Жаҳон | 08:21 / 14.07.2024
65750
8 дақиқада ўқилади

Трампга суиқасд уюштирилди. Асосий маълумотлар

Митинг чоғида рўй берган отишма оқибатида республикачилар номзоди яраланган, гумонланувчи йўқ қилинган, яна бир киши ҳалок бўлган, икки жабрланувчи оғир аҳволда.

Evan Vucci / AP / Scanpix / LETA

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Пенсилваниянинг Батлер шаҳридаги сайловолди митинги чоғида яраланди. Ҳодиса акс этган видеода унинг чиқиши чоғида ўқ овозига ўхшаш товушлар эшитилаётганини кўриши мумкин; сиёсатчи ўнг қулоғини ушлайди ва полга чўккалайди. Махсус хизмат агентлари уни қуршаб олишган, кўтарилишга ёрдам беришган ва саҳнадан олиб кетишган. Видеода Трампнинг қулоғи қонга белангани кўринган; у саҳнани ҳуши жойида ҳолатда ва муштини кўтарган ҳолда тарк этган.

Махфий хизматлар вакили Трамп айни вақтда «хавфсизликда» эканини маълум қилди, деб хабар беради The New York Times. Трампнинг сайлов кампанияси вакили ҳам собиқ президентнинг «аҳволи яхшилиги» ва маҳаллий тиббиёт муассасасида тиббий кўрикдан ўтганини маълум қилган. Батлер округи прокурорига кўра, ўқ Трампни «тирнаб ўтган». CBS News маълумотига кўра, ҳодисадан уч соат ўтиб собиқ президент шифохонани тарк этганди.

Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган ва яраланганлар бор — Батлер округи прокурори митингга келганлардан бири ҳалок бўлгани ва яна икки жабрланувчи оғир аҳволда эканини маълум қилган. Ўт очган шахс Махфий хизмат ходимлари томонидан отиб ўлдирилган. Гумондорнинг шахси ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. The New York Times маълумотига кўра, суриштирув ишлари Махфий хизмат томонидан олиб борилмоқда, аммо унга бошқа идоралар, хусусан Федерал қидирув бюроси ҳам жалб этилади.

CNN ҳодиса қотилликка уриниш сифатида баҳоланмоқда.

Трампга ўқ узган шахснинг ўзи тадбир иштирокчилари орасида бўлмаган, у митинг майдони ташқарисидаги уйлардан бирининг томидан туриб бир неча марта ўқ узган, деган CNN мухбирининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбалари. Батлер округ прокурори Ричард Голдинжер ҳужум қилган шахс томда бўлгани ва «бир неча юз ярд» масофадан туриб ўт очганини тасдиқлаган. «Бунинг учун милтиқ керак бўларди», — деган у. Кейинроқ жиноятчининг ёнидан AR-15 русумли яримавтомат милтиқ топилган.

Отишма уюштирган шахс ва Трамп турган жой геолокациясига кўра, уларнинг оралиғида тахминан 125 метр бўлган; ABC News манбаси эса бундан қарийб икки баробар кўпроқ масофани айтмоқда — 200-300 ярд.

BBC News митингга ташриф буюрганлардан биридан интервю олган, у отишма бошланишидан бир неча дақиқа олдин ўзи ва атрофидагилар милтиқ кўтарган шахс саҳнага қараб турганини кўришган ва полициячиларни огоҳлантиришга уринишган, аммо бундан наф чиқмаган.

Махфий хизмат агентлари бошқа хизматлар ходимлари билан биргаликда сайловолди митинггига келганларнинг барчасини текширувдан ўтказиши керак эди, дея ёзади Associated Press агентлиги. Бундан ташқари, махсус хизматлар бундай тадбирларда эҳтимолий ҳужумларни аниқлаш ва уни бартараф этишга махсус ўқитилган ходимлардан фойдаланади.

Президент Жо Байден Трамп «хавфсизликда экани ва ўзини яхши ҳис қилаётгани»ни эшитганидан хурсандлигини айтган ва «Америкада бундай зўравонликка жой йўқлиги»ни таъкидлаган. «Биз мамлакат сифатида бирлашишимиз ва буни қоралашимиз лозим», — дея унинг сўзларини келтирган The New York Times. Бу хабар ортидан Байден қисқача телемурожаат билан чиқди; у яқин вақтлар ичида Трамп билан мулоқот қилишига умид билдирган. Ҳодиса муносабати билан Байденнинг кампанияси ўз рекламаларини ТВ орқали намойиш этишни тўхтатган.

Американинг ҳар икки партиясига мансуб бўлган сиёсатчилар Трампни қўллаб-қувватловчи ва сиёсий зўравонликни қораловчи баёнотлар беришмоқда. Илон Маск бўлажак сайловларда Трампни «тўла» қўллашини айтиб, у тез орада соғайишига умид билдирган. Доналд Трампнинг ўғли қонга беланган ҳолда қўлини мушт қилиб турган отасининг фотосини «У Американи қутқариш учун курашни ҳеч қачон тўхтатмайди» ёзуви билан эълон қилган.

