Ўзбекистон | 11:59 / 29.06.2024
6504
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳавоси ифлослиги бўйича дунёда 4-ўринга чиқди

29 июн куни 05:00 да Тошкент шаҳри ҳавосидаги заҳарли заррачалар халқаро IQAir кўрсаткичида 160 мкг/м3’ни ташкил этди. Ўзгидромет халқаро станциялар маълумоти доим ҳам уларники билан мос келмаслигини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Бугун, 29 июн куни Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланиши бўйича халқаро миқёсда 4-ўринга чиқди. Ҳаво таркибидаги заҳарли заррачалар 160 мкг/м3’ни ташкил этган. Заҳарли заррачаларнинг асосий қисми PM2.5 – 68мкг/м3’ни кўрсатган. Бу ЖССТ белгилаган меъёрдан қарийб 14 мартага кўп.

Kun.uz қўшимча маълумот олиш учун Ўзгидромет матбуот хизмати билан боғланди. Нигора Тошхўжаева берган маълумотга кўра, Тошкентда бугун соат 5:00 да онлайн станциялар PM 2,5’нинг 81,94 мкг/м3 бўлганини кўрсатган. Бу Санэпид рухсат берган меъёр (35 мкг/м3)дан 2,34 марта ошган дегани.

Ўзгидромет маълумотига кўра, Ўзбекистонда ифлослантирувчи моддалар миқдори СанҚваН 0053-23 рухсат этилган меъёрлари билан ўлчанади. Унга 2024 йил 27 майда майда дисперсли заррачалар PM 2,5 концентрацияси бўйича ўзгартириш киритилган. Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудида PM 2.5 заррачаларининг рухсат этилган меъёри 35 мкг/м3’ни ташкил этади. Бунга қадар ЖССТ тасдиқлаган меъёр (5 мкг/м3)га кўра маълумот бериб келинар эди.

Шунингдек, Нигора Тошхўжаева халқаро станциялар ва Ўзгидромет станциялари кўрсаткичлари ўртасида фарқ борлигини, улар доим ҳам бир бирига мос келмаслигини маълум қилди. У заҳарли заррачаларнинг меъёрдан ошишига ёғингарчилик бўлмаётгани ва метеошароитлар таъсир кўрсатаётганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид