“Ундан ҳатто президентлар ҳам қўрққан” – ФҚБни ўлгунича бошқарган шахс
АҚШ Федерал қидирув бюроси раҳбари Эдгар Ҳуверни яқиндан таниганлар у жуда айёр бўлгани, президентлар ва бошқа юқори мартабали амалдорлар ҳақида жуда кўп махфий маълумотлар тўплаганини айтади. Ҳеч ким ишдан бўшатишга журъат қилолмаган махфий хизмат раҳбари 48 йил лавозимда қолди. У вафот этгач Конгресс ФҚБ директорлари учун 10 йилдан ортиқ лавозимда қолишни тақиқлаб қўйди. Бир шахснинг ўта жиддий лавозимда узоқ вақт қолиб кетиши қандай оқибатларга олиб келгани ҳақида ушбу мақолада ўқинг.
Иккинчи жаҳон урушигача АҚШ Америка қитъаси гегемони сифатида ташқи хавф ҳақида жиддий қайғурмаган. Икки томони океанлар билан ўралган, шимолда иттифоқдош Канада, жанубда Мексика билан чегарадош давлатга ташқи кучлар ҳужум қилиши эҳтимоли паст эди.
Қолаверса, ўша пайтларда ҳали 10 минг км масофани учиб ўта оладиган қитъалараро баллистик ракеталар яратилмаган, самолётларнинг имкониятлари паст, ҳарбий кемалар унча жиддий хавф солмас эди.
Шунингдек, урушгача бўлган даврда дунё ҳали қутбларга бўлинмаган, социалистик тузумга эга бўлган СССРнинг дунёда куч-қудрати ва обрўси йўқ эди. Британия империяси эса таназзулга учраётганди.
Ана шундай шароитда америкаликлар дунёнинг ҳеч бир давлатини ўзларига рақобатчи ўлароқ кўрмасди.
Бироқ Иккинчи жаҳон урушидан сўнг вазият тамомила ўзгариб кетади. Урушнинг асосий ғолиби сифатида СССРнинг обрўси ошиб кетади ва Шарқий Европа ҳамда Жанубий-Шарқий Осиёдаги бир қанча мамлакатларни ўз таъсир доирасига олиб, уларда социалистик тузум ўрнатишга муваффақ бўлади.
Шу билан бирга мислсиз вайронагарчиликлар келтирган ва бир неча ўн млн одамнинг ўлимига сабаб бўлган уруш тугаши билан инсоният ўша урушдан сабоқ олмай, қуролланиш авж олади.
Аввалига атом бомба яратилади. Сўнг узоқ масофага учувчи баллистик ракеталар яратиш устида иш бошланади. Ҳарбий самолётлар ва кемалар такомиллаштирилади.
Ана шундай вазиятда 1947 йил 18 сентябрда АҚШда Марказий разведка бошқармаси (Central Intelligence Agency – CIA) ташкил этилади. Бу бошқарманинг вазифаси АҚШни ташқи хуружлардан ҳимоя қилиш эди. Унгача эса Американинг ички ва ташқи хавфсизлигини ФҚБ бажарган.
ФҚБ тарихи ва унинг 48 йиллик раҳбари
ФҚБ (Federal Bureau of Investigation – FBI) 1908 йил 26 июл куни АҚШ Қидирув бюроси номи остида ташкил этилган. 1935 йилга келиб у Федерал қидирув бюроси номини олган.
ФҚБ ташкил топгандан бошлаб бугунгача уни 20 киши бошқарган. Баъзилар ФҚБни бир неча ой бошқарган бўлса, унинг олтинчи раҳбари Эдгар Ҳувер ташкилотни 1924 йилдан 1972 йил вафотигача 48 йил бошқарган.
Америкада президентлар максимум 8 йилда алмашиб турган пайтда ФҚБ директори қандай қилиб АҚШдаги муҳим ташкилотни 48 йил бошқарган?
Эдгар Ҳуверни яқиндан таниганлар у жуда айёр одам бўлгани, ўша пайтларда АҚШ президентлари ҳамда бошқа юқори мартабали амалдорлар ҳақида жуда кўп махфий маълумотлар тўплаганини, шу сабабли ҳеч ким уни ишдан бўшатишга журъат қила олмаганини айтишади.
