Спорт | 07:42 / 03.07.2024
31062
7 дақиқада ўқилади

Ҳимоячи ва дарвозабон Туркияни кейинги босқичга олиб чиқди. Еврода кун ўйинлари

Гуруҳ босқичида сенсация кўтарган икки жамоа турнирни тарк этди. Чоракфиналнинг барча жуфтликлари маълум.

Евро-2024 1/8 финал босқичи якунланди. Плей-оффнинг бу босқичининг сўнгги кунида ҳам мухлислар шиддатли баҳслар гувоҳига айланди. Рангникнинг эртаги кутилганидан эртароқ якунланди, руминлар эса Нидерландияга қарши ҳеч нарса қила олмади.

Нидерландия – турнир фаворитларидан бири

Руминия – Нидерландия 0:3
Голлар:
0:1 – 20 Гакпо, 0:2 – 83 Мален, 0:3 – 90+3 Мален.
Руминия – Ницэ, Рациу, Буркэ, Дрэгушин, Могош (Раковитан, 38), Хаджи (Алибек, 72), Станчу, Марин, Марин (Чикилдэу, 72), Ман, Дрэгуш (Михэилэ, 72).
Нидерландия – Вербрюгген, Думфрис, де Врей, ван Дейк, Аке (ван де Вен, 69), Сҳаутен (Верман, 69), Рейндерс, Симонс, Бергвейн (Мален, 46), Гакпо, Депай.
Огоҳлантиришлар: Марин (67), Думфрис (77), Станчу (81).

Бу ўйинда Руминиядан нима кутиш мумкинлигини билиб бўлмасди. Бир томондан, бу Евронинг энг арзон таркибга эга ва яққол аутсайдер мақомидаги жамоаларидан бири эди. Бош томондан — Эдуард Йордэнеску шогирдлари саралаш босқичини ишончли ўтказган ва турнир гуруҳ босқичида ҳам сенсация кўрсатиб, биринчи ўринни эгаллаганди. 

Нидерландия билан ўйиннинг дастлабки 10-15 дақиқасида ҳам жамоа дадил ҳаракат қилиб, иккинчи рақам остида ўйнамоқчи эмаслигини намойиш этиб, ташаббусни қўлга олди. Сариқ формали футболчилар кучли прессинг уюштиришди ва нидерландлар майдоннинг иккинчи қисмидан ўта олмай қолишди.

Лекин кейин барчаси ўз жойига тушди — ўйин фаворити майдонда устунлик қила бошлади. 20-дақиқада эса Ҳави Симонс чизиқлар орасида очилиб, ортдан оширилган узатмани ўз вақтида қабул қилиб, ўз вақтида олдинроққа, Коди Гакпога ташлаб берди. «Ливерпул» форварди эса чапдан марказга кўчиб, ҳимоячиларни ортда қолдирди ва дарвозабоннинг яқин бурчагини аниқ нишонга олди.

Ҳисобда олдинга чиқиб олгач, Куман шогирдлари босимни янада кучайтирди ва танаффусгача 10 бор бурчак зарбасини амалга оширди.

Танаффусдан кейин ҳам нидерландлар тўпга ва ҳудудларга эгалик қилишди. Руминлар ҳисобни тенглаштириш учун ҳужумга ўтганида ортда муаммоларга учради ва рақибнинг тезкор қарши ҳужумларини ўтказиб юборди. Футболчиларнинг тезлик борасидаги фарқи яққол кўриниб қолди. Аммо нидерландлар кетма-кет вазиятларни йўққа чиқарди ва ўйин охирларига қадар қалтис ҳисоб сақланиб турди. Иккинчи гол урилган 83-дақиқага қадар иккинчи бўлимдаги зарбалар кўрсаткичи нидерландлар фойдасига 1:14 кўринишида эди (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича – 0:3).

83-дақиқада эса тўп аутдан ташлаб берилганида Раду Дрэгушин хатога йўл қўйди, у тўп майдонга чиқиб кетишини кутиб, Гакпони таъқиб этишни тўхтатди. Бу руминларнинг бошқа ҳимоячиларини ҳам чалғитди, Гакпо эса тўпни эгаллаб олиб, уни деярли бўш дарвоза қаршисида турган Дониэлл Маленга узатди. Қўшимча дақиқаларда эса Мален қарши ҳужумда дублни расмийлаштирди.

Натижада Нидерландия 1/8 финал босқичидаги энг ишончли ва осон ғалабага эришди. Кейинги босқичда қийинроқ бўлади, аммо яратилаётган вазиятлардан фойдаланишни яхшиласа, Куман жамоаси каттароқ натижани орзу қилса бўлади. 

Туркларнинг қасоси

Австрия — Туркия 1:2
Голлар:
Грегорич (66) — Демирал (1, 59).
Австрия – Пентц, Пош, Линҳарт (Вебер, 64), Данзо, Мвене (Прасс, 46), Забитцер, Лаймер (Гриллич, 64), Баумгартнер, Шмид (Грегорич, 46), Зайвалд, Арнаутович.
Туркия – Гунок, Мулдур, Айхан, Бардакчи, Демирал, Кадиўғли, Кўкчу (Қаҳвачи, 83), Юксек (Ўзжан, 58), Гулер (Оқтуркўғли, 78), Йилмаз, Йилдиз (Йокушлу, 78).
Огоҳлантиришлар: Кўкчу (11), Шмид (38), Юксек (42), Линҳарт (52).

Нимчоракфиналнинг ном жиҳатдан яққол фаворити бўлмаган ушбу жуфтликдан мухлислар шиддатли тўқнашув кутаётганди. Кутилма бежиз эмасди: Австриянинг Нидерландияга (2:3) ва Туркиянинг Гуржистонга қарши ўйинлари (3:1) — бу Евродаги энг қизиқарли ўйинлардан бўлганди. Гуруҳ босқичида икки жамоа ҳам ҳар бир ўйинда ҳимояни ўйламай, ҳужумга ўтди ва бу жамоалар иштирокидаги ҳеч бир ўйин голсиз ўтмади.

Мухлислар ишончи илк дақиқадаёқ оқланди. Австрия ҳуштак чалиниши билан хавфли ҳужум уюштирди, бунга жавобан ҳужумда эса Туркия гол урди: ҳимоячилар ўртасидаги тушунмовчиликдан Мериҳ Демирал фойдаланиб қолди. Бу вақтда ўйиннинг 57-сонияси ўтиб бораётганди — бу гол Европа чемпионатлари плей-офф босқичи тарихидаги энг тезкор гол бўлди. Эътиборли томони, Туркия 2002 йилги жаҳон чемпионатида ҳам худди шундай рекорд ўрнатганди.

Бундай старт Австрия футболчиларини шок ҳолатига туширди, аммо жамоа нокдаунга тушиб қолмади. Баумгартнерда кетма-кет вазиятлар бўлди. 5-дақиқадаги бурчак зарбасидан кейин тўп фақат мўъжиза туфайли Мерт Гунок дарвозасига кирмай қолди.

Жамоалар тўхташ ҳақида ўйлашмади ва икки томон ҳам навбатма-навбат ҳужумлар уюштирди. Ҳимоя Винченцо Монтелла жамоасининг нозик томони экани бу ўйинда ҳам кўриниб қолди.

Танаффусда Рангник икки алмаштириш қилиб, ҳужум чизиғини кучайтирди — майдонда иккинчи ҳужумчи Грегорич ва ҳужумларга қўшилишни хуш кўрадиган ҳимоячи Прасс пайдо бўлди. Австрия қайта сафланди ва олдинга ташланди. Арнаутович жуда қулай вазиятдан фойдалана олмади: Мерт Гунок яккама-якка вазиятда ундан устун келди. Кўп ўтмай Лаймернинг рейди самарасиз якунланди.

Барча Австриянинг голини кутаётган маҳалда эса Туркия ҳисобдаги фарқни оширди. Яна бурчак зарбаси, яна жарима майдонида парокандалик юзага келди ва яна Мериҳ Демирал гол урди. 

Рангник жамоаси руҳини чўктирмади ва кўп ўтмай Грегорич ҳисобни қисқартирувчи голни урди, австрияликларга ҳам бурчак зарбаси ёрдам берди. Бу вақтда ўйиннинг 66-дақиқаси ўтиб бораётганди ва иккинчи гол учун етарли вақт бор эди.

Турклар у қадар ишончли бўлмаса-да, ҳимояда ҳам ўйнай олишини кўрсатди. Австрияликларнинг кучли ёмғир остида уюштирган ҳужумлари эса нотўғри қарорлар туфайли якунига етмай қолди.

Ўйиннинг якуний қисмида Австрия рақиб жарима майдонини қамал қилди ва маҳорат эвазига нимадир қилишга уринди, аммо шундай тасаввур уйғондики, Рангникда бундай ҳолат учун режа бўлмаган. Жамоа тартибсиз равишда жарима майдонига пас узатаверди ва натижага эриша олмади. Аммо 90+4-дақиқада эса шундай узатмалардан бирида ҳисоб тенглашиши мумкин эди — Гунок суперсэйв ижро этди.

У Баумгартнернинг ерга чўпчитиб йўлланган ўта хавфли зарбасини қайтарди ҳамда Туркия учун кейинги босқич йўлланмасини сақлаб қолди.

Австрияликлар ўйин мобайнида туркларнинг 6 зарбасига қарши 21 бор зарба берди (дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича – 5:3), аммо Евро-2024ни тарк этди. Бу Туркиянинг март ойида ўртоқлик учрашувидаги 1:6 ҳисобидаги мағлубияти учун қасос олиши ҳам бўлди.

Плей-офф тақвими

1/4 финал

5 июл
21:00. Испания — Германия;
23:59. Португалия — Франция;

6 июл
21:00. Англия — Швейцария;
23:59. Нидерландия — Туркия.

1/2 финал

9 июл
23:59. Испания/Германия — Португалия/Франция;

10 июл
23:59. Англия/Швейцария — Нидерландия/Туркия.

Финал
14 июл, 00.00

Мавзуга оид