Депутат ва сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари кўпаймоқда
Эндиликда депутат тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календар йил ичида ўттиз ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаса, бу унинг ваколатларини муддатидан илгари тугатишга асос бўлиши мумкин.
Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, қонун билан сиёсий партияларни молиялаштириш, давлат маблағларининг сиёсий партиялар ўртасида тақсимланиши тартибини, Қонунчилик палатаси депутатларининг, Сенат аъзоларининг ва маҳаллий вакиллик органлари депутатларининг ваколатларини муддатидан олдин тугатиш асосларини белгилашни, шунингдек, ўз вазифаларини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун уларга нисбатан тартибга солиш чораларини аниқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенаторларга кўра, ушбу қонун билан жамият учун муҳим бўлган ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилинишида ҳамда жамиятнинг ривожланишига қаратилган муҳим масалалар ечимида депутат ва сенаторларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган ўзгаришлар киритиляпти. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонунда депутат ва сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш асослари кучайтирилмоқда.
Киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ:
— депутат Сенатда доимий асосда ишловчи сенатор ҳақ тўланадиган тегишли турдаги фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисида огоҳлантириш олганидан кейин ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият (илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланган тақдирда;
— тегишли палата, сиёсий партия фракцияси, ўзи таркибига сайланган қўмита, комиссия фаолиятида бир календар йил ичида ўттиз ёки ундан ортиқ иш куни узрли сабабларсиз иштирок этмаганда;
— чет давлатнинг доимий яшаш гувоҳномасини ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни олганда;
— партия рўйхати асосида сайланган депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия аъзолигидан чиққанда депутат ёки сенаторнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.
Шунингдек, депутат ёки сенатор томонидан ўз вазифаларини ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузганлиги учун бир қатор чоралар белгиланяпти. Хусусан, огоҳлантириш, тегишли мажлисларида узр сўрашни талаб қилиш, йўл қўйилганлиги фактини палата мажлисида ўқиб эшиттириш, иш ҳақидан ушлаб қолиш ва депутат ёки сенатор ваколатларини муддатидан илгари тугатиш каби чоралар қўлланиши назарда тутилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
15:48 / 20.11.2024