Ўзбекистон | 12:31 / 21.06.2024
22164
4 дақиқада ўқилади

"Фермернинг мулки худди кўча безорилари каби тортиб олиняпти". Кун тартибига чиққан масала ҳақида суҳбат

Мамлакатда ғалла ўрими давом этмоқда. Лекин фермер ва деҳқонларга бўлаётган босимлар, ҳосилнинг ортидан тушган “давлат ходимлари”нинг ҳаракатлари норозиликларни келтириб чиқаряпти. Kun.uz айни масалани экспертлар билан таҳлил қилди. Суҳбатдошлар фикрича, бўлаётган воқеаларнинг ортида катта коррупцион ҳаракатлар, шахсий манфаатларга давлатни ниқоб қилиш, лавозимидан фойдаланган ҳолда бойиш мақсади ётибди. Бу фермерлар орасида давлатга бўлган ишончни сусайтириб, қонунсизликни авж олдиради.

Баҳорнинг сўнгги кунларидан ижтимоий тармоқларни яна фермер-у деҳқонларнинг оҳ-воҳига тўла видеолар тўлдира бошлади. Масалан, Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида ғалла ўримини бошлаган фермер қаршиликка учради. Далага борган ИИБ ходими, сектор раҳбари муовини ва бошқалар унинг фаолиятига аралашиб, ўримни тўхтатиб қўйди. Худди шундай ҳолат Хоразмда ҳам такрорланган.

Собиқ депутат Расул Кушербаев фикрича, бу каби хатти-ҳаракатлар – ибтидоий жамоа тузумидаги қонунсизлик, босқинчилик ва талон-тарожни эслатади. Оқибатда эса зарар ва жабр кўрган дала аҳлининг ўзи бўлади. Қаршиликлар ва аралашувлар фермерларнинг бойимаслиги, кейинги экиш ишларига кечикиши ва ҳосилдан айрилишига хизмат қилади, дейди Кушербаев.

Агробизнес уюшмаси раҳбари Икромовга кўра, қонунчилик нуқтайи назаридан фермерлар фаолиятига аралашув тақиқланган. Бироқ амалиётда улар эркин эмас. Бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экканлар нисбатан эркин, лекин ғаллага келганда ҳосилнинг доим эгалари пайдо бўлади. Бу эса фермерлар зарарига ўйнаб, ҳосилдан қуруқ қолишга, кўзланган фойдани ололмасликка сабаб бўлади.

Бундан ташқари, суҳбатда ўрим учун энг муҳим бўлган комбайн ва унинг эгаларига муносабат ҳам муҳокама қилинди. Суҳбатдошларнинг фикрича, Ўзбекистонда яқин 4-5 йилда комбайнлар инқирози юз беради. Чунки ҳар бир одам бу турдаги техникани ўзи сотиб олади, кредитга олган тақдирда ҳам уни ўзи сўндиради. Лекин улар комбайнига ўзи эгалик қилолмайди. Ғалла ўримини бошладим дегунча, унга раҳбарлар кўпаяди. Бу эса техника эгаларининг ҳафсаласини пир қилмоқда. Яқин йилларда ҳеч ким пулини комбайнга тикмайди ва ғаллани қўлда ўришга мажбур бўлиб қолишимиз мумкин, дейди Камолиддин Икромов.

Хоразмлик деҳқон Исломбек Ражапов ўтган йили худди шундай «рейдерлик» қурбони бўлган. Ўтган октябр ойида тадбиркордан ижарага ер олиб фаолият юритаётган деҳқон буғдой эккан. Шу кунларда ғалла ўримини бошлаган деҳқоннинг олдига Хоразм вилояти Урганч тумани ИИБ бошлиқ муовини, участка инспектори ва ЙПХ ходими келиб, ғалла ўримини тўхтатишни ҳамда белгиланган миқдордаги буғдойни тезда давлатга топширишни талаб қилган.

“Агар ички ишлар алоҳида ҳокимият бўлса, биз фақат унга бўйсунайлик. Ўзбекистонда фермер ва деҳқонлар хор бўлмоқда. Яна 3-4 кун кечиксам, ҳосилдан ҳам, фойдадан ҳам айриламан. Қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларининг қонундан хабари борми ўзи, нега бизнинг конституцион ҳуқуқларимиз таъминланмайди? Унда ҳужжат қабул қилгандан нима наф?” дейди деҳқон Ражапов.

Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев фикрича, бу – босқинчилик ва энг ачинарлиси, бу босқинчиликни давлат ходимлари, «форма» кийганлар қилмоқда. Чунки улар қўрқоқ, ўз ишини ва лавозимини йўқотмаслик учун берилган топшириқларни ҳам кўр-кўрона бажаради. Масаланинг яна бир қизиқ томони, республика даражасидаги раҳбарларнинг бунга кўз юмиши. Балки коррупцион схема қуйидан бошланиб, республика даражасигача етгандир, дейди Кушербаев.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид