пул маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган”, дейилади расмий муносабатда.

Қайд этилишича, инспектор О.Е.нинг банкдаги омонат ҳисобрақамида сақланаётган жуда кўп миқдордаги пулларини банк ходимларини гўёки эгасига бериш учун олаётганига ишонтириб, қўлга киритишга ҳам эришган. Сўнгра ушбу маблағга опасининг номига Lacetti машинасини харид қилиб, жиноий даромадларини легаллаштирган.

Тергов натижасига кўра, профилактика инспектори А.М.га Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари, 228-моддаси 3-қисми, 169-моддаси 4-қисми “а” банди, 243-моддалари ҳамда кадастр идораси ходими Ч.С.га 228-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

“Бироқ Нукус шаҳар суди судяси 2024 йил 7 июндаги суд ҳукмига асосан тергов органи томонидан А.М.га Жиноят кодексининг 169, 228, 243-моддалари билан қўйилган айбловларни асоссиз равишда олиб ташлаб, уни Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топган ҳамда 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда 2 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган.

Худди шундай, кадастр идораси ходими Ч.С.нинг айбловидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми “а” банди олиб ташланиб, у Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилган.

Бундан ташқари, суд ҳукми билан терговда жабрланувчи О.Е.нинг сохта ҳужжатлар асосида бегоналаштирилган турар жойи талон-торож этилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида ундирилган 180 млн 50,7 минг сўм пулларни судланувчига қайтариб бериш белгиланган”, дея таъкидланган прокуратура муносабатида.

Қўшимча қилинишича, прокуратура органлари томонидан апелляция муддатида иш ҳужжатлари ўрганилиб, мазкур суд ҳукми рўйи-рост асоссиз, адолатсиз ва ноқонуний деб топилиб, суд қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилган.

Мавзуга оид