Ўзбекистон | 10:39 / 28.07.2024
20440
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки шифокор муштумзўр бемор ва унинг ўртоқлари томонидан калтакланди

Ҳодиса 1-сон шаҳар клиник шифохонасида рўй берган. Шифокорлардан бири ҳушидан кетган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

ССВ Тошкент шаҳрида икки нафар шифокор муштумзўр бемор ва унинг ўртоқлари томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берди.

27 июл куни соат 07:20 атрофида 1-сон шаҳар клиник шифохонасига Сергели туманида яшовчи 27 ёшли фуқаро Б.И. икки нафар ўртоғи — П.И. ва С.Б.лар ҳамроҳлигида олиб келинган.

Бемор зудлик билан навбатчи травматолог-шифокор А.А. томонидан тиббий кўрикдан ўтказилган. Дастлабки текширув давомида унга иккала қўл-билак соҳалари, кўкрак қафаси ва қорин олди деворининг кўплаб кесилган жароҳатлари, геморрагик шок 2−3-даража ташхиси қўйилган.

Беморнинг ҳолати оғир, шок ҳолатида дея баҳоланиб, зудлик билан қон тўхтатиш ва шокка қарши биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ҳамда қўшма шикастланишлар шошилинч бўлимининг микрохирургия ўрнига госпитализация қилинган.

Соат 07:40 да танадаги кўплаб кесилган жароҳатлар инобатга олиниб, у дарҳол хирургик амалиёт ўтказиш мақсадида микрохирургия операция хонасига олиб кирилган.

Амалиётга тайёрлаш вақтида бемор шифокор-микрохирург М.Х.га жиддий қаршилик кўрсата бошлаган ва тиббиёт ходимига тарсаки тушириб, уни ҳақорат қилган. Шунингдек, Б.И.ни тинчлантиришга уринишлар самара бермагач, у операцион столдан тушиб, шифокорни қаттиқ дўппослай бошлаган.

Шундан кейин шифокор М.Х. «102» телефон рақамига қўнғироқ қилиб, юзага келган вазият юзасидан навбатчи қисмга маълумот берган.

Сўнгра у беморнинг ўртоқлари томонидан ҳам калтаклаган. Шу вақтда шошилинч хирургия бўлимининг навбатчи шифокори Ҳ.У. беморга хирургик амалиётни бажариш учун операцион блокка келган. Йигитлар бу тиббиёт ходимини ҳам дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етказган.

Оқибатда шифокор ҳушидан кетиб, карахтлик-кома ҳолатига тушган ва зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган.

Ўтказилган дастлабки тиббий текширувлар давомида жабрланувчи шифокорга бош-мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши ўрта даражаси, 3-бел умуртқаси чап ён қанотининг ёпиқ синиши, бош пешона қисми терисининг шилинган жароҳати, ўнг томонлама лаб бурчагининг ёрилиши ташхиси қўйилиб, шошилинч реанимацион чора-тадбирлар кўрилган.

«Соат 10:30 да беморнинг ҳолати бироз ижобий томонга ўзгариб, ҳушига келган ва шок ҳолатидан чиқарилган. Аммо унда ҳали ҳам карахтлик мавжуд. Шу боис даво муолажалари жонлантириш бўлимида давом эттирилмоқда.

Иккинчи шифокор М.Х.нинг ҳолати ҳозир нисбатан қониқарли, лекин олган бош мия жароҳати ва руҳий ҳолати кескин ёмонлашгани инобатга олиниб, шифохонанинг қўшма жароҳатлар бўлими травматология қисмига госпитализация қилинган ва керакли тиббий муолажалар кўрсатиляпти», дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда мазкур ҳолат Cоғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 2 нафар шифокорга тан жароҳати етказган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид