АҚШда Байден ва Трамп ўртасидаги теледебатларнинг биринчи раунди бўлиб ўтди
Байден ва Трампнинг ноябрдаги президентлик сайловлари олдидан биринчи теледуэли 90 дақиқа давом этди.
АҚШда 27 июн, пайшанба куни 5 ноябр куни бўлиб ўтадиган президентлик сайлови олдидан президент Жо Байден ва Оқ уй собиқ раҳбари Доналд Трамп ўртасидаги илк теледебат бўлиб ўтди. Сиёсатчилар Жоржия штати Атланта шаҳридаги CNN студиясида учрашди.
АҚШ иқтисодиётидаги вазият
Телевизион дуэл АҚШ иқтисодиётидаги вазиятни муҳокама қилиш билан бошланди. Трамп ва Байден инфляция, иш ўринлари ва солиқ сиёсати бўйича фикр алмашди. Оқ уй раҳбари ўз президентлигининг иқтисодий муваффақияти деб ҳисоблаган омилларни санаб ўтди ҳамда «ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп»лигини қўшимча қилди. Инфляция Қўшма Штатларни «ўлдирмоқда», деди бунга жавобан Трамп.
Шу билан бирга, CNN хабарига кўра, май ойида истеъмол нархлари 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 3,3 фоизга ошди, инфляция 9,1 фоизга етди.
Путиннинг Украинага қўйган талаблари ҳақида
Иммиграция ва абортни тақиқлаш бўйича фикр алмашгандан сўнг, рақиблар модераторлар ташаббуси билан ташқи сиёсат кун тартибига ўтишди.
Аввалига Украинадаги уруш муҳокама қилинди. Дана Баш дебат иштирокчиларидан Россия президенти Владимир Путин томонидан илгари сурилган ўт очишни тўхтатиш шартларини мақбул деб ҳисоблайсизми, деб сўради. Бошловчи ўз саволини икки марта такрорлашга мажбур бўлди, чунки сиёсатчиларнинг биринчи жавоби уни унчалик қониқтирмади.
Трамп Байденни Украинадаги урушда айблаб, «агар бизда етакчи бўлганида» кенг кўламли ҳужум ҳеч қачон содир бўлмасди, деди. «Бу ҳеч қачон бошланмаслиги керак бўлган уруш», деб таъкидлади собиқ президент ва Байден даврида Киевга «200 миллиард доллар ёки ундан кўпроқ» маблағ ажратилганини даъво қилди. «Бу жуда кўп пул», дея қўшимча қилди у. Путиннинг талабларини мақбул деб ҳисоблайсизми, деган саволга Трамп: «Йўқ, уларни қабул қилиб бўлмайди», деб жавоб берди.
Президент Байден, ўз навбатида, Россия раҳбарини «ҳарбий жиноятчи» деб атади. «Унга бутун Украина керак», деди у. Оқ уй раҳбари Путин бу билан тўхтаб қолмайди, деган фикрни билдирди. «Сизнингча, Полша билан нима бўлади?» - деди у уруш НАТО мамлакатларига тарқалиши мумкинлигидан хавотирда эканини таъкидлаб.
Ғазо секторидаги вазият бўйича мунозара
Кейинчалик сиёсатчилар Ғазо секторидаги вазиятга ўтишди. Байденнинг таъкидлашича, исроиллик гаровга олинганларни фаластинлик маҳбусларга алмаштириш ва узоқ муддатли «қўшимча шартлар билан ўт очишни тўхтатиш» режаси муҳокама қилинмоқда. «Уруш давом этишини фақат ҲАМАС истайди», деди Америка раҳбари.
АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Башнинг Ғазо секторида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тўхтатиш учун мустақил Фаластин давлатини яратишни қўллаб-қувватламаслиги ҳақидаги саволига тўғридан тўғри жавоб бермади. «Биз ўйлаб кўришимиз керак», деб жавоб берди Трамп ва кейин Европа давлатлари билан савдо битимларини муҳокама қилишга ўтди.
81 ёшли демократ ва 78 ёшли республикачи ўртасидаги телевизион дуэл икки реклама танаффуси билан бирга 90 дақиқа давом этди. Бу президентлик дебатларининг стандарт давомийлиги. Шу билан бирга, ўтган сайлов циклларида реклама танаффуслари бўлмаган, чунки шоуларни медиа-компаниялар эмас, балки Президент мунозаралари комиссияси ташкил қилган.
Очиб берувчи баёнотлар назарда тутилмаган эди. Якуний мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби қуръа билан белгиланди. Байден биринчи бўлиб томошабинларга мурожаат қилди, Трамп эфирни тугатди.
Эрта дебатлар
Биринчи мунозара рекорд даражада эрта вақт ичида бўлиб ўтди - уларда қатнашган сиёсатчилар ўз партияларидан АҚШ президентлигига ҳали расман номзод ҳам бўлмаган. Республикачилар ўз номзодини июл ойида Милуокида (Висконсин штати) ўтказиладиган қурултойда, демократлар эса августда Чикагода (Иллинойс штати) аниқлаштиради.
Бошловчилар сифатида кўп йиллик тажрибага эга таниқли журналистлар Жейк Тэппер ва Дана Баш қатнашди. Канал эфир бошланишидан олдин «вақт талаблари ва маданиятли муҳокамани таъминлаш учун ўз ихтиёридаги барча воситалардан фойдаланишга» ваъда берди. CNN катта мухбири Дэниел Дейл мунозара пайтида рақиблар гапларини жонли эфирда фактчекингдан ўтказди.
Кеннеди ва Никсондан кейин биринчи марта дебатлар студия аудиториясиз ўтказилди
Жон Кеннеди ва Ричард Никсон президентлик учун курашганидан бери биринчи марта студияда томошабин бўлмади. Бу форматни такомиллаштириш учун қилинган, деди DW нашрига Пол Саймон номидаги давлат сиёсати институти директори Жон Шоу.
Телевизион камералар объективлари остида сиёсатчиларга фақат қалам, бўш блокнот ва бир шиша сувга эга бўлишга рухсат берилди. Мунозаралар вақтида олдиндан тузилган эслатмаларни кўриб чиқиш ёки штаб маслаҳатларидан фойдаланиш тақиқланди. Рақиблар бир-бирига халақит бермаслиги учун иккинчиси гапираётганда бирининг микрофони ўчирилди.
Байден ва Трамп 2020 йилда теледебатлар форматида учрашишган, ўшанда чиқишлар шиддатли бўлган, рақиблар бир-бирига кўп халақит берган. Бу йил АҚШ тарихида биринчи марта Оқ уйнинг амалдаги раҳбари ўзидан олдинги президент билан дебатга киришди.
Иккинчи теледуэл 10 сентябрь куни ABC телеканали эфирида бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
22:49 / 27.12.2024
АҚШ «Гуржистон орзуси» етакчиси Бидзина Иванишвилига қарши санкциялар жорий этди
21:44 / 27.12.2024
Трамп илгари сураётган оммавий депортация 86 млрд долларга баҳоланмоқда
21:16 / 26.12.2024
Трамп Мексика ва Канадага АҚШ штатлари бўлишни таклиф қилди
18:33 / 26.12.2024