Ўзбекистон | 12:40 / 22.07.2024
3830
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги ташаббус йўлга қўйилди

Startup Garage ташаббуси доирасида мамлакатда инновациялар ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган стартап лойиҳаларга сармоя жалб қилишда ёрдам берилади. Шунингдек, ҳар бир лойиҳада камида 10 та янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.

Кеча, 20 июль куни Ўзбекистонда биринчи Startup Garage лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу ташаббус Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларга сармоя жалб қилишда кўмаклашиш ва ҳар бир лойиҳада камида 10 та янги иш ўрни яратиш мақсадида йўлга қўйилди. 

Startup Garage доирасида йилига 20 дан ортиқ стартап лойиҳани қўллаб-қувватлаш ҳамда бу орқали Ўзбекистоннинг технологик ва иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиш режалаштирилган. 

Startup Garage асосий эътиборни янги технологиялар, сунъий интеллект ва инновацион ғояларни ривожлантиришга қаратган. Ушбу ташаббус ҳозиргача бешта лойиҳани ўз ичига олган: Magicbot — SaaS B2B e-commerce платформаси. Humocommerce — тижорат ва чакана савдо тизимлаштириш платформаси. Pulse EV — электр транспорт воситалари учун зарядлаш станциялари ўрнатувчи ва ишлаб чиқарувчи компания. Ish.uz — иш қидириш ва кадрлар ёллаш платформаси. Vamar TMS — транспорт менежмент тизими.

Startup Garage иштирокчиларни зарурий ресурслар ва тажрибали мураббийлар билан таъминлайди. Шунингдек, лойиҳа орқали стартаплар учун сармоя жалб қилиш, йирик молиявий институтлар билан алоқа ўрнатиш, бошқа стартаплар билан тажриба алмашиш ва ҳамкорлик қилиш ҳамда реклама ва маркетинг бўйича ёрдам олиш мумкин. 

Startup Garage Рақамли технологиялар вазирлиги, АлоқаБанк, Aloqaventures ва Mohirdev томонидан ташкил этилган бўлиб, ушбу ташаббус яна бир қатор йирик банклар ва молиявий ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланмоқда. 

Startup Garage’га қўшилиш учун startupgarage.uz сайтида рўйхатдан ўтиш ёки +998770475753 рақамига қўнғироқ қилиш талаб этилади.

Мавзуга оид