Иқтисодиёт | 16:35 / 22.06.2024
6022
2 дақиқада ўқилади

Биржа Алоқабанк акциялари сотувини тўхтатди

Банк акциялари сотуви тўхтатилиши муомаладаги акцияларининг бўлиниши, кейинчалик банкнинг ўз капитали ҳисобига қўшимча акциялар жойлаштирилиши билан боғлиқ.

Фото: aloqabank.uz

“Тошкент” Республика фонд биржаси Алоқабанк тижорат банкининг оддий ва имтиёзли акциялари сотуви 2024 йил 21 июндан тўхтатилганини эълон қилди. Биржа хабарига кўра, бу банкнинг муомаладаги кичик акцияларини бўлиш, шунингдек, банкнинг ўз капитали ҳисобидан акциялар қўшимча акциялар жойлаштириши билан боғлиқ.

Бу Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг 2024 йил 20 июндаги хабарига мувофиқ амалга оширилган.

Корпоратив ахборот ягона порталида эса 27 июн куни Алоқабанк акциядорларни йиллик умумий йиғилишга чақириб эълон жойлаган. Кун тартибидан Алоқабанкнинг жойлаштирилган акцияларини майдалаш ва акциялар номинал қийматини ўзгартириш, унинг олдинги акциялар чиқарилишларини бекор қилиш ҳамда эълон қилинган акцияларининг янги сонини белгилаш ва тасдиқлаш, шунингдек, банкнинг янги акциялари чиқарилиши тўғрисида қарор қабул қилиш ва  Алоқабанк акциялари янги чиқарилишини жойлаштириш тартибини тасдиқлаш каби масалалар ўрин олган.

Шунингдек, унда Алоқабанк томонидан “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида барпо этилган бинони сотиш ҳам кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирида “Tashkent city”да жойлашган давлатнинг учта банки – Ўзсаноатқурилишбанкнинг 33 қаватли, Асакабанк ва Алоқабанкнинг 26 қаватли бинолари (бизнес марказлар) сотилиши эълон қилинганди

Сотувга қўйиладиган Алоқабанкнинг 26 қаватли биноси майдони 81,439 кв метрни ташкил этади. 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида Алоқабанк биносининг лойиҳа қиймати 100 млн доллар, Асакабанк биноси лойиҳа қиймати эса 102 млн доллар, Ўзсаноатқурилишбанк биносининг лойиҳа қиймати 137 млн долларга баҳоланган.

Мавзуга оид