Ўзбекистон | 17:18 / 20.06.2024
8239
3 дақиқада ўқилади

Дўстлик боғи ҳудудини ноқонуний эгаллаб олган қурилиш компанияси жаримага тортилди  

«Vinera Tower» МЧЖ Дўстлик боғи ҳудудидан 606 кв метр ер майдонни ноқонуний эгаллаб олган. Компанияга нисбатан БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима белгиланди. Журналист Қобил Хидировга кўра, бутун бошли халқ мулкини исталганча талон-торож қилаётганларга жазо чоралари кескин бўлиши керак.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган Яккасарой тумани Бобур кўчасида жойлашган Дўстлик боғи ҳудудининг ноқонуний тарзда эгаллаб олингани ҳақидаги мурожаат юзасидан Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган Дўстлик боғига (собиқ Бобур) туташ ҳудудда «Vinera Tower» МЧЖ номига 5273 кв метр ер майдони мулк ҳуқуқи сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Аммо МЧЖ томонидан ўзига тегишли 5273 кв метр ер майдонидан ташқари 2451 кв метр ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, тўсиқ билан ўраб қўйилган.

Шу билан бирга, МЧЖ томонидан ўзбошимчалик билан ўраб олинган 2451 кв метр ер участкасининг 606 кв метр ер майдони Дўстлик боғи ҳудудидан эгаллаб олиниб, айрим қисмида котлован қазилгани аниқланган.

«Ушбу ҳолат юзасидан «Vinera Tower» МЧЖ раҳбарига нисбатан МЖтКнинг 266-модда 1-қисмига мувофиқ Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасига берилган ваколатга асосланиб, МЖтКнинг 60-моддасида белгилаб ўтилган маъмурий жавобгарлик ҳолати бўйича таъсир чоралари қўлланди», дейилади расмий муносабатда.

Маълумот учун, белгиланган жарима БҲМнинг 30 баравари ёки 10 млн 200 минг сўмни ташкил этади.

Журналист Қобил Хидиров таъкидлашича, бутун бошли халқ мулкини исталганча талон-торож қилаётганларга жазо чоралари кескин бўлиши керак.

«Халққа тегишли бўлган боғнинг салкам 25 сотихини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, у ерда қурилиш қилаётган фирмага бор-йўғи маъмурий, яъни жарима жазоси белгиланишини шунчаки қабул қилиб бўлмайди. Бутун бошли халқ мулкини исталганча талон-торож қилаётганларга жазо чоралари кескин бўлиши ва энг асосийси ноқонуний эгаллаб олинган ерлар халқнинг ўзига, яъни боғ ҳудудига қайтариб берилиши лозим», дея ёзди Қобил Хидиров.

Аввалроқ, Тошкент шаҳри марказидаги Дўстлик ва Абдулла Қодирий боғлари инвесторга берилгани хабар қилинганди. Бу боғларни 49 йилга Чилонзордаги Ғафур Ғулом боғини Dream Park'ка айлантирган BMP Smart Decision ижарага олган.

Компаниянинг маълум қилишича, ҳар иккала боғ узоғи билан 3 йил ичида реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилади. Дўстлик боғига ўнга яқин аттракционлар ўрнатиш режа қилинган. Абдулла Қодирий боғида эса аттракционлар бўлмаслиги, лекин бир нечта ресторан қурилиши айтиляпти.

Таъкидлаш керак, охирги йилларда ҳар иккала боғ ҳудудининг айрим қисмлари сотилиб кетган, бу ерларда аллақачон бинолар ҳам қуриб бўлинган. Парклар хусусий қўлларга ўтгани маълум бўлгач, кўплаб фаоллар бунга қарши эканини билдирди.

Мавзуга оид