Спорт | 07:04 / 21.06.2024
21377
7 дақиқада ўқилади

Ҳуштакбозликка учраган инглизлар ва автогол номли тўпурар. Еврода еттинчи кун якунлари

Германия ортидан Испания ҳам плей-офф йўлланмасини кафолатлади.

20 июн куни 2024 йилги Европа чемпионатининг еттинчи кунида B ва C гуруҳларида жами учта ўйин бўлиб ўтди. Сиёсий можаро билан ўралашиб қолган серблар охирги сонияларда ҳисобни тенглаштирувчи голни уришди, инглизлар прагматик ўйинини намойиш этишда давом этмоқда, испанлар турнир ғолиблиги учун асосий фаворитлар қаторида эканини яна бир бор исботлашди.

Словения — Сербия: югослав дербисида яна дуранг

C гуруҳи. 2-тур
Словения – Сербия 1:1
Голлар:
1:0 – 69 Карничник, 1:1 – 90+5 Йович.
Словения – Облак, Стоянович (Вербич, 76), Карничник, Дркушич, Бийол, Янжа, Гнезда-Черин, Элшник (Брекало, 90), Шпорар, Шешко (Випотник, 76), Млакар (Горенц-Станкович, 64).
Сербия – Райкович, Велькович, Миленкович, Павлович, Младенович (Гачинович, 46), Лукич (Милинкович-Савич, 64), Илич, Живкович (Бирманчевич, 82), Тадич (Самарджич, 82), Митрович, Влахович (Йович, 64).

Бу сафарги Европа чемпионатида ҳам спорт сиёсатдан холи бўлмаяпти. Словенияга қарши ўйин олдидан шовқин кўтарилди — аввалига Сербия футбол федерацияси сўрови билан УЕФА албаниялик журналистнинг аккредитациясини бекор қилишига тўғри келди, чунки у сербиялик фанатлар томон бургут қанотлари шаклидаги сиёсий жест кўрсатганди. Бунинг ортидан янада кенг кўламли можаро кузатилди — Хорватия ва Албания ўйинида икки жамоа мухлислари «сербларни ўлдириш»га чақиришди.

Сербия футбол федерацияси агар бу мухлисларга чора кўрилмаса, турнирни тарк этиш билан таҳдид қилди, аммо барибир словенияликлар билан ўйинни ўтказиш керак эди.

Ва серблар майдонга тушишди. Бетараф мухлислар учун ёқимли жамоага айланган Словения бу сафар ҳам ўзидан кучлироқ саналган рақибга нисбатан яхшироқ ўйнади. Жамоа ўйинни тўлиқ назорат қилди ва 69-дақиқада Жан Карничник Тими Элшникнинг узатмасидан ҳисобни очди. Сербия эса бутун ўйин давомида рақиб жарима майдонига кира олмади. Ҳисоб фақат қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида урилди. Иван Иличнинг бурчакдан ошириб берган тўпини Лука Йович бош билан дарвоза тўрига йўллади ва сербларни мағлубиятдан қутқариб қолди. Бу гол Евро тарихида натижага таъсир қилувчи энг кеч урилган голга айланди.

Сербияни олдинда Дания кутмоқда. Агар скандинавлар устидан ғалаба қозонилмаса, гуруҳдан чиқиш учун имконият бўлмайди. Қолаверса, болқонлар данияликларга қарши ўйинга хотиржам тайёрланиши ҳам қийин, жамоа атрофида кескинлик кучайиб бормоқда.

Дания – Англия: Саутгейтнинг ухлатувчи ўйини

Дания – Англия 1:1
Голлар:
0:1 – 18 Кейн, 1:1 – 34 Юлманн.
Дания – Шмейҳел, Мэле, Вестергор, Кристенсен, Андерсен, Кристиансен (Ба, 57), Эриксен (Олсен, 82), Ҳейберг, Юлманн (Нергор, 82), Винд (Дамсгор, 57), Ҳойлунд (Поулсен, 67).
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Триппиер, Александер-Арнолд (Галлаҳер, 54), Райс, Фоден (Боуэн, 69), Беллингҳем, Сака (Эзе, 69), Кейн (Уоткинс, 70).
Огоҳлантиришлар: Вестергор (27), Галлаҳер (61), Мэле (73), Нергор (87).

