Жаҳон | 15:02 / 25.07.2024
10197
3 дақиқада ўқилади

Фаластин расмийлари Пекинда, Нетаняҳу эса Вашингтонда. Ғазо атрофидаги геосиёсий вазият

Кнессет Фаластин давлатчилигини рад этиш тўғрисида резолюция қабул қилди. Вашингтонга борган Бинямин Нетаняҳуни америкаликлар намойишлар билан кутиб олди. Бу вақтда, Хитой Яқин Шарқдаги иккинчи дипломатик ютуғини нишонламоқда: ФАТҲ ва ҲАМАС вакиллари Пекинда Муваққат бирлик ҳукумати тузишга келишиб олди.

“Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Бектош Бердиев бу жараёнлар юзасидан ўз таҳлиллари билан ўртоқлашди.

Бектош Бердиевнинг сўзларига кўра, Исроил парламентининг Фаластин давлатчилигига қарши резолюциясини кутилмаган деб бўлмайди, чунки Исроил азалдан шунга ўхшаш, Фаластин давлатчилигига қарши қонунлар қабул қилган. Масалан, 2018 йил Исроил фақат яҳудийларнинг мамлакати деган қонуннинг қабул қилингани ҳам шов-шув бўлган эди.

“Бош вазир Бенямин Нетаняҳу айнан Фаластин давлатчилигига қарши бўлгани учун ҳам ҳокимиятда. Нетаняҳунинг фикрича, Фаластин (Ғазо ва Ғарбий соҳил) ерларидаги арабларнинг барчаси Иорданияга кўчиб ўтиши керак ва ҳудудлар Исроил таркибига қўшилиши керак. Бироқ исроилликларнинг ҳаммаси ҳам Фаластин давлати тузилишига қарши деб бўлмайди, чунки яҳудийлар орасида ҳам Исроил давлати мавжудлигига қарши ва аксинча Фаластин давлати ташкил топиши керак деган қарашдаги жамоаларнинг сиёсий партиялари ҳам бор. Ҳаттоки Яир Лапид овоз бериш жараёнида иштирок этмай зални тарк этди. Фаластин давлатчилигини рад этиш тўғрисида резолюция бу бутун Исроил халқининг иродаси дейишдан йироқман”, – дейди у.

Исроил аҳолисининг тахминан 73 фоизини яҳудийлар, 21 фоизини араблар ташкил этади. Камолиддин Раббимовга кўра, Исроил жамиятида этник арабларнинг сони ортиб бориши ҳукуматни ташвишга солади. 2024 йилнинг феврал ойида ҳам Кнессет “хорижий мамлакатлар томонидан Фаластин давлатини Исроил рухсатисиз тан олмаслик” ҳақида қарор чиқарган эди, лекин глобал ҳамжамият ўз йўналишида давом этаверади. АҚШ бошчилигидаги Коллектив Ғарбнинг дунёда яккаҳукмронлик даври ўтди, кўп қутблилик шаклланаётган янги даврда мусулмон дунёси Фаластин, хусусан Қуддус шаҳридек масалада принципиал позицияда қолаверади, дейди Раббимов.

Экспертлар шарҳи билан тўлиқ ҳолда видео орқали танишинг.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид