Тошкентда ичимлик сувга машина ювган 63 ёшли аёл жаримага тортилди
Аёл водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузишда айбдор деб топилган. У судга ариза киритиб, катта миқдордаги жаримани тўлашга имкони йўқлигини билдиргач, унга ҳисобланган 3,4 млн сўмлик жарима суд қарори билан 680 минг сўмга ўзгартирилган.
Тошкент шаҳрида ичимлик сувга машина ювган аёл жаримага тортилди.
Kun.uz ўрганган суд қарорида келтирилишича, 1961 йилда туғилган Б.М. Яккасарой туманидаги яшаш хонадони олдида ўзининг шахсий машинасини тоза ичимлик сувдан фойдаланган ҳолда юваётгани аниқланган. Унга нисбатан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимлари томонидан 3,4 млн сўм жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Ҳуқуқбузар Б.М. судга ариза киритиб, катта миқдордаги жаримани тўлашга имконияти йўқлигини, нафақахўрлигини, қилган хатти-ҳаракатидан чин кўнгилдан пушаймон эканини билдирган. У суддан оилавий шароитини инобатга олган ҳолда жарима миқдорини камайтириб беришни сўраган.
Суд Б.М.нинг ҳаракати Жиноят кодексининг 163-моддаси 1-қисми (водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан тўғри малакаланган деб ҳисоблаган. Суд қарори билан унга нисбатан тайинланган 3,4 млн сўмлик жарима ўзгартирилган ва аёлга қилмиши учун БҲМнинг 2 баравари, яъни 680 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 163-моддасида водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш назарда тутилган. Унга кўра, водопровод тармоқларига (сув таъминоти тармоқларига) ўзбошимчалик билан уланиш ҳамда водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бошқача тарзда бузиш, ер ишлари ва бошқа ишларни бажараётганда водопровод тармоқларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, башарти бу ҳол уларнинг шикастланишига сабаб бўлса ёхуд совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек, бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 15 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мавзуга оид
16:35
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024