Жамият | 14:45 / 27.06.2024
13325
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар ишлари агентлигига тегишли Malibu йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланди

Ҳайдовчи йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиш билан бир қаторда светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб, пиёдани уриб юборишига сал қолган. Очиқ манбаларга кўра, ушбу машина Ёшлар ишлари агентлигига бириктирилган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 01 347 DAV давлат рақамли Malibu йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб ҳаракатлангани акс этган видео тарқалди.

Ҳайдовчи яна бир қўпол қоидабузарлик содир этган ҳолда, светофорнинг қизил чироғида ҳам ҳаракатланган ва пиёдалар йўлагидан ўтаётган пиёдани уриб юборишига бир бахя қолган.

Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига кўра, ҳолат бўйича қоидабузар ҳайдовчи – 1985 йилда туғилган К.Х.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, ҳайдовчи билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Автомашиналарнинг рақам белгилари типларига кўра, «DAV» серияли рақам белгилари давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсан бириктирилган ва навбатчи хизмат автомобилларига берилади (мудофаа, ички ишлар, божхона, фавқулодда вазиятлар органларининг автомобиллари ҳамда II типдаги рақам белгилари бериладиган автомобиллар бундан мустасно).

Очиқ манбаларга кўра, 01 347 DAV давлат рақамли Malibu машинаси Ёшлар ишлари агентлигига тегишли.

Дастлаб у агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахановага бириктирилгани хабар қилинганди. Кўп ўтмай унинг ўзи бу маълумотни рад этиб чиқди.

Унинг ортидан агентлик матбуот хизмати ҳам муносабат билдирди. Муносабатда қоидабузарлик содир этилган вақтда машинада фақат ҳайдовчининг ўзи бўлгани айтилади. 

«Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосарига тегишли деб айтилаётган автоулов йўл ҳаракати қоидасини қўпол равишда бузгани акс эттирилган видео тарқалди.

Ёшлар ишлари агентлиги шуни маълум қиладики, ҳақиқатан ҳам ушбу автотрансопрт воситаси Ёшлар ишлари агентлигининг хизмат автомашинаси ҳисобланади, аммо директорнинг биринчи ўринбосари Дилнозахон Каттахоновага бириктирилмаган.

Ҳолат ўрганилганда, ҳайдовчи машинада ёлғиз бўлган. Ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан маъмури баённома расмийлаштирилди ва профилактик суҳбат ўтказилди. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ҳам унга тегишли интизомий чора қўлланилади.

Агентлик бундай ҳолатларни қатъий қоралайди, бу маълумотни очиқлагани учун оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерларга миннатдорчилик билдиради», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид