Жаҳон | 22:22 / 31.07.2024
4492
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Гуржистонга 95 миллион доллардан ортиқ ёрдамни музлатиб қўйди

Гуржистон ҳукумати антидемократик ҳаракатларни содир қилганликда айбланди.

Фото: Getty Images

АҚШ Гуржистонга ажратиладиган 95 миллион доллардан ортиқ ёрдамни икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик қайта кўриб чиқилиши туфайли тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти хабар берди.

«Гуржистон ҳукуматининг антидемократик ҳаракатлари ва нотўғри баёнотлари Европа Иттифоқи ва НАТОга аъзолик меъёрларига тўғри келмайди», деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен қарорга изоҳ берар экан.

Май ойида Гуржистон парламенти «Чет эл таъсирининг шаффофлиги тўғрисида»ги («чет эл агентлари» тўғрисидаги) қонунни қабул қилди. Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили унга вето қўйди, аммо парламент президентнинг ветосини бекор қилишга эришди.

Ветонинг бекор қилиниши қонун Гуржистоннинг халқаро изоляциясига олиб келишини таъкидлаган мухолифат депутатларининг кескин танқидлари фонида бўлиб ўтди, чунки қонун «камситиш характерига эга ва Россиянинг айнан шундай қонунига ўхшаш».

Якунда қонун парламентда қабул қилинди. Унда даромадининг 20 фоиздан ортиғини хориждан оладиган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг йиллик молиявий декларацияни тўлдириши назарда тутилган.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши ортидан АҚШ ва Европа Иттифоқи Гуржистон билан муносабатларини қайта кўриб чиқишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид