Марказий Осиё давлатларида тарвуз бозорида мураккаб вазият юзага келди - EastFruit
EastFruit таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистонда ва Марказий Осиё бошқа мамлакатларида тарвуз бозорида мураккаб вазият юзага келган. Бу полиз экини етиштирувчилари тарвузга талаб йўқлигидан шикоят қилмоқда, айримлар уларни далаларда теримсиз қолдириб кетишга мажбур бўляпти. Баъзи деҳқонлар тарвузни фақат чорва молларини боқиш учун йиғиб оляпти.
EastFruit компаниясининг улгуржи нархлари мониторинги шуни кўрсатадики, Ўзбекистон бозорида янги пишган тарвузнинг кичик улгуржи нархлари ҳозирда рекорд даражада паст бўлиб, ҳар бир килограмм учун 8 центни ташкил этади. Бироқ, бу аллақачон танлаб олинган, бозорга етказиб берилган ва сотувга қўйилган маҳсулотлар учун нарх. Пастроқ нархда тарвуз савдоси шунчаки фойдасиз бўляпти.
Нархларнинг арзонлашиши ва Ўзбекистонда тарвузга деярли талаб йўқлигининг асосий сабабларидан бири уни асосий бозор – Россия Федерациясига экспорт қилишнинг фойдасизлиги. Россияда тарвуз нархи рекорд даражага тушиб кетди ва айни дамда бу мамлакатда тарвузнинг улгуржи нархи тахминан уни Ўзбекистондан жўнатиш нархига тенг.
«Ўзбекистондан Шарқий Европа ва Европа Иттифоқи мамлакатларига тарвуз экспорти жорий мавсумда қийин кечмоқда, чунки бу ҳудудларда нархлар жуда паст. Хусусан, Украинадаги фермерлар тарвузнинг ортиқча ҳосили ва оммавий терим мавсуми бошланишидан олдин нархларнинг қулаши билан дуч келган. Шу боис Украина ва Ўзбекистонда тарвуз нархидаги фарқ транспорт харажатларини қопламайди. Қолаверса, Европа Иттифоқи мамлакатлари учун Ўзбекистондан олиб ўтишдан кўра, Украинадан арзон тарвуз сотиб олиш фойдалироқ», — дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) сармоявий департаменти иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Мева-сабзавот бизнеси бўйича халқаро эксперт Бахтиёр Абдувоҳидов Тожикистонда ҳам вазият шунга ўхшашлигини қайд этади. «Фермерлар кичик тарвузларни ҳаммага текин тарқатяпти, лекин катта тарвузларни ҳеч бўлмаганда бирон бир нархда сотиш мумкин», дейди Абдувоҳидов.
Шу билан бирга, бозорнинг айрим иштирокчилари яқин келажакда Шарқий Европа мамлакатларида юқори сифатли тарвуз нархи бироз тикланиши мумкинлигини истисно қилмади. Бу ғайритабиий иссиқ об-ҳаво билан боғлиқ бўлиб, ҳосилнинг бир қисми йўқотилиши ёки сифати пасайишига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, қарама-қарши фикр бор - тарвузни оммавий йиғиш фақат 2-3 ҳафта ичида бошланади, бу эса Украина бозорида нарх даражасини янада пасайтириши мумкин.
Мавзуга оид
16:51 / 12.12.2024
Америкалик таҳлилчилар Трампга Марказий Осиёни эътиборсиз қолдирмасликни таклиф қилди
18:38 / 11.12.2024
Марказий Осиёда одам савдоси кўрсаткичлари пасаймаяпти – БМТ
16:43 / 07.12.2024
Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллиондан ошди
17:22 / 19.11.2024