Ўзбекистон | 19:47 / 30.07.2024
5465
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки нафар шифокорни аёвсиз калтаклаган бемор ва унинг ўртоқлари қамоққа олинди

Калтакланган шифокорлар Республика шошилинч тиббий ёрдам марказида зарур муолажаларни олмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тошкент шаҳрида икки нафар шифокор бемор ва унинг ўртоқлари томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақида хабар берилганди. ССВ ҳолат юзасидан қўшимча тафсилотларни очиқлади

Унга кўра, тиббиёт ходимларига жиддий тан жароҳати етказган ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 3 нафар айбланувчи шахсга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги тергов органи билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.

Айни пайтда мазкур ҳодиса оқибатида жиддий тан жароҳати олган шифокорлар — М.Х. ва Ҳ.У. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрохирургия бўлимида малакали шифокорлар назорати остида тегишли муолажаларни олмоқда.

— Бир неча йилдан буён тиббиёт соҳасида фаолият юритаётган бўлсам, аввал ҳеч бундай ҳодисага дуч келмагандим, — дейди 1-сон шаҳар клиник шифохонаси микрохирургия бўлими шифокори М.Х. —  Ушбу воқеадан кейин олдимизга соғлиқни сақлаш вазири келиб, ҳолимиздан хабар олдилар. Очиғи, бу эътибордан жуда хурсанд бўлдим.

Вазир биз билан мулоқотда тезроқ соғайиб кетишимизни ва оиламиз бағрига қайтишимизни тилаб, айбдорларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо белгиланиши учун барча зарур чоралар кўрилишини маълум қилди. 

— Ўша куни бўлим мудири қабул бўлимига бир бемор олиб келингани ҳақида хабар берди, — дейди яна бир жабрланувчи шифокор Ҳ.У. — Шундан сўнг дарҳол операция хонасига чиқдим. У ерга борганимда тиббий ёрдам кўрсатилаётган бемор микрохирург-шифокорга қўл кўтараётганини кўриб, уларни ажратмоқчи бўлдим. Бироқ қолганини эслолмайман. 

Вазир биз билан cуҳбатда мана шундай қийин вазиятда ҳам ўз хизмат вазифамизга содиқ қолганимиз учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Албатта, мен шифокорларга нисбатан бўлаётган бундай салбий муносабатларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилишига ишонаман.

Маълумот учун, амалдаги қонунчиликка биноан тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш жавобгарликка сабаб бўлади.

Мавзуга оид