Асир тушган россиялик аскарлар, Харкивда шелтерда яшаётган қариялар. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 865-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Воронеж областида дронлар ҳужумидан кейин омборхоналардан бирида «портлаш хавфи мавжуд бўлган объектлар детонацияси» оқибатида ёнғин келиб чиқди. Маҳаллий расмийлар фавқулодда ҳолат режими эълон қилди.
- Forbes журнали РФ армияси Часив Яр учун жангларда 99 минг киши йўқотгани ҳақида ёзди. Украина қуролли кучлари россияликларнинг йўқотишлари бундан 20 баравар камроқлигини маълум қилди.
- «Ҳарбий мухбир» Владимир Романов чеченларнинг «Ахмат» отряди Белгород области мудофаасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлардан кейинги қаторда тургани ҳақидаги сўзлари учун узр сўради.
- Доғистонда Украинага босқин иштирокчилари учун тўловлар миқдори беш баравар кўтарилиб — 500 минг рублга етказилди.
- The New York Times: АҚШ молия вазирлиги Россиянинг нефт танкерларига қарши янги санкциялар таклиф этди, аммо Оқ уй бундай чекловлар бензин нархи ошишига сабаб бўлишидан хавотирланмоқда.
Украина асирлигидаги россиялик ҳарбий хизматчи
Россия ва Украина ҳозиргача охирги асирлар алмашувини июн ойида ўтказганди. Алмашув доирасида икки томон ҳам 90 нафардан одамини қайтариб олган. Айни вақтда айнан қанча украинлар ва россияликлар рақиб қўлида асирликда қолаётгани аниқ эмас. Июн ойида РФ президенти Владимир Путин украинларда 1348 нафар россиялик борлиги, 6465 нафар украин ҳарбийси — Россия асирлигида қолаётганини айтганди. Аммо бу маълумотлар ишончлилигини, Путин айтган бошқа кўплаб гаплар қатори тасдиқлаш имконсиз.
Июл ойи бошида Россия ва Украинада ҳарбийлардан бири ярадор қуролдошини ўлдираётгани акс этган видео кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Conflict Intelligence Team (CIT) тадқиқот гуруҳи раҳбари Руслан Левиевга кўра, видео Запорижжя области Работине қишлоғи ҳудудида тасвирга олинган бўлиб, унда россиялик аскарлар акс этган. Ўз навбатида, россиялик ҳарбий мухбирлар бу «фейк»лигини айтишди, Россия телевидениеси эса видеодан парча намойиш этиб, унда украин ҳарбийлари акс этганини маълум қилди.
Июл ойи бошида The New York Times нашрида Украина қуролли кучларининг хорижликлардан иборат бўлинмасининг ҳарбий шифокори ҳикояси эълон қилинди, у ўз қуролдошларидан бири асир тушган россияликни ўлдирганини айтади. Унинг сўзларини тўғридан тўғри тасдиқловчи далиллар йўқ, аммо билвосита далиллар мавжуд.
Қуйидаги суратдаги россиялик ҳарбий Донецк областида асир тушган. 6 июл куни олинган тасвирда у асирлар учун лагерга олиб кетишларини кутмоқда. У келгусида Россияда бўлиб турган украин ҳарбийларига алмаштирилади.
Харкивда ёлғиз қолган кексалар учун шелтер
Уруш туфайли Украинанинг кўплаб аҳоли яшаш манзилларидаги аҳоли ўз уйларини такр этишга мажбур бўлган, улар орасида қийин вазиятда қолган кекса ва ёлғиз одамлар бор. Ҳарбий ҳаракатлар марказида қолган Вовчанскдан олиб чиқилган кекса ёшли кишиларга Харкивдаги «Катта оила» шелтерида ғамхўрлик қилинмоқда.
Украина қуролли кучларининг Донецк областидаги артиллерияси
Россия қўшинининг Донецк областида ҳужум қилишга уринишларини бошқалар қатори гетман Тарас Трясило номидаги 43-алоҳида артиллерия бригадаси тўхтатиб турибди.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024