Жаҳон | 10:09 / 15.07.2024
70010
5 дақиқада ўқилади

20 ёшли Томас Крукс — Трампни ўлдиришга уринган шахс ҳақида нималар маълум?

Суиқасддан кейин Крукс республикачилар ва Трампни ёмон кўришини айтгани ҳақидаги видео фейк бўлиб чиқди. Уни ташқи кўриниши Круксга ўхшаб кетадиган пранкер эълон қилган.

Фото: Reuters

ФҚБ Пенсилвания штати Батлер шаҳридаги митингда Доналд Трампга ўқ отган шахс 20 ёшли Томас Мэтю Крукс эканини маълум қилди. У шаҳар ташқарисидаги тинч жойда ота-онаси билан яшаган ва Республикачилар партияси тарафдори сифатида рўйхатдан ўтказилган.

Унинг Трампга отган ўқи аниқ бормаган — ўқ сиёсатчининг қулоғини тирнаб ўтган — бошқа ўқлар эса йиғилганлардан бирини ўлдириб, яна икки нафарига оғир тан жароҳатлари етказган. Уни Трампни собиқ президент ҳамда президентликка номзод сифатида қўриқлаган Махфий хизмат ходимлари отиб ташлаган.

NYT фотографи Даг Миллс Трамп томон отилган ўқ йўналишини суратга олишга муваффақ бўлди. Федерал суриштирув бюроси истеъфодаги агенти Мафкл Ҳарриган бу чиндан ўқ изи эканини тасдиқлаган.

Митингда қатнашган Трамп тарафдорларидан бири яқин атрофдаги бино томига қуролланган одам чиққанини кўргач, бу ҳақда полицияга хабар берган, аммо улар ҳеч қандай реакция билдирмаган. Унинг айтишича, қуролланган жиноятчини бошқа одамлар ҳам кўриб, бу ҳақда хабар беришган. Қизиғи, Трамп сўзга чиққан минбар ёнида иккита мерган одамларга ва катта эҳтимол билан, қотил жойлашган томонга қараб турган. Митингдагилар айнан шу мерганларни видеога олаётганда отишма бошланиб кетган.

Томас Крукснинг ёнида ҳужжатлари бўлмаган ва тергов унинг шахсига ДНК намуналари бўйича аниқлик киритди.

Томас Крукс ота-онаси билан Питтсбург шаҳри чеккасидаги Бетел-паркда яшаган, бу суиқасд рўй берган жойдан 70 км масофадаги ҳудуд. У 2022 йилда ўрта мактабни тамомлаган ва дипломдан ташқари 500 доллар миқдорида «юлдузли мукофот» ҳам олган. Бу математика ва табиий фанларни ривожлантириш дастури доирасидаги мукофот бўлган — бу ҳақда маҳаллий газетада ҳам ёзилган.

Мактабдан кейин Крукс уйидан узоқ бўлмаган ҳудудда қариялар уйидаги ошхонада ишлаган.

Пенсилвания штати суд идоралари маълумотига кўра, Крукс ҳеч қачон жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилмаган.

Америка матбуоти аниқлашича, республикачилар номзоди Трампнинг ҳаётига суиқасд қилган ушбу йигит Республикачилар партияси тарафдори сифатида рўйхатдан ўтганди. Жорий йилда Крукс илк марта президентлик сайловларида овоз бериши мумкин бўлган.

Шу билан бирга, у уч йил муқаддам демократлар платформасидаги ActBlue дастурини қўллаш учун 15 доллар хайрия қилган.

Америка нашрларига кўра, суиқасд вақтида Крукснинг эгнида Demolition Ranch логоси акс этган футболка бўлган — бу ютубда миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган, қуроллар ва портловчи моддаларга оид видеолар эълон қилинадиган каналдир.

Ҳуқуқ-тартибот органлари аниқлик киритишича, Томас Крукс фойдаланган қурол бир ярим йил муқаддам унинг отаси томонидан қонуний йўл орқали сотиб олинган.

Суиқасддан кейин гўёки Крукс республикачилар ва Трампни ёмон кўришини айтган видео кенг тарқалди. Аммо маълум бўлишича, бу фейк видео бўлиб, уни ташқи кўриниши Круксга ўхшаб кетадиган пранкер эълон қилгани маълум бўлди. Кўп ўтмай jewgazing никли бу пранкер видеони ўчириб ташлаган.

Мотивлар номаълум

«Биз айни вақтда ҳали унинг мотивларини аниқламадик», — деган шанба кунги брифингда ФҚБнинг Питтсбургдаги бўлими раҳбари Кевин Роджек.

Унинг сўзларига кўра, текширув ишлари бир неча ойга чўзилиши мумкин ва терговчилар Круксни нима Трампни отишга мажбур қилганини аниқлаш учун кучини аямайди.

Якшанба кунги брифингда Роджек ФҚБ ходимлари Крукснинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ҳам ўрганаётганини айтди.

«Ҳозирча биз ҳеч қандай таҳдидли нарса учратмадик. Аммо ҳали кўп вақт ўтмади», — деган Роджек.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Крукснинг телефони ФҚБнинг Виржиниядаги лабораториясига экспертиза учун юборилган, унинг сўнгги қўнғироқлашувлари билан танишиб чиқиш унинг мотивлари бўйича ҳеч қандай янгилик бермаган.

ФҚБда Круксда қандайдир руҳий муаммолар бўлганига оид маълумот ҳам йўқ.

Томаснинг отаси, Мэтю Крукс CNN телекомпаниясига берган интервюсида нима бўлганини умуман тушунмаётгани ва матбуотчилар билан ўғли ҳақида гаплашишдан олдин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан гаплашиши лозимлигини айтган.

Суиқасддан кейин, якшанбага ўтар кечаси, полиция Крукслар уйини ва унинг атрофидаги уйларни ўраб олиб, барча қўшниларни шошилинч тарзда эвакуация қилган. Маҳаллий полиция буни уйда портловчи қурилма топилгани билан изоҳлаган.

Мавзуга оид