Жамият | 19:52 / 04.08.2024
29010
3 дақиқада ўқилади

Жиззахда 3 ёшли боғча боласининг ўлимига сабабчи бўлганларга ҳукм ўқилди

Жиноят ишида жами уч киши айбланган.

Фото: t.me/zamon_lavhalar

Феврал ойида Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги оилавий боғчада қаровсиз қолган 3 ёшли қиз ариққа тушиб кетиб, вафот этганди. Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳолатга сабабчи бўлганлар жазога тортилди.

2024 йил 15 февралида оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг 3 нафар тарбияланувчиси назоратсиз қолиши оқибатида боғча ҳовлисидан чиқиб кетган. Сўнгра улардан бири тахминан 1 км узоқликдаги фермер хўжалиги дала майдонидан оқиб ўтувчи ариқдаги сувдан ўлик ҳолда топилган.

Қолган икки бола эса соғлом ҳолда оила даврасига қайтарилган. Болалар ташкилотга қатновчи болалар рўйхатига киритилмаган, яъни ноқонуний тартибда қатнаган. Собиқ Мактабгача таълим агентлигининг аниқлик киритишича, мазкур боғча фаолияти тугатилган.

Жиноят ишида жами уч киши – 31 ёшли боғча директори Ф.М., 31 ёшли тарбиячи Д.Т. ва 49 ёшли туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи А.Ў. айбланган.

СЭС раҳбари ташкилот учун ажратилган хоналар белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиения нормативларига мос келмаслигини била туриб, уларнинг жиҳозланиши талабларга мос ташкил этилгани тўғрисида соҳта маълумотлар киритган ҳамда боғчанинг фаолият кўрсатишига қаршилик билдирмаган.

Жиноят ишлари бўйича Дўстлик тумани суди ҳукмига кўра:

Директор Ф.М. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одам ўлимига сабаб бўлса) ва 167-моддаси 2-қисми «г» бандида (Мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ишлаш ҳукуқидан маҳрум этиш ва 4 йил 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;

Тарбиячи Д.Т. Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ишлаш ҳукуқидан маҳрум этиш ва 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди;

Бошқарма бошлиғи А.Ў. Жиноят кодексининг 205-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 1-қисмида (Мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

Унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Мавзуга оид