Гарет Саутгейт Сербия билан ўйиндан (1:0) кейинги танқидлардан кичик хулоса чиқарди ва Фил Фоденни унга бегона бўлган чап қанотдан ҳужумчи ортига қайтарди. Аммо бу жамоа ўйинини кучайтириб қўймади: Жуд Беллингҳем фаолиятидаги энг ёмон ўйинларидан бирини ўтказди, Деклан Райс ўзига хос бўлмаган даражада кўп хато қилди, Букайо Сака ўнг қанот бўйлаб хавфли рейдлар уюштира олмади, мажбуран чап қанот ҳимоясида туширилаётган Киран Триппиер ҳужум. Жамоа ўйини 1-турда бўлгани каби нурсиз чиқди, қолаверса бу сафар минимал ғалабани сақлаб қолишнинг ҳам имкони бўлмади. Ҳарри Кейннинг голига биринчи бўлимдаёқ узоқ масофадан кучли зарба йўллаган Мортен Юлманн жавоб қайтарди (1:1).

Ҳисоб тенглашганидан кейин ўйинни кузатишда давом этишнинг ҳожати қолмади, Саутгейт энди дуранг ҳисобни ушлашни истагандек ҳаракат қилди. Моҳиятан дуранг ҳисоб инглизларни қониқтирарди, жамоа амалда тўрт очко билан гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилди. Аммо ўйиндан кейин трибуналар инглизларни ҳуштакбозликлар остида кузатиб қўйишди. Мураббийни навбатдаги танқидлар ёмғири кутмоқда.

С гуруҳида 3-тур учрашувлари

Англия — Словения, 25 июн, 00:00;
Дания — Сербия, 25 июн, 00:00.

Испания ҳам плей-офф масаласини ҳал қилди

Испания — Италия 1:0
Гол:
Калафиори (55, автогол).
Испания – Симон, Карваҳал, Лапорт, Ле Норман, Кукуреля, Руис (Мерино, 90+4), Родри, Педри (Алекс Баэна, 71), Уилямс (Перес, 78), Ямал (Ферран Торрес, 71), Мората (Ойарсабал, 78).
Италия – Доннарумма, Ди Лоренцо, Бастони, Калафиори, Димарко, Жоржинио (Кристанте, 46), Барелла, Фраттези (Камбиязо, 46), Пеллегрини (Распадори, 82), Кеза (Заккани, 64), Скамакка (Ретеги, 64).
Огоҳлантиришлар: Доннарумма (15), Родри (45+2), Кристанте (46), Ле Норман (69), Карваҳал (90+5). 

Испанлар ва италянлар тўқнашуви азалдан Европа футболи классикаси саналади — бу жамоалар Европа чемпионатларининг ўзида саккиз бор тўқнаш келишган. Уларнинг навбатдаги ўйини Евро-2024 тури безагига айланиши кутилаётганди — «Қизил фурия» ва «Скуадра адзурра» турнир дебютидаги кучли ўйинлари билан шунга ваъда қилаётганди.

Аммо амалда барчаси бошқача кечди. Биринчидан, Луис Де ла Фуэнте қўли остида ўйин услубини бутунлай ўзгартирган испанлар бир соат давомида италянларга ўйин бермади. Лучано Спаллетти шогирдлари тўпга эгалик қила олмади ва ҳужумларни қайтариш билан банд бўлди, Европанинг амалдаги чемпионлари бундай ўйин билан титулни ҳимоя қила олмаслиги аниқ.

Иккинчидан, бундай кучли босим ва тўлиқ устунликка эришганига қарамай, испанлар гол ура олишмади. 20 зарба ва кутилган голлар бўйича роппа-роса 2 xG қайд этилганига қарамай, жамоа вазиятлардан фойдаланишда оқсамоқда. Шундай паллада жамоага автогол ёрдамга келди — турнирдаги бешинчи автогол Калафиори номига ёзилди. У Доннарумманинг саъй-ҳаракатларини йўққа чиқариб, ундан қайтган тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Италиялик посбон ўйин давомида саккиз бор сэйв амалга оширди, аммо жамоадошлари уни уялтириб қўйишди.

Энди италянлар плей-оффга чиқиш учун сўнгги турда хорватларни енгиши керак бўлади. Ўз навбатида, «шашкачилар» олдида ҳам худди шундай вазифа турибди — шундай экан плей-оффга чиқиш ва титулни ҳимоя қилиш «Скуадра адзурра» учун осон бўлмайди. Плей-офф масаласини ҳал қилган испанлар эса ҳозирча мезбонлар билан биргаликда турнирнинг энг яхши икки жамоасидан бири бўлиб турибди.

B гуруҳида 3-тур учрашувлари

Хорватия — Италия, 24 июн, 00:00;
Албания — Испания, 24 июн, 00:00.

Мавзуга оид