Жаҳон | 23:21 / 05.08.2024
17702
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара сув тошқини туфайли ювилиб кетгани маълум бўлди

Афғонистон чегаралар янги стратегия бўйича қайта тикланишини маълум қилди.

Фото: Wikimedia

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги чегара сув тошқини туфайли ювилиб кетган ва у қайтадан аниқланади. Бу ҳақда Афғонистон Энергетика ва сув ресурслари вазири вазифасини бажарувчи Абдуллатиф Мансур маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сув тошқини туфайли ноаниқ бўлган Афғонистон билан Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги чегараларни белгилаш янги стратегия бўйича амалга оширилади.

Мансурнинг айтишича, Афғонистон раҳбари кўрсатмалари асосида тузилган режа Ички ишлар, Мудофаа вазирлиги, Разведка бош бошқармаси ва Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

«Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегараларимиз сув тошқинлари туфайли ювилиб кетди. Муҳими шундаки, биз ўтмиш чегараларини белгилаш бўйича муҳим ишларни амалга оширмоқдамиз ва йигирма кун аввал бу масалани Афғонистон раҳбари билан муҳокама қилдик», деди у.

Вазир чегараларни тиклаш бўйича янги стратегия қандай бўлишига аниқлик киритмади.

Шу билан бирга, Мансур Афғонистоннинг сув бошқаруви ва энергия ишлаб чиқаришга бўлган эҳтиёжини таъкидлаб, бу борада йирик тўғонларни қуриш, сув, шамол ва қуёш ресурсларидан фойдаланиш орқали ўзини ўзи таъминлашга эришишни мақсад қилганини айтди.

Шунингдек, Афғонистон расмийси сув ресурсларини бошқариш қўшни давлатларга зарар келтирмаслигини таъкидлади.

«Бизнинг ҳеч бир ҳаракатимиз қўшниларимизга зарар етказишга қаратилмаган ва биз қўшниларимизга зарар етказиш учун ўзимизга тегишли улушдан кўпроқ сув сарфлаганимиз йўқ ва шундай қилиш ниятимиз ҳам йўқ», деди Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг катта маслаҳатчиси Фаруқ Аъзам.

Мавзуга оид