Ҳувер ФҚБни бошқарган йилларда АҚШда тўққиз марта президент ва кўп марта бошқа амалдорлар алмашади. Жумладан, у ФҚБ раҳбари бўлганда АҚШни 30-президент Калвин Кулиж бошқарарди.
Ундан кейин АҚШга Ҳерберт Ҳувер (1929-1933), Франклин Рузвелт (1933-1945), Ҳарри Трумэн (1945-1953), Дуайт Эйзенхауэр (1953-1961), Жон Кеннеди (1961-1963), Линдон Жонсон (1963-1969), Ричард Никсон (1969-1975) раҳбарлик қилган.
Бироқ уларнинг биронтаси Эдгар Ҳуверни вазифасидан озод қилишга жазм эта олмаган. Президентларнинг айримлари ундан қўрққан ҳам дейишади. Ҳатто 1963 йилда ўлдирилган Жон Кеннедига суиқасдни Эдгар Ҳувер уюштирган деган тахминлар ҳам бор.
Бундан ташқари, Эдгар Ҳувер АҚШ президентларига ҳам таъсир кўрсата олган ва турли қарорларни қабул қилишда уларнинг ишига аралашган ҳам дейилади.
Эдгар Ҳувер ким бўлган?
Эдгар Ҳувер 1895 йилда туғилган ва мактабни тугатгач АҚШ Конгресси кутубхонасида ишлаб, Жорж Вашингтон университети ҳуқуқшунослик факултетида ўқийди.
У 1917 йилда ўқишни битиради ва 1919 йилда АҚШ Адлия вазирлигида иш бошлайди. Ўша пайтда вазирликни Александр Палмер бошқарарди ва тез орада Ҳувер унинг яқин ёрдамчисига айланади.
Ҳувер Адлия вазирлигида иш бошлаган кезда Россияда давлат тўнтариши содир бўлади. Ҳукуматни болшевиклар деб аталадиган тўда қўлга олади ва ҳаммани тенг қилиш ҳақидаги пуч ғояни дунё бўйлаб тарғиб қила бошлайди.
Ана шундай вазиятда АҚШ ҳукумати ҳам болшевикларга хайрихоҳ бўлган одамларни назоратда ушлаш учун Адлия вазирлигига уларнинг рўйхатини тузишни топширади.
Вазирлик бу ишни Ҳуверга юклатади ва у қисқа муддатда 150 минг кишининг шахсий маълумотларини тўплаб, рўйхат шакллантиради. 1921 йилга келиб Ҳувернинг рўйхатида 450 минг кишининг маълумотлари бор эди.
Шундан сўнг тарихда “Палмер рейдлари” деб ном олган ҳибсга олишлар бошланиб кетади ва бу жараёнларда Ҳувер ҳам ўзини кўрсатади. У ўз раҳнамоси Адлия вазири Александр Палмер билан АҚШ тарихидаги энг йирик ҳибсга олиш тадбирларини ўтказади.
Ўшанда қисқа вақтда улар бир неча ўн минг одамни ҳибсга олишади. Шу тариқа Эдгар Ҳувер АҚШ президенти маъмурияти эътиборига тушади.
1921 йилда у Қидирув бюроси (ФҚБнинг ўша пайтдаги номи) директори ўринбосари лавозимига ўтказилади. Бу ташкилот Адлия вазирлиги таркибида эди. Орадан уч йил ўтгач президент Калвин Кулиж Ҳуверни Қидирув бюроси директори этиб тайинлайди. Ўшанда у 29 ёшда эди.
Ҳувер Қидирув бюроси директори бўлгандан сўнг қисқа вақтда уни кучли ташкилотга айлантиради. Бу учун ходимларга қўйиладиган талаблар оширилади. Янги ходимларни синаб олиш жараёни мураккаблаштирилади.
Шунингдек, бюрога янги ходимлар тайёрлайдиган мактаб очилади. Ходимлар сони кўпайтирилади. Бюро замонавий техникалар билан жиҳозланади. Жумладан, бармоқ изларини олиш ва уларни текшириш ускуналаридан фойдаланила бошланади.
Бундан ташқари, Эдгар Қидирув бюросининг обрўсини ошириш учун турли тадбирлар уюштиради, Ҳолливуд продюсерларига чиқиб, бюро агентларининг қаҳрамонликлари ҳақида филмлар суратга олдиради.
