Ўзбекистон | 22:23 / 23.04.2024
7269
2 дақиқада ўқилади

Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашига қабул қилинди

Бу ҳақдаги қарор Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашининг Саудия Арабистонидаги йиғилишида қабул қилинди. 

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси

23 апрел куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёз шаҳрида Ислом олами уюшмаси Олий Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий Кенгаши аъзолигига қабул қилинди. 

Бу билан муфтий тўртинчи йирик ташкилотга аъзо бўлди. Аввалроқ, Холиқназаров Халқаро мусулмон уламолари кенгаши (Қатар), Мусулмон донишмандлари кенгаши (БАА), Исломий фиқҳ академиясига (Саудия Арабистони) қабул қилинган эди. 

Ар-Риёз шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Саудия Арабистони, Миср Араб Республикаси, Бирлашган Араб Амирлиги, Кувайт, Қатар, Туркия, Малайзия, Индонезия каби давлатлардан келган вазирлар, уламолар, муфтийлар, профессор-олимлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда халқаро исломий ташкилотлар етакчилари иштирок этди. 

Таъкидланишича, анжуманда бутун жаҳонда тинчлик-осойишталикни қарор топтириш, хусусан, Фаластин ва Ғазо минтақасидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, ислом уммати бирлигига эришиш, айрим мусулмон мамлакатларидаги нохуш ҳолатларни ислоҳ қилиш, Роҳинжа мусулмонларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, диний рамзларнинг таҳқирланиши, айниқса, Қуръони каримни ёқиш каби ҳолатларга мутлақо йўл қўймаслик ва исломофобия хатти-ҳаракатларининг олдини олиш каби ўта муҳим масалалар муҳокама қилинган. 

Мавзуга оид