Спорт | 15:45 / 05.07.2024
15914
11 дақиқада ўқилади

Евро 1/8 финали якунлари: энг яхши жамоа, энг чиройли гол ва ҳафсалани пир қилган иштирок

5–6 июл кунлари Евро-2024 чемпионатида 1/4 финал ўйинлари ўтказилади. Қуйида эса 1/8 финал якунлари кўриб чиқилади.

Евро-2024 турнири космик тезликда давом этмоқда: плей-оффнинг биринчи босқичи аллақачон якунланди. 1/4 финалда яна қатор фаворитлар уйга қайтади — турнир сеткаси «топ» жамоаларни чоракфиналдаёқ бир-бирига рўпара қилган.

Энг яхши жамоа — Испания

Айни вақтда турнирнинг энг яхши жамоасига саволлар йўқ. Испания ўлим гуруҳидан учта ғалабага эришиб, бирорта гол ўтказмасдан чиққанди.

Испанлар плей-оффда барибир гол ўтказиб юборишди, аммо ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ гуржистонликлар 90 дақиқа давомида бу рақибга дош бера олмаслиги кўриниб турганди. Қарши ҳужумларга таяниш ва Мамардашвилининг сейвларидан умид қилиш иш бермади — чоракфиналга фақат нисбатан кучсиз рақибга рўпара бўлганлар ўтмоқда.

Де Ла Фуэнте бошқарувидаги Испания — турли вариантларга эга жамоага айланган. Мураббий таркибни шундай тузганки, энди ўйин давомидаёқ ўйин картинасини кескин ўзгартириш мумкин бўлади. Жамоа ўйинни назорат қила олади, биринчи рақамда ўйнайди ва ҳимоянинг энг ёпиқ линияларини ҳам бузиб ўтиш йўлини топади.

Таркиб — турнирдаги энг кучлилардан бири. Ямал 16 ёшидаёқ довдираб қолмаяпти ва ёрқин ўйинлар кўрсатмоқда, Уилямс эса асосий ўриндан мустаҳкам ўрин эгаллади, яримҳимоя марказида айни вақтда жаҳоннинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиб турган Родри жой олган, мудофаа эса — яхши пас берувчи ҳимоячилар ва дарвозабон уйғунлигига эга.

Фақат битта муаммо бор — мухлислар ҳозирча Испаниянинг бу версиясини чинакамига топ рақибга қарши ўйинда кўришмади. Улар гуруҳда хорватларнинг кексайган ва ҳолдан тойган авлоди, олдинги чемпионатдаги таркибни умуман ёдга солмайдиган ва ҳали ўз ўйинини шакллантира олмаган италянлар, аутсайдер албанлар билан ўйнашди, плей-оффнинг илк босқичида — бор кучи ва ҳиссиётларини гуруҳ босқичида қолдириб чиққан гуржистонликлар рақиб бўлди. Энди бугун Германияга қарши ўйин учун қандай режа тайёрланганига гувоҳ бўламиз — ҳозирча бу финал репетицияси бўлиб кўринмоқда.

Энг яхши футболчи — Диогу Кошта

Португалия футболини кузатувчилар Коштани анча вақтдан буён яхши билишади. «Порту» дарвозабони аллақачон жаҳоннинг энг харидоргир дарвозабонига айланган .

Словения билан ўйинда Диогу ўз нархи нега бу қадар қимматлигини кўрсатиб қўйди. Мамардашвили ва жамоаси чиқиб кетганидан кейин айнан у турнирнинг энг яхши дарвозабони бўлиш учун асосий номзод бўлиб қолди.

У плей-оффнинг илк ўйинида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди ва қўшимча бўлимлар тугаётганида Шешко билан яккама-якка вазиятда қаҳрамонлик кўрсатди, пеналтилар сериясида эса словенларнинг учала зарбасини ҳам тўсди. Зарбаларнинг барчаси кучли ва дарвоза бурчаги томон йўналтирилганди, аммо у йўналишни аниқ топа олди.

Бунинг ажабланарли жиҳати ҳам йўқ, ахир Португалия миллий жамоасида дарвозабонлар мураббийи — афсонавий Рикардудир. У Евро-2004 турнирида жамоанинг асосий дарвозабони сифатида иштирок этган ва инглизларга қарши кечган пеналтилар сериясида ажойиб перформанс кўрсатганди. Серияда ҳисоб 5:5 эканида Рикарду доҳиёна юриш амалга оширган: дарвозабонлик қўлқопини ечиб ташлаган ва Васселлнинг зарбасини қайтарган. Бу рақибга қандай руҳий босим кўрсатганини тасаввур қилинг. Кейин эса Рикарду «нуқта»га ўзи яқинлашган ҳамда португалларни яримфиналга олиб чиққан.

Босқичнинг ҳафсалани пир қилган жамоаси — Италия

Лучано Спаллеттига саволлар бисёр. Бу саволлар гуруҳ босқичидаёқ туғила бошлаганди — албанлар илк дақиқадаёқ италянлар дарвозасини ишғол этди, испанлар бу жамоага умуман ўйин бермади, хорватлар эса бутун ўйин давомида устунлик қилиб, фақат сўнгги дақиқаларда Калафиори ҳамда Дзакканининг идеал ижроси туфайли ғалабадан қуруқ қолганди.

Умуман олганда, йирик турнирлар ғолиблари гуруҳ босқичини кучли ўтказишмайди, плей-офф босқичи бошланганида эса рақибларни аямай енга бошлайди. Фақат амалдаги чемпионлар бўлган Италия бу сафар фаворитлар қаторида эмаслиги маълум бўлди.

Спаллетти Евро учун танлаган тактикаси билан ажаблантирди. У италянларнинг анъанавий 3-5-2 схемаси ўрнига тўрт ҳимоячи билан ҳаракат қилди. Шу туфайли у ўз ҳимоячилари — Калафиори, Димарко, Бастони, Дармиан, Манчини кабиларнинг энг яхши жиҳатларидан фойдалана олмади — уларнинг ҳар бири тўпни олдинга олиб боришга ва яхши очилган шерикларини аниқ пас билан таъминлашни билади.

Энди Италиянинг эътибори кейинги жаҳон чемпионатига қаратилади — жамоа олдинги мундиални ўтказиб юборганди ва биринчи навбатдаги вазифа ушбу турнирга йўлланма олиш бўлади. Қолаверса, жамоа бош мураббийидан тушунтириш талаб қилиниши керак — италянлар қоғозда Евронинг энг кучли таркибларидан бири эди. Жамоа савия ҳисобига Швейцария тўсиғидан ўтиши керак эди. Аммо бундай бўлмади.

Энг яхши ўйин — Австрия — Туркия

1/8 финалнинг сўнгги ўйини мухлисларга триллер тақдим этди. Иккиталик сенсация кузатилди: гуруҳ ўйинларидан кейин турнирнинг сирли тойчоғи мақомини олган Австрияни фақат ҳужумда ўйнаб, ҳимояни унутиб қўядиган Туркия чиқариб юборди. Гуруҳ босқичида Рангник ижобий маънода ҳайрон қолдирганди — плей-оффда эса биринчи ўйиндан кейиноқ турнирни тарк этди.

Аслида Австрия Туркиядан яхшироқ ўйнаган ва рақибга қараганда икки баробар кўпроқ голли вазиятлар яратганди. Аммо ҳимоячилар стандарт вазиятларда ёмон ҳаракат қилди — австрияликлар ҳимоячи Демиралдан икки гол ўтказиб юборди.

Австрия битта гол билан жавоб берди ва ўйин охирида иккинчи голни ҳам уришга жуда яқин келганди — турклар дарвозабони Гюнок жуда хавфли зарбани тўсиб, жамоасини кейинги босқичга олиб ўтди. Ҳисобни тенглаштириш зарур бўлганда австрияликлар шошилиб ҳаракатланишди ва кўпинча жарима майдонига кетма-кет узатмалар манзилсиз бўлиб чиқди, қолаверса, жамоа қарши ҳужумларда жазоланиши ҳам мумкин эди.

Туркия плей-оффда барчасини икки-уч вазият ҳал этишини кўрсатиб қўйди: Австрия ўз имкониятларидан фойдалана олмади, Туркия эса фойдаланди. Энди жамоа муносиб тарзда чоракфиналда иштирок этади. Турклар яна фаворит эмас — бу босқичда Нидерландия кутмоқда. Аммо бундай иштиёқ билан улар бу тўсиқдан ўтиши ва 1/2 финалда ўйнаши ҳам мумкин.

Кашфиёт — Дониэлл Мален

Мален бутун мавсум давомида Эдин Терзич қўли остида трансформация жараёнини бошдан кечирди — мураббий уни ҳужум марказидаги одатий позицияси ўрнига ўнг қанотда ўйнатди. Куман ҳам Маленни вингер деб топди. Ушбу мураббийлар у қаерда самаралироқ ўйнашини яхшироқ билиши маълум бўлди.

