Мали Киев билан алоқани узди
Маҳаллий ҳукумат Украинани исёнчиларни қўллаб-қувватлашда айбламоқда. Аввалроқ украин разведкаси вагнерчиларга қилинган ҳужумга алоқадорлигига ишора қилганди.
Мали Украина мудофаа вазирлиги бош вазведка бошқармаси вакилининг мамлакат шимолида малилик аскарлар ва россиялик ёлланма жангчилар ҳарбий ҳаракатлар ўлимига олиб келган ҳарбий ҳаракатлар ҳақидаги изоҳи туфайли Киев билан дипломатик алоқаларни узганини эълон қилди.
Исёнчи туареглар Ғарбий Африкадаги ушбу мамлакат шимолида бир неча кунлик жанглар вақтида «Вагнер»нинг камида 84 ёлланма жангчиси ҳамда 47 нафар малилик аскарни ўлдирганини маълум қилган. Бу «Вагнер» исёнчи гуруҳларга қарши курашда Мали ҳарбийларига ёрдам кўрсатиш учун ушбу мамлакатдаги можарога аралашганидан буён ўтган икки йил ичида россияликларнинг ҳарбий хусусий компаниясининг энг йирик йўқотиши бўлди.
Украина разведкаси вакили Андрей Юсов украинларнинг ҳарбий ҳаракатлардаги иштирокини тасдиқламаган, аммо 29 июл куни Украинадаги телеэфирда малилик исёнчилар ҳужумни амалга ошириш учун керакли маълумот билан таъминланганини айтганди.
«Исёнчилар россиялик ҳарбий жиноятчиларга қарши муваффақиятли ҳарбий амалиёт ўтказишга имкон берган зарур маълумотларни олишганди ва бу ҳаммаси эмас», — деганди Юсов (иқтибос «Украинская правда»дан).
Бир неча йил олдин давлат тўнтариши орқали Мали бошқарувига келган ҳарбийлар унинг сўзларини оғриқли қабул қилган. Ўтиш даври ҳукумати дарҳол Украина билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилган.
Мали расмийлари фикрича, Юсов «Украина қуролланган террорчи гуруҳнинг Мали мудофаа кучлари аъзолари ўлимига олиб келган қўрқоқларча, хоинларча ва ваҳшиёна ҳужумидаги иштирокини тан олган» (иқтибос Reuters агентлигидан).
«Украина ҳукуматининг ҳаракатлари Малининг суверенитетини бузади, ташқи аралашув доирасидан чиқади, бу ўз-ўзидан қоралашга лойиқ ва Малига қарши очиқ тажовуз ҳамда халқаро терроризмни қўллаб-қувватлаш демакдир», — дейилади Мали ҳукумати баёнотида.
Аввалроқ Африканинг бошқа мамлакатларида ҳам Киев манзилига қаратилган протестлар янграганди. Сенегал ташқи ишлар вазири жума куни Украина элчиси Юрий Пивоваровни чақиртирган — бунга элчихона расмий саҳифасида элчи «террорчилик ҳужумини очиқчасига қўллагани» акс этган видео жойлаштирилгани сабаб бўлган.
Киев Малининг алоқаларни узиш борасидаги қарорига расман муносабат билдирмади. Украина ТИВ вазир Дмитро Кулеба Африка бўйлаб турнега чиққани ҳақида хабар берган. У
«ўзаро ҳурматга асосланган икки томонлама муносабатларни ривожлантириш» ва Украина учун адолатли тинчликни тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш учун уч мамлакат — Малави, Замбия ва Маврикийга боради,
Россиянинг асосан собиқ вагнерчилардан таркиб топган «Африка корпуси» Мали ва Жазоир чегарасида ўнлаб жангчиларини йўқотган. Ўтган ҳафтада Мали армияси 25 июл куни бошланган кўп кунлик жангларда катта йўқотишларга учраганини тан олганди.
Малилик ҳарбийлар ҳам, «Вагнер» ХҲК вакиллари ҳам аниқ рақамларни келтирмаган. ОАВ маълумотига кўра, ҳалок бўлган ёлланма жангчилар сони 80 нафаргача етади.
BBC рус хизматининг муқаддам «Вагнер» ХҲК сафида хизмат қилган суҳбатдоши камида 82 нафар ёлланма жангчи ҳалок бўлганини тасдиқлаган. Нашрнинг Малидаги бошқа бир манбаси эса алоқага чиқмай қўйган, у катта эҳтимол билан ҳалок бўлган жангчилар орасида бўлган.
Россиялик ва малилик ҳарбий хизматчилар колоннаси чанг бўрони кўтарилганида Мали шимолида мустақил Азавад давлатини тузиш учун курашиб келаётган туареглар томонидан ўрнатилган пистирмага дуч келган.
Мали шимолида россиялик ёлланма жангчилар ҳалокатга учрагани ҳақида 28 июлга ўтар кечаси маълум бўлди, бу вақтда ушбу мамлакатнинг Жазоир билан чегара ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар фаоллашганига бир ҳафта вақт бўлганди.
BBC маълумотига кўра, июл ойининг сўнгги ўн кунлиги бошланганида Россиядаги ҳарбий мавзуга ихтисослашган телеграм-каналлар сўнгги 12 йил мобайнида Мали шимолини назорат қилиб келган ва 2012 йилда ўзининг алоҳида давлатини тузганини эълон қилган айирмачи туареглар бутунлай тор-мор этилишини прогноз қила бошлаганди.
Амалиётнинг дастлабки кунларида Мали армияси «Африка корпуси» билан биргаликда Жазоир билан чегарадаги муҳим қишлоқни назоратга олган. Ёлланма жангчиларга алоқадор телеграм-каналлар ёзишича, ҳарбийлар чегара яқинида турганида кучли қум бўрони бошланган, шу туфайли колонна ҳаракати тўхтатилган. Исёнчилар эса об-ҳаво шароитидан фойдаланган ҳолда собиқ вагнерчиларга пистирма қўйган.
Сўнгги уч йил мобайнида Нигер, Мали ва Буркина-Фасода ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийлар 2024 йил баҳорида жангари гуруҳларга қарши биргаликда курашиш бўйича келишиб олганди. Бу мамлакатлар ҳудудларида «Ал-Қоида» ва ИШИДга алоқадор бўлган гуруҳлар ҳаракатланади.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024