Жаҳон | 11:36 / 17.07.2024
3241
2 дақиқада ўқилади

Роберта Метсола Европарламент раҳбари этиб қайта сайланди

Янги чақириқ депутатлари малталик христиан-демократ Роберта Метсолани Европа парламенти спикери лавозимига қайта сайладилар. Ягона муқобил номзод сўл фракциядан испаниялик Ирене Монтеро бўлди.

Фото: AP

Европарламент (ЕП)даги христиан демократлар фракцияси вакили Роберта Метсола янги муддатга ЕП раиси сифатида қолади. 16 июл, сешанба куни бўлиб ўтган янги чақириқ Европа парламентининг биринчи йиғилишида 623 депутатдан 562 нафари унинг қайта сайланиши учун овоз берди.

Христиан демократлар, социал-демократлар ва либералларнинг парламентдаги фракциялари ўртасидаги келишувлар натижасида Метсола кейинги 2,5 йил давомида ушбу лавозимда қолиши аввалроқ маълум қилинганди. Овоз беришда ягона муқобил номзод сўл фракциядан испаниялик Ирене Монтеро бўлди. 61 депутат Монтерони қўллаб-қувватлади. 2022 йил январида Роберта Метсола Малтадан Европа парламенти раҳбари бўлган биринчи депутат, шунингдек, ЕП тарихидаги энг ёш спикер бўлди - у ўша пайтда 43 ёшда эди. 

Европарламент аъзолигига айрим ҳолларда профессионал бўлмаган сиёсатчилар ҳам сайланган, деб таъкидлайди AFP. Шу тариқа, улар орасида - Италияга ноқонуний қочқинларни етказган Sea-Watch-3 қутқарув кемаси капитани, германиялик Карола Ракете, болгариялик рэпер Христо Петров (Ицо Хазарта тахаллуси билан машҳур), австриялик экологик фаол Лена Шиллинг, 24 ёшли Tiktok ва Youtube блогери, кипрлик Фидиас Панайиотоу ва бошқалар бор. 

Мавзуга оид