Жаҳон | 16:27 / 10.07.2024
12160
3 дақиқада ўқилади

Россия қўшини Торецкка юриш қилмоқда. Авиазарбалардан вайрон бўлаётган шаҳар аҳолиси эвакуация қилинмоқда

Россия қўшини ўтган ой охирларида Донецк областида янги юриш бошлаганди — кутилмаган ҳужум давомида улар Торецк шаҳри чеккаларига кириб келишган. Ҳудудни штурм қилишда РФ қуролли кучлари кўп километрлик туннелдан фойдаланишган, бу йўлни улар Украина қуролли кучларининг таянч пунктлари остидан қазишганди ва эндиликда уларнинг ортида пайдо бўлди.

Шаҳар кучли даражада вайрон қилинган, РФ қўшини унга ракеталар билан зарба беришда, артиллериядан ўққа тутишда ҳамда дронлар билан ҳужум қилишда давом этмоқда. «Ерни, осмонни худо берган! Топташди! Ҳамма ёқни қонга белашди! Бутун ер юзи қонга беланиб йиғламоқда!» — деган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири «Озодлик радиоси»да 9 июл куни эълон қилинган репортажда.

Тинчлик даврида Торецкда 35 минг атрофида одам яшаган. Торецк шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Василий Чинчик 2024 йил июл ойи бошида берган маълумотга кўра, Торецкда 4,5 мингга яқин киши қолган. «Биз уларга қўлимиздан келганича барчасини, турар жой, транспорт таклиф қиламиз, барчаси бепул, аммо одамлар ертўлаларда яшириниб ётишни маъқул кўрмоқда», — деган Reuters мухбирига шаҳар маъмурияти вакилларидан бири. Шунга қарамай, айримларни Торецкдан кетишга кўндиришнинг ҳам имкони бўлмоқда. Улар зирҳланган автомобилларда олиб кетилмоқда, доимий авиазарбалар хавфи туфайли одамларни оддий транспортда ташиш хавфли. «Мен бу ерга қайта олмаслигимиздан, кейин бизни буёққа ҳеч ким ўтказмаслигидан қўрқамиз», — деган Reuters мухбири билан суҳбатда шаҳарда яшовчилардан бири.

Marek M. Berezowski / Anadolu / Getty Images
Торецкда вайронн қилинган кўплаб уйлардан бирининг кўриниши
Marek M. Berezowski / Anadolu / Getty Images
Украиналик ҳарбий Торецк атрофидаги позицияда. Фронт чизиғининг айрим участкаларида Украина қуролли кучлари жангчилари ҳамда РФ ҳарбийларини бир-биридан атиги 100 метр масофа ажратиб туради
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images
Торецк шаҳар маъмурияти раҳбари Василий Чинчик июл ойи бошида сўнгги ҳафталарда шаҳардан 1378 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлинганини айтган
Pablo Miranzo / Anadolu / Getty Images
Шаҳардан кетаётганларнинг аксари уй жониворларини ўзи билан олиб кета олмайди, кўнгиллилар эса уларни ҳам қутқаришга ҳаракат қилмоқда
Jose Colon / Anadolu / Getty Images
Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Мавзуга оид