Спорт | 08:30 / 20.06.2024
13804
9 дақиқада ўқилади

Болқонча телбалик ва немис машинаси юриши. Евронинг олтинчи куни қандай ўтди?

Плей-оффнинг илк иштирокчиси маълум.

Хорватия — Албания: «шашкачилар»нинг юлдузли авлоди сўнмоқда

Хорватия – Албания 2:2
Голлар:
0:1 – 11 Лячи, 1:1 – 74 Крамарич, 2:1 – 76, автогол Клаус Гясула, 2:2 – Клаус Гясула 90+4.
Хорватия – Ливакович, Юранович, Шутало, Гвардиол, Перишич (Соса, 84), Модрич, Ковачич, Брозович (Пашалич, 46), Майер (Сучич, 46), Крамарич (Батурина, 85), Петкович (Будимир, 69).
Албания – Стракоша, Ҳюсай, Жимшити, Айети, Митай, Лячи (Гясула, 72), Байрами, Рамадани (Хожа, 85), Аслани, Асани (Сефери, 64), Манай (Даку, 85).
Огоҳлантиришлар: Ҳюсай (76), Ивушич (87).

Хорватия дастлабки турда Испанияга йирик ҳисобда (0:3) мағлуб бўлгач, мухлислар олдида ўзини оқлаши талаб этилаётганди. Бунинг учун рақиб мос эди — B гуруҳи аутсайдери Албания. «Шашкачилар» сўнгги иккита жаҳон чемпионатида топ-3 дан жой олишганди, аммо ишончли ғалаба ва плей-офф учун курашга қайтиш ўрнига яна бир бор очко йўқотди.

Албанлар Италияга қарши ўйинда бўлгани каби (1:2) тезда ҳисобни очишди — Казим Лячи 11-дақиқадаёқ дарвоза тўрини ишғол этди. «Бургутлар» бу сафар ҳисобдаги устунлигини узоқ вақт сақлаб туришди: қайсидир паллада улар ўйинни ғалабагача олиб боришига шубҳа йўқ эди — уларнинг дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар юзага келтирилмади, Доминик Ливакович эса бир неча бор хорватларни иккинчи голдан қутқариб қолди. Далич жамоаси жиддий ҳудудий устунликка эришди (ўйиннинг 61 фоиз қисмида тўпга эгалик қилинди), аммо бундан фойда чиқара олмади. Лука Модрич хатолар қилмоқда, Йошко Гвардиол ўзига бириктирилган рақибларни бўш қолдирмоқда, Иван Перишич эса қанот бўйлаб олдинга ташланмаяпти.

Фақат ўйин охирларига бориб Хорватия ниҳоят турнирдаги биринчи голини урди — Андрей Крамарич жарима майдони атрофида бошланган комбинацияни аниқ зарба билан якунлади. Бу 90 дақиқа давомида Албания ҳимоясида бўшлиқ пайдо бўлган кам сонли эпизодлардан бири эди. Икки дақиқа ўтмасдан Клаус Гясуланинг автоголи Златко Далич шогирдларини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Энди бу ўйинда «шашкачилар»нинг қийин ғалабаси қайд этилиши муқаррардек эди. Аммо қўшимча дақиқаларда Гясула айбини ювиб, ўйин давомидаги иккинчи камбэкни амалга оширди. У Евро тарихига захирадан майдонга тушган ҳолда икки томондаги дарвозага ҳам гол урган биринчи футболчи сифатида кирди.

Икки жамоа ҳам навбатдаги бор очко йўқотиб, плей-офф учун имкониятини янада камайтирди, аммо бутунлай йўқотгани йўқ. Бунинг учун сўнгги турда хорватлар Италияни, албанлар испанларни мағлуб этиш керак бўлади. Дуранг бўлса ҳам уйга қайтади, икки очко билан гуруҳдан чиқиб бўлмайди. 

Шу билан бирга, иккинчи тур доирасида Испания ва Италиянинг ўзаро ўйинда ғалаба қозонган жамоа плей-офф масаласи ҳал қилинганидан кейин 3-турга иккинчи таркибни тушириши ҳам мумкин ва бу рақибга қўшимча имконият бўлади.

В гуруҳида 2- ва 3-тур учрашувлари:

Испания — Италия, 20 июн, 00:00;
Хорватия — Италия, 24 июн, 00:00;
Албания — Испания, 24 июн, 00:00.

Германия — Венгрия: немис машинаси йўлида учраган рақибни босиб ўтмоқда

Германия – Венгрия 2:0
Голлар:
1:0 – 22 Мусиала, 2:0 – 67 Гундўған.
Германия – Нойер, Рюдигер, Та, Миттелштедт, Кроос, Гундўған (Ундав, 84), Андриҳ (Жан, 72), Виртц (Сане, 58), Киммиҳ, Ҳавертц (Фюллкруг, 58), Мусиала (Фюрих, 72).
Венгрия – Гулачи, Болла (Адам, 75), Фиола, Орбан, Дардаи, Керкез (Над, 75), Газдаг, Шаллаи (Чобот, 87), Над (Кляйнҳайслер, 64), Собослаи, Шафер, Варга.
Огоҳлантиришлар: Варга (23), Рюдигер (27).

Немислар биринчи турда Шотландия билан ўйиндаги карнавал (5:1) — тасодиф бўлмаганни исботлашди. Венгрия британларга қараганда фаолроқ қаршилик кўрсатишди, аммо барибир Европа чемпионати мезбонларидан иккита жавобсиз гол қабул қилиб олишди. Асосий қаҳрамон эса жамоа сардори Илкай Гундўған бўлди — у биринчи бўлимда Жамал Мусиалага ассистентлик қилди, танаффусдан кейин эса ўзи ҳам гол урди ва ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди. Мусиала эса Европа чемпионатларидаги дастлабки икки ўйинида гол урган энг ёш иккинчи футболчига айланди.

Мажористонликлар ўйиннинг айрим паллаларида яхшироқ кўринди, зарбалардан бири устунга тегди, бир гол офсайд туфайли ҳисобга олинмади, Киммиҳ тўпни дарвоза чизиғи устида тўхтатиб қолди, аммо ўйин тенг кечди дейиш қийин.

Стартдаги икки ғалабадан кейин Германия плей-офф масаласини ҳал қилди — Юлиан Нагелсманн шогирдлари энди ҳеч қанақасига иккинчи ўриндан пастга тушиб кетмайди. Венгрларнинг имконияти эса кескин пасайди: икки турдан кейин бирорта очко олмаган жамоа сўнгги турда шотландларни мағлуб этиши керак. Ғалаба ҳам жамоани гуруҳда максимум учинчи ўринга олиб чиқади ва қолгани бошқа гуруҳлардаги натижаларга боғлиқ бўлади. 

Шотландия — Швейцария: Шакирида уникал натижа

Шотландия — Швейцария 1:1
Голлар:
Мактоминей (13) — Шакири (26).
Шотландия – Ганн, Ралстон, Ҳэнли, Тирни (Маккенна, 61), Ҳендри, Робертсон, Макгрегор, Мактоминей, Гилмор (Маклин, 79), Макгинн (Кристи, 90), Адамс (Шенкленд, 90).
Швейцария – Зоммер, Видмер (Стергиу, 86), Родригес, Шер, Аканжи, Эбишер, Шакири (Эмболо, 60), Жака, Фройлер (Сиерро, 75), Варгас (Ридер, 75), Ндойе (Амдуни, 86).
Огоҳлантиришлар: Родригес (31), Мактоминей (51), Маккенна (68), Макгинн (71), Сиерро (86).

Шотландлар биринчи турдан кейин Еврога тасодифан келиб қолган жамоадек кўринаётганди — Германия уларнинг дарвозасини беш бор ўққа тутди, ягона жавоб голи эса немислар ҳимоячиси Антонио Рюдигер номига ёзилди. Швейцария миллий жамоасига қарши ўйинда британияликлар нисбатан яхшироқ кўринди: 13-дақиқадаёқ кўп ўйинларда жамоа жонига ора кирадиган тўпурар таянч яримҳимоячиси Скотт Мактоминай ҳисобни очди. Бу сафар ҳам тўп рақиб футболчиси орқали дарвоза тўрига бориб тушди, аммо гол зарба берган «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси номига ёзилди. Шундай қилиб, Шотландиянинг бу турнирдаги барча голлари рақиб ёрдамида урилмоқда, чунки швейцарияликлар бошқа гол ўтказишмади.

Кўп ўтмай Мурат Яқин шогирдлари жавоб қайтаришди — Жердан Шакири рақиб майдоннинг ўз томонидаги қисмида тўп йўқотишидан фойдаланиб, жарима майдони ташқарисида тўпга бир тегинишда дарвоза тўққизлигини ишғол этди. 

Энди Шакири элитага хос рекордга эга – у Швейцария миллий жамоасининг қаторасига учта Европа чемпионатларида гол урган биринчи футболчиси. Шунингдек, ушбу 32 ёшли яримҳимоячи охирги олтита йирик турнирда гол урган илк футболчи бўлди (учта Евро ва учта ЖЧ), бу унинг йирик турнирлардаги 10-голи бўлди. Ушбу ҳавбек бундай турнирларда Роберто Баджо (9), Робин ван Перси (9), Фернандо Торрес (9), Карим Бензема (7), Златан Ибраҳимович (6) ва Раул (6) каби юлдузлардан кўп гол урган. 

«Қизил хочлар»нинг яна бир голи офсайд туфайли бекор қилинди — иккинчи бўлимда Брил Эмболо яккама-якка вазиятга чиқиб борганди.

Лекин барибир шотландлар ғалабага яқинроқ эди. Иккинчи бўлим тўлиғича уларнинг устунлиги остида ўтди, аммо хавфли вазиятлар кўп бўлмади. Мактоминай дублни расмийлаштириши ҳам мумкин эди. Ўйин якунида у ҳаводаги тўпни тўхтатмасдан зарба йўллади, зарба йўлига ҳимоячи Рикардо Родригес тўғаноқ бўлди. 1:1 ҳисобида натижа сақланиб қолди ва швейцарлар амалда тўрт очко билан 1/8 финал масаласини ҳал қилди. Шотландия ва Венгрияга эса сўнгги турдаги ўзаро ўйинда фақат ғалаба ёрдам бериши мумкин, шунда ҳам имкон қадар йирикроқ ҳисобда ғалаба қозониш керак бўлади, ҳозирда икки жамоада ҳам тўплар нисбати «-4». Бошқа гуруҳлардаги учинчи ўрин вакилларида эса бу кўрсаткич анча яхшироқ бўлиши мумкин.

А гуруҳида 3-тур ўйинлари:

Швейцария — Германия, 22 июн, 00:00;
Шотландия — Венгрия, 22 июн, 00:00.

Мавзуга оид