Иқтисодиёт | 22:26 / 06.07.2024
14948
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонга кираётган инвестициялар камлиги – хавотирли” — Беҳзод Ҳошимов

“Олдин Ўзбекистон ёпиқ бўлгани учун инвестициялар кириши кам бўларди, охирги йиллардаги очилиш сабаб ўсди, лекин Қозоғистон, Грузияда бўлгани каби суръатда бўлмади”, дейди иқтисодчи. У Ўзбекистонга кириб келаётган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми киши бошига ҳисоблаганда Қозоғистон ва Грузияга қараганда ўнлаб баробар камлигини қайд этди.

Фото: Kun.uz

2023 йилда Ўзбекистонга тўғридан тўғри инвестициялар миқдори камайди. Марказий банк маълумотларига кўра, 2023 йил давомида Ўзбекистонга молиявий оқим 6,6 млрд долларни ташкил этган. Бунда, тўғридан тўғри инвестицияларнинг соф оқими 2,2 млрд долларни ташкил этиб, 2022 йилга нисбатан 16 фоизга ёки 425 млн долларга қисқарган.

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Kun.uz'га берган интервюсида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритиб, уларнинг камайиши келажак учун хавотирли сигнал эканини таъкидлади.

“Ўзбекистондай катта, инвестициялар ва маблағ кам мамлакат учун йилига 1,36 млрд доллар инвестиция (2023 йилнинг 9 ойидаги тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳажми – таҳр.) – жуда кичкина рақам. Грузия, Қозоғистон кабиларга қаралса, киши бошига хорижий инвестицияларни ўнлаб марта кўпроқ жалб қилишган. Ўзбекистоннинг хорижий инвестицияларни олиб келиш тажрибаси яхши бўлмади, лекин имкониятлар кўп. Ўнлаб миллиард доллар инвестиция кирса, яхши бўларди ва шунга ҳаракат қилиш керак деб ўйлайман”, – деди у.

Ҳошимов хорижий инвестициялар оқими камлигидан хавотир билдирди.

“Мени хавотирга солаётгани – инвестиция кириб келиш суръати камлиги. Олдин Ўзбекистон ёпиқ бўлгани учун инвестициялар кириши кам бўларди, охирги йиллардаги очилиш сабаб ўсди, лекин Қозоғистон, Грузияда бўлгани каби суръатда бўлмади”, – дейди у.

Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, хорижий инвесторлар пулини кўпайтириш, фойда кўриш учун инвестиция киритишади ва хизмат кўрсатиш ёки ишлаб чиқариш йўлга қўяди, ўша корхоналарда ўзбекистонликлар ишлайди, корхоналар Ўзбекистонга солиқ тўлайди ва кўп маънода ўзбекистонликларни бойитади.

“Бюджетга пул тушгач, бюджет ташкилотларида ишловчилар учун ҳам кўпроқ пул бўлади, дейлик, ўқитувчилар, шифокорлар, хавфсизлик ходимлари кабиларга. Қўшимча қиймат ҳам яратилади, бу инвесторларни ҳам бойитади, Ўзбекистон иқтисодиётига қўшилган қиймат бўлиб қолади ва Ўзбекистонни бойитади.

Шу сабабларга кўра муҳим нарса бу. Ўзимиз бунча инвестицияни жамғаришимиз қийин, қаердандир тайёр пул келиб бойитади, бу яхши нарса. Инвестиция учун жозибадор давлат сифатида кўринсак, ўнлаб млрд долларлар оқиб келиши мумкин ва бу бизни бойитади”, – дея қўшимча қилди у.

Иқтисодчи Telegram'даги каналида тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳақидаги бошқа мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашган.

“Боз устига, афсус айнан шу даврда инвестицияга “чанқоқроқмиз” ва тегишли равишда фойда кўпроқ келтира олар эдик. Биздаги демография шуни кўрсатадики, айнан бугунги кунда пуллар жуда керак, аҳолимизни ёши ошмоқда, бу дегани ҳозир улар меҳнатга лаёқатли бўлиб қиймат ярата олар эдилар. Агар ҳозир етарлича инвестиция олиб олмасак, келажакда ҳам, худди ўтмишимиздек суст ўсиб келамиз. Қозоғистонга етиб олишга 60-70 йил эмас, ундан ҳам кўпроқ вақт керак бўлиши мумкин бўлиб қолади.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар мамлакатнинг ўсиши учун яна бир муҳим аҳамиятга эгалиги, улар нафақат капитални, балки технология ва тажрибани ҳам олиб келишади. Шу нарсалар бизга ҳаводек зарур”, – дея қайд этган у.

Беҳзод Ҳошимовнинг фикрича, инвестициялар учун жозибадор бўла олмаганимизнинг сабаби – “инвестицияларни олиб келиш чоралари” дейилганида, одатда фақат имтиёзларни назарда тутамиз, “ўйин қоидаларини” эмас.

“Аслида эса, ўйин қоидалари, контрактларни бажарилишини таъминлаш, судларни мустақиллиги ва компетентлиги каби муҳим йўналишларда қилинмаган ислоҳотлар, инвестициялар келмаганини асосий сабаби бўлиб қолмоқда”, – дея ёзади иқтисодчи.

Мавзуга оид