Ўзбекистон | 21:16 / 17.07.2024
8296
5 дақиқада ўқилади

Korzinka реклама бўйича қонунбузилишига йўл қўйган деб топилди 

Рақобат қўмитаси Korzinka супермаркетлар тармоғи жойлаштирган реклама бўйича ўрганиш ишлари олиб бораётганди. Маълум қилинишича, махсус комиссия томонидан Korzinkaʼга молиявий жарима қўллаш юзасидан судга киритиш бўйича қарор қабул қилинган. Korzinkа асосчиси Зафар Ҳошимов бу реклама кампанияси эмас, балки янги нарх сиёсати эканини маълум қилди. 

Фото: Korzinka

Аввалроқ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат қўмитаси томонидан Korzinkа супермаркетлар тармоғи (“Anglesey Food” МЧЖ)га нисбатан иш қўзғатилгани маълум қилинганди

Бунга Korzinkа супермаркетлар тармоғи томонидан «энг арзон нарх» деб эълон қилинган маҳсулотларнинг алоҳида турлари бўйича нархлар бошқа супермаркетлар ва деҳқон бозорларида сотилаётган худди шу турдаги маҳсулотлар нархларидан фарқ қилмаслиги сабаб бўлганди. 

Қўмита Korzinkа томонидан тарқатилаётган реклама ахборотида “Кундалик харидларга энг арзон нарх”, “Энг арзон нарх – Korzinkаʼда”, “Энг унумлисига келинг!” деган истеъмолчиларни чалғитадиган ёки чалғитиши мумкин бўлган жумлалардан фойдаланилган, дея маълум қилганди. 

Рақобат қўмитаси хабарига кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши юзасидан ишларни кўриб чиқиш бўйича Махсус комиссияси томонидан қўзғатилган ишда Korzinkа супермаркетлар тармоғи бренди остида фаолият кўрсатувчи “Anglesey Food” МЧЖ ХК айбдор деб топилиб, унга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш юзасидан судга киритиш бўйича қарор қабул қилинган. 

“Шунингдек, унга ушбу реклама бўйича қонунбузилишига йўл қўйилган ҳолатларни бир ойлик муддатда бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди. 

Ваколатли органнинг ушбу қароридан норози бўлган томон судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Барча тадбиркорлик субъекти вакилларини мамлакат иқтисодиёти ва аҳолининг бандлигини таъминлашдаги ҳиссаларини қадрлаган ҳолда, мамлакатимизда мавжуд амалдаги қонунчилик ҳужжатларига асосан қонуний фаолият олиб боришларини ва жамиятимизда демократик қонуний муҳит шаклланишига ўз ҳиссаларини қўшишларини сўраб қоламиз”, - дейилади расмий хабарда. 

Korzinkа нима дейди? 

Рақобат қўмитаси Korzinkа супермаркетлар тармоғига нисбатан иш қўзғатилганини маълум қилгач, компания асосчиси Зафар Ҳошимов Теlegram-каналида “энг арзон нарх” рекламасига изоҳ берди

Ҳошимов бу реклама кампанияси эмас, бу Korzinkа тармоғининг янги нарх сиёсати, дея маълум қилди. Унинг тушунтиришича, дастур эндиликда доимий равишда амал қилади.  

“Реклама қилиб корхоналар ўзларига кўпроқ даромад келтирадиган маҳсулотларини олишни ташвиқот қилса, биз бу дастур билан, аксинча, харидорларимиз энг кўп танлаётган маҳсулотлар учун ўз устамамизни кўнгилли равишда пасайтиряпмиз.  

Янги нарх сиёсати доирасида меҳмонларимизга кундалик харидлар рўйхатига ростмана энг харидоргир тўрт юзга яқин (ҳозирча улардан юзга яқин маҳсулот жорий қилинган) товарларни танладик (шунинг учун ҳам дастуримиз "Кундалик харидлар учун энг арзон нархлар" деб номланади) ва ушбу товарларни бозорлар ва бошқа чакана савдо корхоналаридан арзонроқ нархларда сотиш мажбуриятини ўз зиммамизга олдик”, - дейилади Зафар Ҳошимовнинг муносабатида.  

У янги нарх-наво сиёсати бозорлар ва савдо корхоналарида нархларни мунтазам мониторинг қилиш ҳамда чакана нархларни динамик равишда мослаштириш бўйича автоматлаштирилган тизим орқали таъминланаётганини қўшимча қилган. Бундан ташқари, дастурга киритилган айрим товарларнинг нархи бозор ва бошқа савдо нуқталаридаги нархлар билан тенг келиб қолиши мумкинлигини таъкидлаган.

“Агар бу маҳсулотлар рақобатчилар томонидан вақти ва ассортименти бўйича чекланган акциялар доирасида сотилса ёки бозорлардаги савдогарлар каби моно маҳсулот, кечки бозор, кўтара савдо асносида амалга оширилган бўлса. Бироқ бизнинг нарх таклифимиз шуни англатадики, чакана савдода ҳеч ким биз каби кундалик товарлар учун тўла қамровли, изчил, номуваққат ва ҳар томонлама нарх устунлигига эга таклифни бу кунгача бермаган. Бу бизнинг мижозларимиз кўплаб алоҳида савдо дўконларида ва бозорларда индивидуал арзон нархларни овлаб юрмасликлари ва биздан барча харидларини янада қулайроқ ва энг муҳими, ҳамёнбоп бўлиши учун қўйилган қадам”, - дейди Ҳошимов.  

Korzinkа асосчиси  бу дастур бизнинг кашфиётимиз эмас, дея таъкидлаган. Бундай дастурлар бутун дунёда замонавий чакана савдо ва супермаркетлар ривожланиши даврида амалга ошириб келинган.  

“Everyday Low Prices (EDLP) деб номланган дастур биринчи бор 1974 йилда Америкада Walmart томонидан тақдим этилган. EDLP Walmartʼда шу кунгача амал қилиб келмоқда. Кейинчалик шунга ўхшаш нарх сиёсатлари бутун дунё бўйлаб турли тармоқларга кенг тарқалди. Эндиликда бундай шароит мамлакатимизда ҳам амалга ошгани билан биз бир-биримизни аслида табрикласак арзийди”, - деб ёзди тадбиркор.

Мавзуга оид