Ўзбекистон | 09:32 / 27.07.2024
6328
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда туғилишлар сони камайди

Жорий йил 6 ойида туғилган чақалоқлар сони 2023 йилнинг мос давридагидан 14 700 нафарга кам бўлди. 

Фото: Kun.uz

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил январ–июн ойларида тирик туғилганлар сони 419,9 минг кишини ташкил этди (2023 йил мос даврида 434,6 минг бола туғилган). Шундан ўғил болалар сони 218,1 минг нафар, қиз болалар 201,8 минг нафар бўлган.

Агентлик таҳлилига кўра, тирик туғилганлар сони шаҳарларда 212,3 минг кишини, қишлоқларда 207,6 минг кишини ташкил этган.

Ярим йил давомида энг кўп туғилишлар май ойида юз берган бўлиб, бир ой ичида 38 026 нафар ўғил бола, 34 865 нафар қизлар дунёга келган.

Олти ой давомида туғилган чақалоқлардан 9,9 фоизининг отаси 25 ёшгача, 82,9 фоизиники 25–39 ёшларга ҳамда 7,2 фоизининг оталари 40 ёш ва ундан катта ёшдагилар ҳиссасига тўғри келган. Туғилган болалардан 37,4 фоизининг онаси 25 ёшгача, 61,3 фоизиники 25–39 ёшлар, 1,3 фоизиники 40 ёш ва ундан катта ёшдагилардан иборат бўлган.

Ярим йил давомида туғилганлар сонининг энг кўп улуши Самарқанд вилоятида қайд этилди —50 360 нафар (жами туғилганларнинг 12 фоизи). Шу билан бирга, Фарғона (47 004 бола), Қашқадарё (43 909), Андижон (38 482) ва Сурхондарё (37 663 ) вилоятларида туғилишлар сони нисбатан юқори бўлди.

Туғилганлар сонининг энг кам улуши Сирдарё вилоятида кузатилди — 10 414 нафар (жами туғилганларнинг 2,5 фоизи). Ўз навбатида Навоий (12 365), Жиззах (18 619), Хоразм (18 708) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда (18 969) туғилишлар бошқа ҳудудларга қараганда сезиларли кам.

Мавзуга оид