Ўзбекистон | 21:59 / 31.07.2024
6971
2 дақиқада ўқилади

Бешта гугурт ишлаб чиқарувчи маҳсулотлари сифатсиз экани аниқланди

Рақобат қўмитаси қутилар ичида гугурт чўплари сони камлиги, корхоналар истеъмолчилардан ортиқча маблағ олганини аниқлади.

Фото: Getty Images

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан савдо тармоқларида сифатсиз гугурт маҳсулотлари сотилаётганлиги юзасидан келиб тушган мурожаатларга асосан назорат харидлари ташкил этилди.

Тадбир давомида Avion, Jeep, Фэско, Gugurt ва Viktory савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотлари текширилган.

Синов натижаларига кўра, Jeep (Up Match МЧЖ) ва Gugurt (Atlas-Invest МЧЖ) маҳсулотларb техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланган. Жумладан, қутилардаги минимал гугурт чўпи сони 11-17 донага камлиги аниқланган.

Қўмита томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан олиб борилган ўрганишларда Up Match МЧЖ томонидан 29,8 фоиз кам тўлдирилган гугурт маҳсулотлари сотилиши оқибатида истеъмолчилардан 44,7 млн сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.

Шунингдек, Atlas-Invest МЧЖ қутиси кам тўлдирилган гугурт маҳсулотлари сотилиши натижасида истеъмолчилардан 20,5 млн сўм ортиқча маблағ олган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан сифатсиз гугурт маҳсулотларини савдо расталаридан олиш чораларини кўриш ва ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича корхоналарга мажбурий кўрсатма берилган ва бу талаблар бажарилган.

Бундан ташқари, Avion, Фэско ва Viktory савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотлари хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилгани аниқланган. Таъкидланишича, уларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид