Жаҳон | 08:55 / 07.08.2024
3193
4 дақиқада ўқилади

X компанияси реклама берувчиларни «бойкот» учун судга берди

Илон Маскка тегишли X компанияси реклама берувчиларни ижтимоий тармоққа «ноқонуний бойкот» эълон қилгани учун судга берди. 

Фото: Jakub Porzycki / Nurphoto / Getty Images

Америкалик миллиардер Илон Маскка тегишли X компанияси ижтимоий тармоқни «ноқонуний бойкот» қилгани учун реклама берувчилар уюшмаси ва бир қатор алоҳида компанияларни судга берди. Реклама берувчилар бойкоти АҚШнинг монополияга қарши қонунларини бузиши айтилади. Бу ҳақда 6 август, сешанба куни Financial Times нашри хабар берди. «Биз икки йил давомида тинчликни сақлашга ҳаракат қилдик, аммо ҳозир уруш бошланди», деди Илон Маск судга қилинган мурожаатга. 

X ижрочи директори Линда Яккаринонинг айтишича, даъво брендлар ва реклама агентликлари коалицияси бўлган Масъулиятли медиа глобал алянси (GARM), шунингдек, Unilever ва CVS каби GARM аъзоларига қарши қўзғатилган.

X АҚШ Вакиллар палатаси юридик қўмитасининг июн ойида эълон қилинган ҳисоботидан кейин судга мурожаат қилди. Унда, бошқа нарсалар қатори, GARM аъзолари Twitter платформаси Илон Маск томонидан сотиб олинганидан сўнг «барча пулли рекламаларни тўхтатиш» учун тил бириктиргани даъво қилинган. GARM асосчиларидан бири Роб Раковиц буни рад этди. 

Яккаринонинг сўзларига кўра, бу бойкот таъсири «X фойдаланувчиларини «глобал шаҳар майдончаси»дан маҳрум қилишга уринишдир». «Содда қилиб айтганда, одамлар ғоялар бозори бузилгани ва баъзи қарашлар бир хил даражада молиялаштирилмаганидан азоб чекишади», - дея қўшимча қилди X ижрочи директори.

GARM «ноқонуний ёки зарарли» контент монетизациясига қарши

GARM - Бутунжаҳон реклама берувчилар федерацияси (WFA) томонидан 2019 йилда ташкил этилган тармоқлараро ташаббус. GARM яратилишига бевосита сабаб Крайстчерч масжидларидаги отишма бўлиб, террорчи уни Facebook платформасида жонли эфирда намойиш этган. Йирик реклама берувчиларни бирлаштирган ташаббуснинг мақсади - муаллифлар монетизация қиладиган «ноқонуний ёки зарарли» контент ёнида реклама жойлаштиришни рад этиш . 

X’да нацизм ва антисемитизм бўйича можаролар

Media Matters нотижорат ташкилоти ўтган йилнинг 16 ноябрида Apple, Oracle ва IBM компанияларининг X’да Ҳитлер ва нацизмни мадҳ этувчи постлар ёнида кўрсатилган рекламаларига эътибор қаратди. Шундан сўнг Маск компанияси раҳбарияти Media Matters кўрсатган аккаунтлар «тозалангани» ва уларга рекламадан пул ишлаш тақиқлангани ҳақида хабар берди. Бу аккаунтлардаги нацистларни қўллаб-қувватловчи постлар «сезгир контент» сифатида белгиланган. 

Яна бир жанжал 2023 йил 15 ноябр куни Маск яҳудий жамоаларини «оқ танлиларга нисбатан нафрат»ни тарқатишда айблаган бошқа фойдаланувчининг твитини қўллаб-қувватлаганидан кейин бошланди. Яҳудий халқи «ўз мамлакатининг чўкиб кетишини қўллаб-қувватловчи озчилик қўшинлари уларни унчалик ҳам ёқтирмаслигини ташвишли англаб етмоқда», деб айтилган фойдаланувчи постида. Маск: «Сиз мутлақ ҳақиқатни айтдингиз», деб жавоб берди. Шундан сўнг Маск антисемитизмга қарши курашувчи Америка яҳудий ННТ бўлган Антидиффамацион лигани «оқ танлиларга қарши ирқчилик, осиёликларга қарши ирқчилик ёки ҳар қандай ирқчиликни амалда тарғиб қилишда» айблади. 

Мавзуга оид