Ўзбекистон | 17:42 / 08.07.2024
26223
1 дақиқада ўқилади

Жиззахда икки киши куйдиргига чалинганликда гумонланаётганлик ҳолатига изоҳ берилди

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига кўра, хонадонда сўйилган қорамол гўшти ва тупроқдан олинган намуналар текширувлардан ўтказилганда касаллик қўзғатувчиси аниқланмаган.

“Марказий студия” дастурида Жиззах вилояти, Зафаробод тумани, Ёрқин маҳалласида яшовчи ака-ука О.А. ва Ҳ.А. куйдирги касаллигига гумонланиб, шифохонада даволанаётгани хабар қилинганди.

Унда айтилишича, О.А. даладан қайтган молини касал бўлганликда гумон қилиб, ўз хонадонида сўяди. Акаси Ҳ.А. эса унга ёрдамлашади. Орадан бир неча кун ўтгач уларнинг танасида турли яралар пайдо бўла бошлаган.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Маълум қилинишича, ҳолат Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан жойига бориб ўрганилган.

Ўрганишлар давомида куйдирги касаллигига гумонланган қорамол гўшти ва тупроқдан намуналар олинган. Намуналар Жиззах вилояти Ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлиги давлат марказида микроскопик, бактериологик, биологик текширувлардан ўтказилганда касаллик қўзғатувчиси аниқланмаган.

 

Мавзуга оид