Жаҳон | 11:05 / 07.08.2024
4172
4 дақиқада ўқилади

АҚШ вице-президентлигига номзод Уолц Трампни танқид остига олди

Камала Ҳаррис митингда биринчи марта вице-президентликка номзод Тим Уолц билан нутқ сўзлади. Миннесота губернатори Доналд Трамп халққа хизмат қилиш нимани англатишини билмайди, деди. 

Фото: Joe Lamberti/AP/dpa/picture alliance

Демократик партиядан президентликка номзод ва вице-президент Камала Ҳаррис вице-президент сифатида номзоди танланган Миннесота губернатори Тим Уолц билан сайловолди митингида илк бор чиқиш қилди. 6 август, сешанба куни Пенсилвания штатининг Филаделфия шаҳрида сўзлаган нутқида Уолц республикачилардан олий лавозимга номзод Доналд Трампни кескин танқид қилиб, у мамлакатда «тартибсизлик ва бўлиниш» уруғини сепаётганини айтди. 

«Бизнинг кампаниямиз келажак учун курашдир»

Унинг сўзларига кўра, Трамп халққа хизмат қилиш нимани англатишини билмайди, чунки у ўзига хизмат қилиш билан банд. Оқ уй раҳбари бўлган даврида у иқтисодни таназзулга олиб келди, деди Уолц 10 000 киши қаршисида. Бундан ташқари, АҚШда республикачилар президентлиги даврида зўравонлик жиноятлари кўпайди – Трампнинг ўзи содир этган жиноятларни ҳисобга олмаганда, дея қўшимча қилди у. 

Шу билан бирга, Уолц демократлар сайловолди кампанияси Доналд Трампга қарши кураш эмаслигини таъкидлади. «Бизнинг кампаниямиз келажак учун курашдир», деб тушунтирди у. 

Ўз навбатида, Ҳаррис у ва шериги асосий эркинликлар ҳимояланган келажак учун курашаётганини айтди. У Уолц «миллатни бирлаштириб, уни олға силжитадиган» етакчи бўлишига ишонч билдирди. У Миннесота губернаторини ўрта синф учун курашчи, ўзи каби Америка истиқболига ишонадиган ватанпарвар деб атади. 

Ҳаррис Уолцни вице-президентликка номзод сифатида танлади 

Ҳаррис ўз танловини кеча эълон қилди. «Мен Тим Уолцдан ўзимга номзод бўлишини сўраганимни фахр билан эълон қиламан», деб ёзади у ижтимоий тармоқда. Вице-президент АҚШ Ҳарбий-денгиз обсерваторияси ҳудудидаги қароргоҳидаги якуний учрашувдан сўнг шундай қарорга келди. CNN манбаларига кўра, Ҳаррис ва Уолц мулоқот чоғида ўзаро тушунишга эришган ва якунда қарор унинг фойдасига қабул қилинган. Охирги босқичда Ҳаррис Уолц ва Пенсилвания губернатори Жошуа Шапиро ўртасида танлов қилди, дея аниқлик киритди Reuters.

60 ёшли Тим Уолц Қўшма Штатлар Миллий гвардияси (Қуролли кучлар захираси) фахрийси ва собиқ ўқитувчи. 2006 йилда у биринчи марта АҚШ Конгресси Вакиллар палатасига сайланган, кейин яна беш марта қайта сайланган. 2019 йилдан бери губернатор сифатида Уолц мактабда бепул тушлик, иқлим ҳаракати, ўрта синф учун солиқларни камайтириш ва Миннесота ходимлари учун ҳақ тўланадиган таътилни кўпайтиришни ўз ичига олган прогрессив ижтимоий-иқтисодий кун тартибини илгари суриб келяпти. 

Бундан ташқари, Уолц Украинани қўллаб-қувватлади. 2024 йил феврал ойида у Миннесота ва Черниҳив вилоятининг давлат, хусусий ва академик секторлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Қўшма Штатлардаги Украина элчихонасига ташриф буюргани ҳақида хабар берди.

Ҳаррис август ойи охирида расман номзод бўлади

Демократик партиянинг миллий қурултойи 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади. Бироқ, Ҳарриснинг номзоди аввалроқ маъқуллангани сабабли у ерда овоз бериш шунчаки расмиятчилик бўлади.

АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябр куни бўлиб ўтади. Амалдаги президент Жо Байден Демократик партия аъзоларининг хавотирлари ортиб бораётган бир пайтда, 21 июл куни президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилди ва ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф этди. Ҳаррис мамлакатнинг энг юқори лавозимига ўз номзодини қўйишга рози бўлди ва миллий қурултойда демократ делегатлар томонидан расман илгари сурилиши учун етарли даражада қўллаб-қувватланди. 

Мавзуга оид