Спорт | 21:15 / 02.08.2024
16569
2 дақиқада ўқилади

Париж-2024. Баҳодир Жалолов яримфиналга чиқди

Олимпиаданинг амалдаги чемпиони Баҳодир Жалолов Париж-2024 бокс турнири яримфиналига йўлланма олди.

Фото: olympic.uz

+92 вазнда Олимпиадада иштирок этаётган ўзбекистонлик боксчи чоракфиналдаги баҳсини австралиялик Теремоана Жуниорга қарши ўтказиб, ғалабага эришди. Ҳакамлар уч раунд якунига кўра, Жалоловнинг устунлигини қайд этишди.

Шу тариқа, Баҳодир Жалолов турнирда медални нақд қилди.

Жалолов турнирдаги иштирокини 29 июл куни норвегиялик Оман Шиҳани мағлуб этиш билан бошлаганди.

Энди у 7 август куни германиялик Нелвие Тиафакка қарши финал йўлланмаси учун жанг қилади.

Куни кеча -92 вазн тоифасидаги Лазизбек Муллажонов ҳам яримфиналга чиқиб, медални нақд қилганди, Руслан Абдуллаев эса чоракфиналда мағлуб бўлганди.

Бугун кечки дастурда Ҳасанбой Дўсматов ва Тўрабек Ҳабибуллаев ҳам ўз баҳсини ўтказади.

Ўзбекистонлик қолган боксчиларнинг чоракфиналдаги баҳслари рўйхати:

Париж-2024. Бокс. Эркаклар. 1/4 финал

2 август:

00:20. -51 кг: Ҳасанбой Дўсматов - Сакен Бибоссинов (Қозоғистон)

00:50. -80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев - Арлен Лопез Кардона (Куба)

3 август:

-57 кг: Абдумалик Халоков - Хосе Куилес Бротонс (Испания)

-71 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев - Николай Тертерян (Дания).

Эслатиб ўтамиз, аёллар ўртасидаги баҳсларда Ситора Турдибекова, Нигина Ўктамова ва Сабина Бобоқулова турнирни тарк этганди. Навбаҳор Ҳамидова чоракфиналдаги баҳсини 3 август куни ўтказади.

Мавзуга оид