Жаҳон | 08:50 / 19.07.2024
2838
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг АҚШни Киевга ёрдамини сусайтирмасликка чақирди

Украинани қўллаб-қувватлаш «Шимолий Америка ва Европанинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан» амалга оширилиши керак, деди НАТО бош котиби Европа сиёсий ҳамжамияти саммити чоғида.

Фото: Ken Mürk/ERR

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика алянси аъзоси сифатида Қўшма Штатларни шу йилнинг ноябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан кейин ҳам ўзини Россиядан ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлаш даражасини сусайтирмасликка чақирди. Вашингтоннинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши «ўта муҳим», деди Столтенберг 18 июл, пайшанба куни Британиянинг Вудсток шаҳрида бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамияти саммити чоғида.

Украинани қўллаб-қувватлаш қисқариши истиқболи

Республикачилар партиясидан номзод Доналд Трамп Оҳайо штатидан сенатор Жеймс Дэвид Вэнсни АҚШ вице-президенти лавозимига ўзининг номзоди сифатида таништирганидан сўнг, кўплаб кузатувчилар Трамп сайловда ғалаба қозонса, АҚШнинг Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатиш даражаси сезиларли даражада камайиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

«Трампнинг ўринбосари Вэнс Украинадаги урушда Путиннинг позициясини ифодалайди», деб ёзган Германиянинг Frankfurter Rundschau газетаси. У сенатор Украинанинг бир қатор ҳудудлари Россия таркибида қоладиган мавжуд чегаралардаги фронт чизиғини музлатиш тарафдори эканлигини назарда тутди.

Йенс Столтенберг 18 июл куни айтганидек, Украинани қўллаб-қувватлаш «Шимолий Америка ва Европанинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан» амалга оширилиши керак. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар, НАТО бош котибининг сўзларига кўра, Киевнинг энг яқин иттифоқчиси ҳисобланади.

Столтенбергга кўра, Украинани қўллаб-қувватлаш АҚШ манфаатларига тўғри келади. Агар Россия президенти Владимир Путин «Украинада ғалаба қозонса, бу нафақат украиналиклар учун фожиа бўлади, балки дунёни янада хавфли ва ҳимоясиз ҳолга келтиради», деди Столтенберг. «Агар биз ҳақиқатан ҳам Украина суверен, мустақил давлат бўлиши ҳақида келишувга эришмоқчи бўлсак, бунинг учун йўл Украинани кўпроқ қўллаб-қувватлашдан иборат», - дея хулоса қилди у.

Мавзуга оид