Жамият | 13:58 / 28.06.2024
5514
2 дақиқада ўқилади

«Металлург» ходими чўкаётган йигитни қутқариб қолди

«Металлург» массажчиси Даниэл Коршунов 27 июн куни қаҳрамонлик кўрсатиб, бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолди. 

Фото: Металлург

«Қаҳрамонликнинг катта кичиги бўлмайди. Ҳар куни атрофимизда ўнлаб, юзлаб савобли ишлар юз беради. Уларни кўрамиз, кузатамиз, эшитамиз. Кимнингдир оғирини енгил, мушкулини осон қилган, ҳожатини чиқарган инсонларни олқишлаймиз, уларга таҳсин айтамиз...

«Металлург» ФК ходими Даниэл Коршунов ҳар куни эрталаб ва кечқурун клуб қароргоҳи ёнидан ўтувчи канал бўйлаб сайр қилишга одатланган. Уни яқин атрофда яшайдиганларнинг барчаси яхши таниб қолишган. Кеча ҳам одатга кўра сайрга отланди. Бу гал «прогулка»га ҳамкасбини ҳам чорлади. Сув ёқалаб кетишаётганида бирдан кимнингдир каналда бир кўриниб, бир кўринмай чўкаётганига кўзи тушишди. Даниэл ўйлаб ўтирмасдан ўзини каналга отди. Сув ўзани тақсимланадиган ҳудудмасми, шитоби тез, ўпқон кишини домига тортади. Даниэл чўкаётган болага бир зумда етиб борди ва уни қирғоқ томон судради. Канал чети сув қолдиқлари боис сирпанчиқ ҳолатга келиб қолган. Қўрқувга ботган болакай эса янада оғирлашиб кетган. Уни амаллаб қирғоққа узатди. Аммо ўзи ҳолдан тойди. Шунда ёрдамга етиб келганлар Даниэлга қўл узатишди. Қутқариш «операцияси» муваффақиятли якунланди...

Бекободга иш юзасидан Зафар шаҳридан келган отахон фарзандини қутқарган йигитларга миннатдорчилик учун сўз топа олмай, кўзларида ёш ҳалқаланди. Даниэлни тинимсиз дуо қилди...

Ўз навбатида бир инсон умрини сақлаб қолган жамоамиз йигитларига биз ҳам ташаккур айтамиз. Аллоҳ Сиздан рози бўлсин, йигитлар!» — деб ёзади Бекобод клуби матбуот хизмати.

Мавзуга оид