Жаҳон | 22:28 / 27.07.2024
9182
2 дақиқада ўқилади

Исроил ҲАМАС билан келишув бўйича янги таклиф ишлаб чиқди

Унда ҲАМАС жангариларининг Ғазо сектори жанубидан шимолга ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи механизм яратиш талаб қилинади.

Фото: Ahmad Hasaballah/Getty Images

Исроил гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишувга ҲАМАС жангариларининг анклав жанубидан шимолга ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи механизм яратиш ҳақидаги бандни киритишни таклиф қилди. Бу ҳақда Axios ёзди. Қайд қилинишича, Исроил янги режани аллақачон АҚШга юборган.

Исмини ошкор этмаган исроиллик мулозимга кўра, Тел-Авив хорижий давлат томонидан яратилган тузилма анклав бўйлаб жангарилар ҳаракати ва қурол-яроғ ташилишини назорат қилиши керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, Исроил бундай механизм қандай ишлаши кераклиги ҳақида батафсил маълумот бермаган.

Янгиланган таклиф, шунингдек, келишувнинг биринчи босқичида Исроил армиясини Ғазо секторида қайта жойлаштириш режасига ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Бироқ Исроил томони биринчи босқичда ўз армиясини анклав ва Миср чегарасидаги Филаделфия коридорида қолиши талабини ўзгаришсиз қолдирди.

Таклиф келишув бўйича навбатдаги музокаралар бошланишидан бир кун олдин Қўшма Штатларга юборилган. 28 июл куни Римда Моссад директори Давид Барнеа, Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс, Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жассим Ол Соний ва Миср разведкаси раҳбари Аббос Комил ўртасида учрашув бўлиб ўтади.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги музокаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Қўшма Штатлар томонидан таклиф этилган уч босқичли ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим лойиҳасида томонлар гаровга олинган 116 нафар исроилликни озод қилиш учун Ғазодан Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетиш билан ҳарбий ҳаракатларни якуний тўхтатиш ҳақида келишиб олишларини назарда тутади.

Бироқ Исроил жангларни чексиз тўхтатишга, шунингдек, анклавдаги назоратни жангарилар қўлига ўтказишга рози бўлмади. Сўнгги кунларда Исроил келишув шартларини кескинлаштирди ва тинч аҳолини Ғазо секторининг жанубидан шимолга кўчиб ўтиш жараёнида текширишни талаб қилди.

Мавзуга оид