Жаҳон | 21:55 / 23.07.2024
7534
2 дақиқада ўқилади

Трампга суиқасд ортидан АҚШ махфий хизмати раҳбари истеъфога чиқди — ОАВ

Кимберли Читл АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампга суиқасд уюштириш билан боғлиқ хавфсизликни бузиш ҳолатлари юзасидан тергов олиб борилаётган бир пайтда ўз лавозимини тарк этишга қарор қилгани таъкидланмоқда.

Фото: Reuters

АҚШ махфий хизмати директори Кимберли Читл истеъфога чиқди, деб хабар берди CNN манбаларга таяниб. Бу ҳақда ҳали расман эълон қилинмаган.

Телеканалнинг таъкидлашича, Читл АҚШ президентлигига номзод Доналд Трампга суиқасд уюштириш билан боғлиқ хавфсизликни бузиш ҳолатлари юзасидан тергов олиб борилаётган бир пайтда Махфий хизмат раҳбари лавозимини тарк этишга қарор қилган.

Читл ўз ходимларига юборган хайрлашув хатида «Мен хавфсизликни таъминлашда катта хатога йўл қўйганим учун жавобгарликни ўз зиммамга оламан» деб ёзилгани таъкидланмоқда.

Читлнинг истеъфоси Трампга суиқасд уюштириш ҳолати бўйича АҚШ Конгрессида кўрсатма берганидан бир кун ўтиб содир бўлмоқда. Читл, содир бўлган воқеа разведка хизматининг сўнгги ўн йилликлардаги энг катта муваффақиятсизлиги эканлигини тан олди. Бироқ у қонунчиларга ҳодиса тафсилотларини очиқлашдан бош тортди ва бу уларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Натижада, Республикачилар палатасининг Назорат қўмитаси раиси Жеймс Комер ва юқори даражадаги демократ Жейми Раскин Читлни истеъфога чиқишга чақирди. Раскин, шунингдек, «Читл мамлакат тарихидаги жуда муҳим ва нозик бир пайтда Конгресс ишончини йўқотганини» таъкидлади.

АҚШ Махфий хизмати президент, вице-президент, уларнинг оила аъзолари ва президентликка номзодларни ҳимоя қилиш учун жавобгардир. Кимберли Читл 2022 йилда департамент директори этиб тайинланган. Доналд Трампга суиқасд уюштирилганидан сўнг у истеъфога чиқишдан бош тортди, бироқ Трампга суиқасд уюштириш учун масъул эканини тан олган эди.

Мавзуга оид