15 июл куни Милуокида республикачиларнинг миллий конвенцияси бошланиши лозим эди, унда партия президентлик ва вице-президентлик учун ўз номзодларини расман эълон қилиши кўзда тутилган. The New York Times журналисти ва CNN телеканали сиёсий таҳлилчиси Мэгги Ҳаберман митингдаги отишма назарий жиҳатдан ушбу тадбирни ортга суриши мумкинлигини айтган, аммо Associated Press хабарига кўра, Республикачилар партияси миллий қўмитаси бу тадбир ўз вақтида ўтказилишини маълум қилган.

Махсус хизмат ходимлари қонга беланган Трампни саҳнадан олиб кетишмоқда
Gene J. Puskar / AP / Scanpix / LETA

Ҳодисадан икки соатдан кўпроқ вақт ўтганида Трамп ижтимоий тармоқлари орқали ўз муносабатини билдирди.

Мен Пенсилвания штати, Батлер шаҳрида рўй берган отишмага тезкор реакция кўрсатгани учун АҚШ Махфий хизматига ва барча ҳуқуқ-тартибот органларига миннатдорчилик билдираман. 

Биринчи навбатда, мен митингда ҳалок бўлган кишининг, шунингдек оғир яраланганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдиришни истардим. Бизнинг мамлакатда бунақаси бўлиши мумкинлиги ақлга сиғмайди. Айни вақтда ўлдирилган мерган ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. 

Ўқ ўнг қулоғимнинг юқори қисмини тешиб ўтди. Мен нимадир жойида эмаслигини сездим, ҳуштак, ўқ овозлари эшитилди ва ўқ теримни йиртиб ўтганини ҳис қилдим. Кучли қон оқиши бошланди ва шунда нима бўлаётганини тушундим. ХУДОЙИМ, АМЕРИКАНИ ПАНОҲИНГДА САҚЛА!

АҚШ тарихида президентлар ва президентликка номзодлар бир неча бор суиқасд нишони бўлишган. Амалдаги президентлардан тўрт нафари ўлдирилган — Авраам Линколн (1865), Жеймс Абрам Гарфилд (1881), Уилям Мак-Кинли (1901) ва Жон Кеннеди (1963). 1981 йилда Роналд Рейган жиддий жароҳатланган. 1912 йилда президентликка қайта сайланиш учун номзодини қўйган Теодор Рузвелт сайловолди тадбири чоғида яраланган. 1968 йилда сайлов кампанияси чоғида Жон Кеннедининг укаси, демократлар праймеризида етакчилик қилиб турган Роберт ўлдирилган; 1972 йилда президентликка демократлар партиясидан номзоди кўрсатилиши кутилган Жорж Уоллес суиқасд натижасида яраланган. Шунингдек, АҚШнинг сўнгги ўн йилликлардаги барча президентларига суиқасд тайёрлангани аниқланиб, уларнинг олди олинган.

Бутун дунёда сиёсатчиларга суиқасдлар сони ортиб бормоқда

Экспертлар сўнгги вақтларда бутун дунё бўйлаб сиёсий суиқасдларга уринишлар ва ўлим билан таҳдид солиш ҳолатлари ортганини қайд этишади.

Ўтган йили Эквадор президентлигига номзод Фернандо Вилявисенсио Китода ўлдирилганди.

Аргентина вице-президенти Кристина Фернандес де Киршнер ҳам суиқасдга учраган — аммо у билан боғлиқ ҳолатда ёлланма қотилнинг тўппончаси отилмай қолганди.

Япония бош вазири Синдзо Абэ қўлбола қурол орқали отиб ўлдирилган.

Жорий йил бошида эса Жануби Кореядаги мухолифат етакчиси Ли Жэ Мен бўйнидан яраланган, баҳорда эса Словакия бош вазири Роберт Фицо суиқасдни бошдан кечирганди.

АҚШда сўнгги вақтларда бу каби ҳолатлар кузатилмаганди, аммо америкалик юқори мартабали мулозимларга таҳдидлар сони ортиб бормоқда.

New York Times нашри хабарига кўра, ўтган йили полициячилар Конгресс аъзолари манзилига келиб тушган саккиз мингдан ортиқ таҳдидларни текширган, бундай таҳдидлар федерал судяларга нисбатан ҳам билдирилган.

Ўтган йил октябрида америкаликларнинг тўртдан бир қисми «ватанпарварлар мамлакатни қутқариш учун зўравонликка қўл уришига ҳам тўғри келади» деб ҳисоблаши маълум бўлганди (бу шундай сўровлар ўтказилган сўнгги уч йил давомидаги энг юқори кўрсаткич эди).

Мавзуга оид