Шу тариқа, Қидирув бюроси ходими ёки агенти дейилганда ҳеч нарсадан қўрқмайдиган енгилмас ходим, жиноятчилар кушандаси образи гавдаланадиган бўлади.
Калвин Кулиждан сўнг АҚШни 1929-1933 йиллар оралиғида Ҳерберт Ҳувер бошқаради ва у ҳам Эдгарга ишонч билдиришда давом этади. 1929-1933 йилларда АҚШ мислсиз даражадаги молиявий ва иқтисодий инқирозни бошдан кечирди.
“Буюк тушкунлик” деб аталаган бу даврда Америкада ишсизлик, унинг ортидан жиноятчилик жуда ортиб кетади. Ана шунда Эдгар ўз ташкилоти билан анча “самарали” ишлайди. Шу сабабли 1933 йилдан АҚШни бошқарган Франклин Рузвелт ҳам уни ўз лавозимида қолдиради.
1935 йилда Қидирув бюроси номи Федерал қидирув бюроси деб ўзгартирилади. Эдгар Ҳувер ФҚБ директори лавозимини сақлаб қолади.
Эдгар Ҳувер нега машҳур бўлганди? Бунга энг асосий сабаб у 1930-йиллардан бошлаб АҚШда мафия ва жиноят оламига қарши қаттиқ уруш очади. Жумладан, АҚШдаги энг таниқли мафия вакиллари Жонни Диленжер, Микки Коэн ва Ал Капоне кабилар ўша пайтда ўлдирилади ёки қамалади.
Ўшанда АҚШда мафия бутунлай тугатилмайди. Шунчаки Ҳувер билан ҳамкорлик қилишни хоҳламаганлар унинг “йўриғида юришни хоҳламаганлар” жазоланади. ФҚБ директори билан “келишиб ишлашга” рози бўлганларга тегинилмайди.
Шунингдек, Ҳувер ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб чиқаётган қора танлилар билан ҳам кескин кураш олиб боради. Айниқса урушдан кейин АҚШда қора танлилар ўтказган намойишлар аёвсиз бостирилади.
Ҳувер қора танлиларнинг йўлбошчиси Мартин Лютер Кингни бир неча марта қамайди. Ҳатто унинг ўлдирилишида Ҳувернинг қўли борлиги айтилади.
Давлат ичидаги давлат
Эдгар Ҳувер ФҚБни бошқарар экан, АҚШда президентлар алмашаверди. Бироқ биронта президент Эдгарни ўлимигача ФҚБ директори лавозимидан бўшата олмайди.
Бунга сабаб, у ФҚБ раҳбари бўлган пайтданоқ АҚШ президентлари ҳақида омма билиши лозим бўлмаган маълумотларни ҳам тўплаб борган.
Эдгарни ишдан бўшатишса ёки лавозимини пасайтиришса, у ўша маълумотларни ОАВ орқали оммага ошкор қилиши мумкин эди. Шу сабабли ҳам Ҳуверни ҳеч ким ишдан бўшатишга журъат қила олмаган ва у ФҚБни 48 йил давомида 1972 йил вафотигача бошқаради.
Эдгар Ҳувер ҳақида гап кетганда унга “Давлат ичида давлат ташкил этган шахс” деб баҳо беришган. Чунки Ҳувернинг қўл остидаги ташкилот унинг ўлимигача норасмий дахлсиз бўлган ва уни ҳеч ким текширишга журъат қила олмаган.
1972 йилда Эдгар Ҳувер вафот этгач АҚШ Адлия вазирлиги ФҚБ устидан назоратни кескин кучайтиради. Бундан мақсад Ҳувернинг ўрнига келадиган янги раҳбар яна “давлат ичида давлат” тузиб, узоқ йиллар ташкилот раҳбари бўла олмасин.
Федерал Қидирув бюроси директори Эдгар Ҳувер 1972 йилда вафот этгунига қадар энг узоқ вақт бюро директори бўлди. Унинг вафотидан кейин,1968 йилда қабул қилинган «Omnibus Crime Control Act»га асосан АҚШ Конгресси бўлажак ФҚБ директорларининг ваколатларини 2 марта беш йиллик — жами ўн йил муддат билан чеклаб қўйди.