Руминларга қарши ўйиннинг энг яхши футболчиси ҳақли равишда Гакпо бўлди — у биринчи бўлимда ракета зарбаси билан ҳисобни очди ва иккинчи голни чайнаб берди. Аммо йирик ғалабада Маленнинг ҳам хизматларини эътироф этиш керак, чунки у гол сезиш қобилиятини намойиш этди ва икки бор дарвозани ишғол этди. Лекин икки гол турлича шаклда урилди — биринчи ҳолатда Донелл шунчаки керакли вақтда керакли нуқтада пайдо бўлди, иккинчисида эса қарши ҳужумда тезлиги эвазига майдоннинг ярмини босиб ўтиб, учрашувнинг якуний ҳисобини ўрнатди.

Энди буёғига нима бўлишини кўрамиз — Куманни аввалига қаттиқ танқид қилишганди, аммо у қизиқарли ва ностандарт юришларни амалга оширмоқда. У Маленга ишонишда давом эса, бу ҳужумчи олдинда яхши очилиб, вазиятлардан аниқ фойдалана олади. Туркия ҳимоячилари Нидерландия ҳужумчиларини тўхтатиб қолиши қийин.

Энг яхши гол — Рубен Варгас

«Рубен, илтимос, гол ур», — деган Чака Варгасга Италия билан ўйин танаффусида. Рубен бу илтимосни адо этиши учун атиги 27 сония етарли бўлди. Унинг сўзларига кўра, ўша паллада унинг бошида сардорнинг сўзлари айланган ва у шунчаки тўпни тепган.

Тўп айланма траектория ҳосил қилиб, Доннарумма қўриқлаётган дарвозанинг «тўққизлиги»га бориб тушган. Албатта, бу вазиятда италянлар мудофааси ҳам ишончсиз ҳаракат қилганди — Варгасда тўпга ўзи истаганча зарба бериш учун керагидан ортиқ вақт бўлган. Аммо катта эҳтимол билан ҳеч ким (ҳатто Варгаснинг ўзи ҳам) тўп ҳимоячилардан ёки дарвозабондан қайтмасдан, тўрга бориб тушишини кутмаган.

Бу гол Италияни пароканда қилиб юборди, Швейцария эса жамоавий ғоя ва индивидуал маҳорат қоришмаси билан 1/4 финалга ўтди. Энди швейцарияликлар йўлида ҳар қандай рақибга қарши ўйинни қуритиб ташлайдиган ва ўз дарвозаси атрофида вазиятлар яратилишига йўл қўймайдиган Англия чиқади. Швейцария учун бу қулай рақиб бўлиши ҳам мумкин — жамоада узоқдан гол ура оладиган футболчи биргина Варгас эмас.

Энг яхши мураббий — Мурат Яқин

Навбатдаги мақтов ҳам швейцарларга. Австрия чиқиб кетганидан кейин айнан улар Евронинг яширин фаворитига айланди. Жамоа гуруҳ босқичида ютқазмади — венгрларни қийинчиликсиз енгди ва немисларга рақобат кўрсатди. Фақат Шотландия билан ўйин жамоа мухлислари истаганидек чиқмади — аммо бу ўйинда уларга турнир очилиш ўйинида мезбонлардан бешта гол қабул қилиб олган аламзада жамоа рақиб бўлганди.

1/8 финалда Швейцария италянларнинг заиф нуқталаридан фойдаланди ва ҳақли ғалабага эришди. Мурат Яқиннинг мураббийлик фаолияти саргузаштларга бой кечмоқда — «Базел» билан қўлга киритилган титуллардан кейин Москванинг «Спартак» клубида ҳам ишлаб кетган собиқ футболчи «Шаффҳаузен», «Грассҳоппер», «Сион» ва яна «Шаффҳаузен»ни бошқарди. Исталган миллий жамоа бош мураббийликка иккинчи лига клубидан мутахассис олмаган бўларди.

Яқиннинг Швейцария миллий жамоаси билан шартномаси Евро-2024 турниридаги иштирок охиригача. Швейцария финалга чиқиш учун қаттиқ тер тўкиши талаб этилади, аммо, мураббий аллақачон шартноман узайтириш учун арзирли ишлар қилиб бўлди. Шу билан бирга, миллий жамоа бошқарувидаги бундай перформансдан кейин Европанинг номдор клублари ҳам унга кўз тика бошлаган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид