Ўзбекистон | 13:56 / 02.07.2024
9679
2 дақиқада ўқилади

“Болаларимизни илмга, маърифатга ўргатишимиз керак” – муфтий Нуриддин Холиқназар

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар болаларга дунёвий билимларни ўргатиш ҳақида гапирди. “Агар биз буни ўрганмасак, болаларимизга ўргатмасак, эртага биз бошқаларга тобе бўлиб қоламиз”, — деди у.

“Пайғамбаримиз алайҳисолату васаллам илм олишга жуда катта эътибор берганлар. Бадр жангида бир қанча асирлар тушиб қолганди. Шунда буни муҳокама қилдилар, нима қиламиз деб.

Баъзи саҳобалар уларни жазолаш кераклигини айтишади. Бошқалари улардан жарима ундириш кераклигини билдиришади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом ажиб бир таклиф берганлар.

Ўша тушган асирлар ичида илмлилари, саводлилари бўлса ўша илмини ўргатса кейин озод қиламиз дедилар.

Савол туғилади, у қўлга тушганлар мушрик эди. Пайғамбаримиз алайҳисолату васаллам пайғамбар эдилар, ваҳдоният динида турибдилар. Улар эса мушрик, нимани ўргатади?

Бу ерда улардан диний таълим эмас, ҳунар-касб, дунё нарсасини ўргатишини айтганлар. Демак, динимизда мана шу дунёвий илмларни касб-ҳунарни ўрганишга эътибор пайғамбаримиз алайҳисолату васалламдан бизга мерос.

Агар биз уни ўрганмасак, болаларимизга ўргатмасак, эртага биз бошқаларга тобеъ бўлиб қоламиз.

Шундай бўлсинки, халқнинг ичида мусулмонлар бир пайтлар бутун дунёни илм-урфон билан тўлдиргани каби бугун биз ҳам тўлдиришимиз керак. Болаларимизни илмга, маърифатга ўргатишимиз керак”, — деди муфтий.

Аввалроқ шайх Нуриддин Холиқназарнинг Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилингани ҳақида ҳабар берилганди.

Мавзуга оид