Спорт | 08:34 / 27.06.2024
33603
11 дақиқада ўқилади

Кутилмаган тўпурар, карточкалар бўйича рекорд ва норози Роналду. Еврода кун ўйинлари якунлари

Роналду яна гол уролмади ва сариқ карточка олди.

Фото: Getty Images

Евро-2024 турнирида гуруҳ босқичи поёнига етди. Сўнгги кун кутилганидек воқеаларга бой кечди. Қуйида анъанавий дайжестда куннинг асосий воқеалари келтириб ўтилади.

Евро-2024. E гуруҳи. 3-тур

Словакия ва Руминияда кутилган дуранг

Словакия – Руминия 1:1
Голлар:
1:0 – 24 Дуда, 1:1 – 37, пенальти Марин.
Словакия – Дубравка, Пекарик, Шкриньяр, Вавро, Ганцко, Куцка, Лоботка, Дуда, Гараслин (Суслов, 70), Шранц (Дюриш, 78), Стрелец (Боженик, 70).
Руминия – Ницэ, Рациу, Буркэ, Дрэгушин, Банку, Хаджи (Ман, 66), Станчу, Марин (Рус, 86), Марин, Дрэгуш (Пушкаш, 67), Коман (Сореску, 58).
Огоҳлантиришлар: Буркэ (45+1), Банку (45+3), Пушкаш (88).

Бу жамоаларнинг иккисини ҳам плей-оффга чиқиш учун дуранг ҳисоб қониқтирарди. Амалда ҳам улар шундай ҳисобни қайд этишди. Лекин ўйин курашларга бой кечди. 24-дақиқада Ондрей Дуда словакларни ҳисобда олдинга олиб чиқди, жавоб голи эса 13 дақиқа ўтиб урилди. Ва бу гол анча ғалати тарзда урилди. Кўпчилик руминлар нима учун пеналти тепиш имкониятини қўлга киритганини тушунмади.

Арбитр Даниэл Зибертнинг қарори баҳсли эди: Давид Ханцконинг Янис Хажига ишлатган фоли жарима майдони ташқарисида амалга оширилгандек кўринди.

Афсонавий футболчининг ўғлининг йиқилиши ҳам шубҳали эди.

Лекин нима бўлганда ҳам Рэзван Марин пеналтини аниқ ижро этди, бу руминларнинг ҳозирги Евродаги тўртинчи голи бўлди — улар йирик турнирларда бундан кўпроқ голни фақат 1994 йилги мундиалда уришган. Ўшанда жамоа чорак финалга қадар етиб бориб, турнир давомида жами бешта гол уришганди.

Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар дуранг ҳисобни асраш ҳақида ўйлашмади. Айниқса словаклар кўпроқ ҳужум уюштирди ва кўплаб хавфли вазиятларни йўққа чиқарди, 90 дақиқа давомида жами 13 бор зарба беришди. Лекин ўйин охирларига бориб икки жамоа ҳам ўзига маъқул натижага рози бўлди ва ортиқча таваккалчиликка йўл қўймади. Руминия ўз тарихида илк бор Евро плей-оффига биринчи ўрин билан чиқди ва энди кейинги босқичда Нидерландия билан учрашади. Словакия тўплаган тўрт очко эса фақат учинчи ўринни эгаллашга имкон берди — уларнинг кейинги рақиби Англия бўлади.

Украина — Белгия: кам кузатиладиган вазият

Украина – Белгия 0:0
Украина – Трубин, Тимчик, Сваток (Ярмоленко, 81), Матвиенко, Забарний, Миколенко (Зинченко, 58), Шапаренко (Ванат, 70), Судаков, Бражко (Степаненко, 70), Яремчук (Малиновский, 70), Довбик.
Белгия – Кастельс, Кастань, Вертонген, Фас, Теате, де Брюйне, Тилеманс (Мангаля, 62), Онана, Троссард (Карраско, 62), Доку (Бакайоко, 77), Лукаку.

E гуруҳида шундай вазият юзага келгандики, сўнгги тур арафасида учта жамоани ҳам дуранг натижа қониқтирар, фақат Украина ғалаба учун ўйнашга мажбур эди. Белгияликлар эса ўйинни максимал даражада эҳтиёткорлик билан олиб боришди. Ушбу юлдузли жамоа биринчи бўлим давомида тўпга эгалик қилганига қарамай, фақат уч бор зарба берди ва шундан фақат биттаси дарвоза соҳасига тўғри борди. Украина эса рақиб дарвозаси атрофида фаолроқ бўлди — нима бўлганда ҳам улардан гол уриш талаб этиларди.

Финал ҳуштаги чалинишига оз вақт қолгани сайин украинлар тўлиқ куч билан олдинга ташланишди, белгияликлар эса янада секинлашди ва умуман ҳужум қилишга ҳаракат қилмади. Айрим вазиятларда тўпни бурчак байроқчаси олдида ушлаб, вақт чўзишди: E гуруҳи фаворитларидан ҳеч ким плей-офф йўлланмасини сақлаб қолиш учун бундай йўл тутишини кутмагани аниқ.

Сариқ-кўклар жамоаси ўйин охирларида янада ҳужумкор схемага ўтишди ва бир неча хавфли эпизодлар яратишди: Руслан Малиновский икки марта узоқ масофадан яхши зарба йўллади, украинларнинг яна бир неча уринишлари жарима майдони ичига тиғиз жойлашган рақиб томонидан тўсилди. Якунда Украина Европа чемпионатида 24 жамоа иштирокидаги форматда тўрт очко билан ҳам плей-оффга чиқа олмаган илк жамоа бўлди. Белгия эса голсиз дуранг туфайли иккинчи ўринда қолди — энди жамоа 1/8 финалда Франция билан ўйнашга мажбур.

F гуруҳи. 3-тур

Гуржистон — Португалия: Роналду яна гол уролмади

Грузия — Португалия 2:0
Голлар: Кварацхелия (2), Микаутадзе (57, пеналти). 
Грузия – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Гвелесиани (Кверквелия, 76), Двали, Лочошвили (Цитаишвили, 63), Китейшвили, Кочорашвили, Чакветадзе (Меквабишвили, 81), Кварацхелия (Давиташвили, 82), Микаутадзе.
Португалия – Кошта, Далот, Инасиу, Антониу Силва (Семеду, 66), Данилу, Палиня (Рубен Невеш, 46), Жоау Невеш (Нунеш, 75), Феликс, Консейсау, Роналду (Рамуш, 66), Нету (Жота, 75).
Огоҳлантиришлар: Роналду (28), Нету (44), Рубен Невеш (53), Меквабишвили (85).

Португалия иккинчи турдан кейиноқ гуруҳдаги биринчи ўринни кафолатлаб қўйганди, шу туфайли бош мураббий таркибда жиддий ротацияга қўл урди. Аммо шунда ҳам Гуржистон гол ўтказмасдан ғалабага эришганини — ҳақиқий сенсация деб аташ мумкин. Вилли Саниол шогирдлари иккинчи дақиқадаёқ ҳисобни очишди: асосий таркибда илк бор ўйнаган Антониу Силва майдон марказида тўпни Жорж Микаутадзега топширди. «Метц» форварди қарши ҳужум уюштирди ва Хвича Кварацхелияни қулай вазиятга чиқарди.

Микаутадзе — Евродаги дебют уч ўйинида ҳам голли ҳаракат ижро этиб, бу борада 2016 йилги Еврода Гарет Бэйл қайд этган натижани такрорлади. Иккинчи бўлимда эса гуржистонлик форвард ўзи ҳам гол урди — у бош ҳакам Сандро Шерер видеотакрордан кейин белгилаган пеналтини аниқ ижро этди. Шу тариқа, Жорж жамоасининг турнирдаги барча тўрт голида иштирок этди ва Евро тарихида гуруҳ босқичининг барча учрашувларида гол урган тўққизинчи футболчи бўлди. У айни вақтда 3 гол билан турнирда энг яхши тўпурар бўлиб турибди.

Португаллар тўпга тўлиқ эгалик қилганига қарамай, Георгий Мамардашвили дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар яратишга қийналди — жами беш бор тўп дарвоза соҳасига тўғри борди, аммо дарвозабон барча вазиятларда ўз ишини бажарди. Гуруҳ босқичида у 21 сейв амалга оширди — бу Евро рекорди такрорланиши.

Йирик турнирларда европалик футболчилар учун рекорд даражадаги 50-ўйинида қатнашган Криштиану Роналду эса 66-дақиқада захирага олинди. Бу сафар ҳам гол ура олмаган Криш майдонни эрта тарк этганидан норози бўлганини ошкора намойиш этиб, захира ўриндиғи ёнидаги бутилкани тепиб юборди. У фаолиятида илк бор йирик турнирлар гуруҳ босқичида гол ура олмади.

Ўйинда ҳисоб ўзгармади ва Гуржистон Евродаги илк иштирокидаёқ плей-оффга йўлланма олди. Кейинги босқичда қийин рақиб кутмоқда — саралашдаги икки ўйинда ҳам устун келган Испания (3:1, 7:1). Португалия эса Словения билан ўйнайди.

