Газета: IKEA концерни Украинага қайтяпти
Дунёга машҳур швед ритейлери Украинага қайтиш ниятида, ҳозирда техник тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, деб хабар берди «Экономическая правда» газетаси ўз манбаларига таяниб.
Машҳур швед ритейлери - мебел ва уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқарувчи IKEA компанияси Украинага қайтади. Бу ҳақда 27 июн, пайшанба куни Украинанинг «Экономическая правда» газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди. «Техник тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, Украинада IKEA ишининг бошланиш санаси ҳали номаълум», деди суҳбатдошлардан бири.
Жорий йилнинг апрел ойида нашр IKEA ўша пайтда Украина бозорига қайтиш мавзусини муҳокама қилишга тайёр эмаслиги ва мавжуд вазиятнинг потенциал операцион фаолиятга таъсирини ўрганаётгани ҳақида ёзган эди.
IKEA уруш бошланганидан бери Украинада ишламаяпти
IKEA Россия Украинага ҳужум қилганидан кейин биринчи куни ўзининг Украинадаги барча олтита заводида сотиш ва ишлаб чиқаришни тўхтатди. Ритейлер Украина ёғочидан фойдаланишдан ҳам бош тортди. Украина матбуотига кўра, компания бу қарорини 24 февралдан кейин «ёғочнинг қонунийлигини текшириш имкони йўқлиги» билан изоҳлаган.
«Форбс» журнали Украина версиясининг 2022 йил сентябридаги маълумотига кўра, ритейлер Украинадаги фаолиятини «имкон қадар тезроқ» тиклашга интилмоқда ва ўз маҳсулотларини етказиб берувчиларни қўллаб-қувватлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда.
IKEA 15 йилдан бери Украина бозорига киришга ҳаракат қилган, аммо фақат 2020 йилда у онлайн савдони йўлга қўйишга муваффақ бўлди ва 2021 йилда Киевда ўзининг биринчи дўконини очди.
IKEA икки йил олдин Россияни бутунлай тарк этди
2022 йил июн ойида IKEA Россия бозорини тарк этиш қарорини етказиб беришдаги мураккаб вазият билан изоҳлади. «Афсуски, вазият яхшилангани йўқ ва ҳалокатли уруш давом этмоқда. Охирги бир неча ой ичида бутун дунё бўйлаб бизнес жараёнлари ва таъминот занжирлари билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашди. Шу сабабли биз фаолиятни қайта тиклаш имкониятини кўрмаяпмиз», - дея маълум қилди ўшанда Россиядаги барча IKEA дўконларига эгалик қилувчи Ingka Group.
Россиядаги IKEA ходимларидан август ойи охиригача маошларини сақлаб қолган ҳолда томонлар келишувига кўра ишдан бўшаш сўралган ва Швеция компаниясининг заводлари сотилиши хабар қилинган эди. Россия оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, IKEA раҳбарияти Россия бозорини тарк этиш қарорини компаниянинг бутун тарихидаги энг қийинларидан бири деб атади, аммо «Россияга қайтишга умид қилмоқда, бироқ бу қачон амалга ошиши аниқ эмас».
IKEA Россияда биринчи дўконини 2000 йилда очган. 2022 йилда Россияда IKEA бренди остида 17 та дўкон ва саккизта студия ишлаган, компания ходимлари деярли 15 минг кишини ташкил этган. Ўша йилнинг март ойи бошида IKEA Украинадаги уруш шароитида Россия ва Беларусда ишни тўхтатганини эълон қилди. Россия тармоғи дўконлари, онлайн-дўконлари ва IKEA студияларида 4 мартдан сотувлар тўхтатилди.
Мавзуга оид
14:45
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024