Конгресс буни «директорларнинг сиёсий босимидан ҳимоя қилиш учун ўрнатилган ғайриоддий узоқ муддат», деб атаган. Шундай қилиб, Ҳувердан сўнг бирорта ФҚБ директори 10 йил ҳам лавозимда қолмади. Фақат, Роберт Мюллер 2001-2013 йилларда ўша пайтдаги жиддий хавфсизлик муаммолари туфайли, Сенат рухсати билан 12 йил лавозимида қолди.
Кеннедига суиқасдни Ҳувер уюштирганми?
1960 йилда АҚШда ўтказилган президентлик сайловларида республикачилар вакили Ричард Никсон ва демократлар вакили Жон Кеннеди ўзаро кураш олиб боради.
Никсон АҚШнинг 34-президенти Дуайт Эйзенхауэр даврида вице-президент бўлган, давлат бошқарувида анча тажриба орттирганди. Жон Кеннеди эса АҚШда анча таниқли бўлган миллиардер Жозеф Кеннедининг ўғли бўлиб, у кўпроқ оиласи обрўсига таянаётганди.
Ўша пайтда Эдгар Ҳувер ва АҚШнинг энг бой одами Ҳовард Хюз Ричард Никсонни қўллашади. Ҳувер Кеннедини обрўсизлантириш учун Ҳовард Хюздан фойдаланади.
Сайловдан бироз олдин АҚШ ОАВда Ҳовард Хюз Кеннедига Вашингтон шаҳрида жойлашган, нархи 205 минг доллар турадиган виллани совға қилгани ҳақида хабарлар тарқалади. Хабарни Ҳувер тарқаттирганди.
Бироқ бу хабар Кеннедининг рейтингига таъсир қилмайди ва у сайловда катта фарқ билан ғалаба қозонади.
Кеннеди президент бўлгач Ҳуверга АҚШни мафиядан тозалашни буюради. ФҚБ раҳбари мамлакатда мафия йўқлигини айтади. Ўша пайтларда АҚШда мафия сақланиб қолаётганди.
Вазият 1930-йиллардагидай оғир бўлмаса-да, мафия оилалари бор эди. Бунинг устига Ҳувер уларнинг аксарияти билан дўстона алоқада бўлган.Мафия раҳбарларидан қимматбаҳо совғалар ва катта миқдорда “ўлпон” олиб турган.
Ана шундай вазиятда ФҚБ раҳбари гарчи шахсан президент буюрган бўлса ҳам “эски ҳамкорлар”га қарши чиқа олмасди. Шу сабабли у Кеннедига мамлакатда мафия қолмаганини айтади.
Бироқ Кеннеди ҳам анойи эмасди ва Ҳувернинг мафия билан алоқалари ҳақида эшитганди. ФҚБ директори ёлғон гапирганидан сўнг Кеннеди уни ишдан бўшатишга қарор қилади.
Бироқ бу иш амалга ошмайди ва Кеннедининг ўзи суиқасд қурбони бўлади. 1963 йилда Кеннеди Далласда ўлдирилади. Асосий гумонланувчи сифатида қўлга олинган Ли Харви Освалд ҳам ўлдирилади. Шу тариқа ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолади ва ўшанда Кеннедини ким ўлдиргани бугунгача аниқлангани йўқ.
Ўша пайтда Оқ уйдаги айрим мутасаддилар Кеннедининг Ҳуверни ишдан бўшатиш режаси ҳақида эшитганди. Президентни ФҚБ директори ўлдиртирган бўлиши мумкинлигини ҳам билишарди. Эдгар Ҳувер гумонланувчилар орасида бор эди.
Бироқ президентнинг ўлимидан сўнг улар бу ҳақда ҳеч қаерда лом-лим дея олишмайди. Чунки Ҳувер уларни ҳам осонгина йўқ қилиши мумкин эди. Шу сабабли 1972 йилда ФҚБ директори вафот этгунича бу мавзуда ҳеч ким гап оча олмаган.
Ҳувернинг вафотидан кейин Кеннедини у ўлдирган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёза бошлашади. Бироқ бу пайтга келиб марҳум ФҚБ директорини на тергов, на суд қилиб бўлмасди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.