Ўзбекистон | 11:54 / 17.07.2024
24108
4 дақиқада ўқилади

Қабулдаги можаро: Тестларда дарсликка киритилмаган саволлар ҳам тушяптими?

Ҳуқуқшунослик йўналишида абитуриентлардан бирор қилмиш учун кодексларда қанақа жазо белгилангани сўраляпти. Шунга қарамай, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тестларни тузишда ўқув дастурларидан четга чиқилмаганини иддао қилди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бу баёнотни “ёлғон ва сафсата” деб атади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда профессионал ва олий таълим йўналишларига ўқишга кириш учун давлат имтиҳонлари 14 июл куни бошланган эди. Ҳуқуқшунослик фанидан тест ечган абитуриентларнинг Kun.uz'га айтишича, тест саволларини тузишда белгиланган адабиётлардан четга чиқилган.

Абитуриентларга кўра, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги тавсия этмаган қонун ва кодекслардан савол-топшириқлар берилган.

Масалан, Қорақалпоғистон Республикаси мадҳиясига ҳурматсизлик кўрсатганлик учун қанақа жазо тайинланади? Китобда бунақа маълумот йўқ. Мадҳия тўғрисидаги қонунни очиб кўрсам, энг кам ойлик иш ҳақининг 25 бараваригача жарима 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари экан. Яна бир тестда президентлик сайлови ва референдум пайтида мадҳия соат нечада айтилади? Бошқасида эса молиявий назорат органлари сўралган”, – деб ёзган мурожаатчилардан бири.

Шунингдек, бундай мурожаатлар ижтимоий тармоқларда ҳам айланиб юрибди. Жумладан, бир мурожаатда давлат рамзлари тўғрисидаги қонунлар (байроқ қачон кўтарилиши, мадҳия соат нечада айтилиши ва ҳ.к.), давлат бюджети тўғрисидаги қонунлар сўралгани айтилади.

Билимини текшириш учун тестга кириб чиққан бир юрист ҳам саволларни кўриб ҳайрон қолганини ёзган. “Саволлар мени қийнаб қўйди. Аламлиси, метродан фойдаланиш қоидаларини бузса, жарима миқдори сўралган. Вилоятлик бола метродан фойдаланишни билмайди, кўрмаган бўлса, жаримани қаерда билсин. Бундан ташқари санкцияларни ҳатто профессор юристлар ёддан билмайди”, – деб ёзган у.

Тармоқларда тарқалган бир ўқув маркази ходими абитуриентларига ҳуқуқ фанидан берилган 30 та саволнинг 15 таси Маъмурий жавобгарлик ва Жиноят кодексидан тушганини, бундай ҳолат бошқа абитуриентлар билан ҳам содир бўлганини маълум қилган.

Норозиликлар кўпайгач, ҳолатга Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги расмий муносабат билдирди. Агентлик тавсия этилган дарсликлар ва ўқув адабиётлари рўйхатини ўз сайтига аввалдан жойлаштирганини эслатган.

Шунингдек, агентлик амалдаги давлат таълим стандатлари ва ўқув дастурларидан четга чиқиш ҳолатлари бўлмаганини маълум қилган.

Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев эса агентликнинг бу баёнотини “ёлғон ва сафсата” деб атади.

БМБА сайтида ҳуқуқшунослик фанидан тавсия этилган адабиётлар рўйхатида фақат 5 та манба берилган холос. Уларнинг 4 таси дарслик, 1 таси Ўзбекистон Конституцияси. Ушбу манбаларда мавжуд бўлмаган бирорта савол беришга БМБАнинг ҳаққи йўқ”, – деб ёзган у.

Шунингдек, баёнотда савол тузишда қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартириш киритилганда қонуннинг асл манбайи – lex.uz сайтига мурожаат қилинади дейилган. Хушнудбек Худойбердиев агентлик шу жумлани нотўғри талқин қиляпти деган фикрда.

Яъни изоҳда саволлар энг охирги ўзгариш ва қўшимчаларни инобатга олиб тузилади дейилган. Лекин бу дегани биз исталган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдан савол тузишга ҳаққимиз бор, дегани эмас. Бу шунчаки юқоридаги 5 та манбадан савол тузилаётганда қонунчиликдаги ўзгаришларга қараймиз дегани. БМБАнинг бу иши ҳуқуқий асосга эга эмас ва бу қонунбузилиши деб баҳоланиши керак”, – деб ёзган ҳуқуқшунос.

Бундан ташқари, агентлик саволда қайсидир қилмиш учун ЖК ва МЖтКда қанақа жазо берилгани, яъни санкцияси сўралганини тўғри деб ҳисоблашини айтган. Бунга жавобан ҳуқуқшунос санкциялар юридик олийгоҳ талабаларига ҳам ёдлатилмаслиги, санкциялар судялар ва орган ходимларининг имтиҳон ва аттестацияларида ҳам сўралмаслигини таъкидлаган.

Ўзимиз ёшларга шунақа аҳмоқона саволларни берамиз-да, кейин PISA каби халқаро имтиҳонларда ўқувчиларимизнинг фикрлаши энг охирги ўринларда эканидан ҳайрон бўламиз. Аслида мана шунақа саволлар тушаётган тест тизими ёшларимизни зомбига айлантириб, мантиқий фикрлашини ўлдиряпти”, – деб ёзган у.

Мавзуга оид