Чехия — Туркия: карточкалар бўйича Евро рекорди

Чехия — Туркия 1:2
Голлар:
Соучек (66) — Чалхонўғли (51), Тўсун (90+4). 
Чехия – Станек (Коварж, 55), Цоуфал, Ҳранак, Ҳолеш, Крейчи, Юрасек (Юрасек, 81), Барак, Провод (Лингр, 75), Соучек, Хитил (Кухта, 55), Гложек (Хори, 55).
Туркия – Гюнок, Мулдур, Акайдин, Демирал, Кадиўғли, Чалхонўғли (Кўкчю, 87), Ўзжан (Айхан, 46), Юксак (Йокушлу, 63), Гулер (Тўсун, 75), Йилмаз, Йилдиз (Актуркўғли, 76).
Огоҳлантиришлар: Барак (11), Ўзжан (31), Шик (34), Йилдиз (37), Юксак (49), Гюнок (64), Чалхонўғли (66), Чақир (68), Мулдур (81), Ярош (84), Черв (85), Акайдин (85), Крейчи (90+1), Соучек (ўйиндан кейин), Гулер (ўйиндан кейин). 
Четлатишлар: Барак (20), Хори (ўйиндан кейин). 

Чехларга плей-оффга чиқиш учун ғалаба зарур эди — икки турдан сўнг улар атиги икки очко тўплаганди. Лекин 20-дақиқадаёқ Антонин Барак жамоасининг имкониятларини кескин пасайтириб юборди — «Фиорентина» яримҳимоячиси иккинчи сариқ карточкани олди ва жамоасини ўн киши қолдирди. Турклар дарҳол рақиб жарима майдонини қамал қилишга киришди, аммо узоқ вақтгача икки қаватли мудофаадан ўта олмади. Чехлар ҳимояда қандай тартибли ҳаракатланишини биринчи турдаёқ Португалияга қарши ўйинда кўрсатиб қўйганди.

Ўйин 51-дақиқада Ҳоқон Чалхонўғли томонидан очилди — у жарима майдонининг чап қанотидан кучли зарба билан тўпни пастки бурчакка жойлаб қўйди. Бунинг устига шу эпизодда чехлар дарвозабони Индржих Станек қўлидан жиддий жароҳат олди — уни Матей Коваржга алмаштиришга тўғри келди.

Голдан кейин амалда барчаси ҳал бўлгандек кўринаётганди, аммо чехлар охирига қадар жанг қилишга қарор қилишди. Томаш Соучек 66-дақиқада жавоб голини урди ва ўйиннинг қолган қисми шиддатли курашлар остида кечди ва ҳакам бирин-кетин сариқ карточкаларни чўнтагидан чиқаришига тўғри келди.

Ўйин драма билан якунланди. Чехия барибир иккинчи голни уролмади, Туркия эса озчилик ҳолатида очилишга мажбур бўлган рақибни жазолади. Женк Тосун қарши ҳужумда ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди ва туркларни плей-оффга олиб чиқди. Чехия Евро билан хайрлашди. Финал ҳуштаги чалинганидан кейин яна тўқнашув рўй берди ва ҳакам навбатдаги карточкаларни чўнтагидан чиқарди ва чехларнинг яна бир футболчиси Хорига қизил кўрсатди. Ўйин давомида у 18 карточка кўрсатган (16 таси сариқ ва иккитаси қизил) — бу Еврода яна бир рекорд.

Турклар гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади ва плей-оффда Австрияга рақиб бўлади. Жамоа сўнгги етти йирик турнирида тўртинчи бор плей-оффга чиқмоқда.

Чехия эса ўтган сафарги Европа чемпионатида чоракфиналга етиб борганди, аммо бу сафар минимум вазифани бажара олмасдан, уйга эрта қайтмоқда.

Плей-офф жуфтликлари:

Германияда ўтаётган Европа чемпионатида гуруҳ баҳслари якунланди ва плей-оффга чиққан 16 жамоа маълум бўлди. Нимчорак финал ўйинлари 29 июндан 2 июлга қадар бўлиб ўтади. Чоракфиналда эса Германиянинг Испанияга, Франциянинг Португалияга қарши тўқнашувларига гувоҳ бўлиш мумкин.

29 июн

21:00. Швейцария — Италия
23:59. Германия — Дания

30 июн

21:00. Англия — Словакия
23:59. Испания — Гуржистон

1 июл

21:00. Франция — Белгия
23:59. Португалия — Словения

2 июл

21:00. Руминия — Нидерландия
23:59. Австрия — Туркия

Мавзуга оид